Ўзбекистон: Мирзиёев инвесторлар учун хавфсизлик кучайтирилишини талаб қилди. Видео

Сурат манбаси, Rasmiy
"Агар бирорта ғўддайган бойвачча пайдо бўлса, бирортангни кечирмайман"

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 сентябр куни ўтказилган йиғилишда хавфсизлик ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлиги ва бизнес ишончига бевосита таъсир қилишини таъкидлади. Бу ҳақда gazeta.uz нашри бир неча бор ёзган.
Унинг сўзларига кўра, агар ҳокимият тартибни таъминлай олмаса, фақат иқтисодий йўналишдаги ишларнинг ўзи етарли эмас.
"Жиноятчиликни жиловламас эканмиз, ишда барака бўлмайди, тадбиркорлар келмайди. Мана шуни билинглар", деди президент.
Мирзиёев инвесторлар нафақат мамлакатнинг иқтисодий имкониятларини, балки хавфсизлик даражасини ҳам баҳолашини таъкидлади.
"Ҳар бир тадбиркор ва компания олдин Ўзбекистон харитасини билади, аммо у ерда жиноятчиликни жиловлашга эришилган-эришилмаганини ҳам ҳисобга олади", деди у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларига мурожаат қилиб.
Президент тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар янада жадал ишлаши кераклигини таъкидлади.
"Халқимиз тинч яшаши учун биз икки карра кўп ишлашимиз керак. Одамлар ўз уйида эмин-эркин, ҳеч нарсадан ва ҳеч кимдан қўрқмасдан яшаши керак", деди у.
Мирзиёев, шунингдек, таъсирли ёки бой одамларнинг жазосиз қолишига йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.
"Агар бирорта ғўддайган бойвачча пайдо бўлса, бирортангни кечирмайман. Мана шуни ҳамма билиши керак. Давлат бор бўлиши керак. Ана шунда бизда бирлик ва ҳамжиҳатлик бўлади, одамлар бизга ишонади", деди давлат раҳбари.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
"Фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланган жойга инвестиция ҳам келади"

Сурат манбаси, Rasmiy
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Мирзиёевнинг жиноятчилик ва инвестициялар ўртасидаги боғлиқлик ҳақидаги фикрлари янгилик эмас. У аввал ҳам уюшган жиноий гуруҳлар фаолияти, тадбиркорларга босим ва қонун устуворлиги масалалари Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши ҳамда халқаро имижига таъсир кўрсатаётгани ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.
2025 йил декабр ойида Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида ҳам президент хавфсизлик ва инвестициялар ўртасидаги боғлиқликка эътибор қаратган эди.
"Тинчлик ҳукм сурган, қонун устувор бўлган, фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланган жойга инвестиция ҳам келади, бу ерда туризм ҳам ривожланади", деган эди у.
Шу билан бирга, давлат раҳбари ўзини қонундан устун қўяётган ва тадбиркорларга босим ўтказаётган жиноий гуруҳлар ҳақида огоҳлантирган.
"Лекин сўнгги пайтларда ўзини қонундан устун қўйган, тадбиркорларга босим қилиб, уларнинг бизнесини эгаллаб олишга ҳаракат қилаётган, иқтисодиётга жиддий путур етказадиган мураккаб молиявий жиноятларни содир этаётган айрим жиноий тўдалар ҳам кузатилмоқда", деган эди президент.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар инвесторлар ва тадбиркорлар учун ҳам хавф туғдиради.
«Ҳамма эшитиб олсин: бундай жиноий тўдалар фаолиятига чек қўйишга куч-қудратимиз етади ва буни албатта қиламиз! Ўзбекистонда фуқароларимиз, тадбиркорларимиз ва инвесторларни ҳар қандай вазиятда ҳам ишончли ҳимоя қиладиган давлат бор, Конституция бор, қонунлар бор!» деган эди давлат раҳбари.
Har bir tadbirkor va kompaniya oldin O‘zbekiston xaritasini biladi, ammo u yerda jinoyatchilikni jilovlashga erishilgan-erishilmaganini ham hisobga oladi.
Спортчилар уюшган жиноятчилик домига тушяптими?
Президентнинг жиноятчиликка қарши кураш ҳақидаги чиқишларида яна бир масала, айрим спортчиларнинг уюшган жиноятчиликка аралашиб қолаётгани ҳам тилга олинмоқда. Январ ойида ўтказилган йиғилишда Мирзиёев бу ҳолатдан жиддий хавотир билдириб, назоратни кучайтиришни талаб қилган эди. Ушбу хавотирлар ҳақида президент матбуот котиби Шерзод Асадов 27 январ куни ўзининг Telegram каналида ҳам ёзган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятини чеклаш бўйича сусткашликка йўл қўйилаётганини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, илгари фақат "кўча" деб кўрилган уюшган жиноятчилик бугун "бизнес ниқоби" остида даромадли соҳаларга кириб бормоқда.
Президент сўнгги пайтларда жиноий гуруҳлар олди-берди муносабатлари ва бизнес фаолиятига аралашиб, тадбиркорлар ҳамда инвесторларга таҳдид солаётганини қайд этди.
Шунингдек, давлат раҳбари ўтган йили пойтахтда ушланган уюшган жиноий гуруҳлар таркибида 259 нафар "оғир" тоифадаги ёшлар ва спортчилар бўлганини ўта ташвишли ҳолат деб атади.
"Спортчиларнинг аксарияти кўча безорисига айланиб кетаётгани, жойларда пул учун яширин жанглар ташкил қилиш ҳолатлари кўпайгани хавотирли", деди Мирзиёев. У мутасаддиларга бу йўналишда назоратни кучайтириш, жанговар спорт турлари билан шуғулланаётган ёшларни касбга ўқитиш ва иш билан таъминлаш бўйича тизим яратишни топширди.
Ўзбекларнинг чет элдаги жиноятлари обрўга путур етказяптими?
Шу билан бирга, давлат раҳбари жиноий гуруҳлар фаолияти мамлакат ташқарисида ҳам кузатилаётганидан хавотир билдирди.
"Энг ёмони, чет давлатларда ҳам ўзимизнинг фуқаролар уюшган гуруҳлар тузиб, юртимиздан борганларга нисбатан товламачилик, зўравонлик, тадбиркорлигига рахна солиш билан шуғулланяпти. Ўзбекларнинг чет элдаги оммавий муштлашувлари юртимиз обрўсига путур етказяпти", деди Мирзиёев.
Президент келтирган маълумотларга кўра, ўