Пезешкиён Трампга қарата: Эрон ҳеч қачон тиз чўкмайди

"Санкциялар, босимнинг кучайиши ва зўравонликка асосланган тазйиқлар қаршисида Эрон халқининг қаршилиги фақат кучаяди", деди Эрон раҳбари.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, "Санкциялар, босимнинг кучайиши ва зўравонликка асосланган тазйиқлар қаршисида Эрон халқининг қаршилиги фақат кучаяди", деди Эрон раҳбари.
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Президент Масъуд Пезешкиён АҚШ ва Исроил билан қарийб етти ойдан бери давом этаётган урушга қарамай, Эрон ҳеч қачон "тиз чўкмаслигини", аммо можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга тайёр эканини айтди.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг яқин орада келишувга эришилмаса, Ислом Республикасини "йўқ қилиб ташлаш" ҳақидаги таҳдидига жавобан Пезешкиён БМТ Бош Ассамблеясида шундай деди:

"Санкциялар, босимнинг кучайиши ва зўравонликка асосланган тазйиқлар қаршисида Эрон халқининг қаршилиги фақат кучаяди".

Пезешкиён, шунингдек, ҳар қандай келишув Эрон кемаларининг Форс кўрфазидаги муҳим сув йўлидан фойдаланишига тўсқинлик қилаётган АҚШ блокадасини бекор қилишни ҳам ўз ичига олиши шартлигини таъкидлади.

"Ҳамма Ҳўрмуз бўғозидан фойдаланиб, биз эса ундан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинадиган вазият бўлиши мумкин эмас", деди у.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Пезешкиён нутқини бошлаши билан зални тарк этган АҚШ делегацияси ҳозирча унинг сўзларига муносабат билдирмади.

"АҚШ президенти бизни террорчилар деб атади. Биз эса терроризм қурбонлари бўлганмиз", деди Эрон президенти Ню-Йоркдаги БМТ минбаридан.

Шундан сўнг у мамлакатнинг марҳум Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг суратини кўтарди. Хоманаий АҚШ ва Исроил феврал охирида Эронга қарши қўшма ҳужум бошлаган пайтда унинг қароргоҳига берилган зарба оқибатида ҳалок бўлган эди.

У, шунингдек, ўша куни Минабдаги бошланғич мактаб ва Ламерддаги спорт мажмуасига берилган ракета зарбаларида ҳалок бўлган тинч аҳоли вакилларининг суратларини ҳам кўрсатди.

Трамп, агар келишувга эришилмаса, Эрон ер билан яксон қилинишини айтди.
Сурат тагсўзи, Трамп, агар келишувга эришилмаса, Эрон ер билан яксон қилинишини айтди.
Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Эрон расмийларига кўра, бу икки ҳужумда 175 дан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган ва уларнинг учдан икки қисмини болалар ташкил этган.

АҚШ Ламердга зарба берганини рад этган ва Минабда нима содир бўлганини ҳали ҳам текшираётганини билдирган.

"Бегуноҳ халқимиз мамлакатимизга қарши амалга оширилган қўрқоқона ҳужумлар ва тажовузлар нишонига айланди. Биз эса ўзимизни бор кучимиз билан ҳимоя қилдик", деди Пезешкиён.

Чоршанба куни Ҳўрмуз бўғозида юк кемасига қилинган ҳужум оқибатида ҳиндистонлик денгизчи ҳалок бўлгани хабар қилинди. Бу ҳақда Франс Пресс ахборот агентлиги Умон ва Ҳиндистон расмийларига таяниб хабар берди.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги ҳужумни қоралаб, Ҳўрмуз бўғози орқали кемаларнинг тўсқинликсиз ҳаракатланишини тиклашга чақирди.

Феврал ойида Эрон АҚШ ва Исроилнинг кенг кўламли ҳаво ҳужумларига жавобан Исроил ҳамда АҚШ ҳарбий базалари жойлашган қўшни Форс кўрфази араб давлатларига ракета ва дронлар билан ҳужум қилди. Бу ҳужумларда одамлар ҳалок бўлди.

Хўрмуз бўғозидаги нотинчлик Трамп учун бошоғриққа айланган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳўрмуз бўғозидаги нотинчлик Трамп учун бошоғриққа айланган.

Эрон, шунингдек, одатда дунёдаги нефт ва газ ташувларининг бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғозини амалда ёпиб қўйди. Эрон Форс кўрфази, Уммон кўрфази ва Араб денгизида тижорат кемаларига ҳужум қилди.

Бунга жавобан АҚШ апрел ойида Эрон портлари ва кемаларига нисбатан блокада жорий қилди.

Июн ойида АҚШ ва Эрон урушни тугатиш ва бўғозни қайта очиш бўйича дастлабки келишувга эришди. Аммо Эроннинг кемаларга ҳужумлари қайта бошланиши ва АҚШ ўз блокадасини тиклаши ортидан бу келишув бир неча ҳафта ичида барбод бўлди.

Эрон Ҳўрмуз бўғози устидан маълум даражада назоратни сақлаб қолиш ва ундан фойдаланадиган кемалардан тўлов ундиришни истайди. АҚШ эса бунга қарши.

Сешанба куни БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Трамп олдида "катта қарор" турганини айтди: ё Эрон билан мамлакатни қайта тиклаш имконини берадиган келишув бўйича музокара олиб бориш, ёки "Ислом Республикасини йўқ қилиш ва буни тезда амалга ошириш".

Пезешкиён бу таҳдидни "зўравонликка асосланган тафаккур белгиси" деб атади.

"[Трамп] шуни билиши керакки, санкциялар, кучайтирилган босим ва зўравонлик қаршисида Эрон халқининг қаршилиги фақат кучаяди. Биз ҳеч қачон бош эгмаймиз ва тиз чўкмаймиз", деди у.

Pezeshkian
Getty
...sanktsiyalar, kuchaytirilgan bosim va zo‘ravonlik qarshisida Eron xalqining qarshiligi faqat kuchayadi. Biz hech qachon bosh egmaymiz va tiz cho‘kmaymiz.
Mas'ud Pezeshkiyon
Eron Prezidenti (bbc.com/uzbek)

Аммо у қўшимча қилди:

"Биз мулоқот, дипломатия ва музокараларга тайёрмиз, аммо куч ишлатиш тилини қабул қилмаймиз".

Пезешкиён ҳар қандай келишув доирасида АҚШ блокадаси бекор қилиниши шартлигини ҳам аниқ билдирди.

"Ҳамма Ҳўрмуз бўғозидан фойдаланиб, биз эса бу сув йўли орқали кема қатновидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинадиган вазият бўлиши мумкин эмас", деди у.

У, шунингдек, Эрон тинч мақсадларда ядровий дастурга эга бўлиш ҳуқуқидан воз кечмаслигини ва ядровий қурол ишлаб чиқишга интилмаслигини яна бир бор таъкидлади.

"Биз буни очиқ айтамиз: ядровий қуролга йўқ, тинч мақсаддаги ядровий технологияларга эса ҳеч қандай чеклов бўлмаслиги керак".

Трамп эса ўз нутқида уруш Эроннинг ядровий бомбага эга бўлишига йўл қўймаганини таъкидлаб, мамлакат раҳбарларидан "ядровий мақсадларидан воз кечишни" талаб қилди.

Сешанба куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва АҚШ вакили Стив Уиткофф Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Қатар воситачилари орқали билвосита музокара ўтказди.

Уиткофф июн ойидан бери илк бор ўтказилган бу музокаралар "конструктив ва умидбахш" бўлишига умид билдириб, воситачилар ўз ишларини давом эттиришини айтди.

Бироқ Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий музокаралар "янги нарса эмас"лигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Ароқчи Эроннинг аввалги шартларини, жумладан АҚШ блокадасини бекор қилиш ва Эроннинг музлатилган активларини озод этиш талабларини ўзгаришсиз қолдирган.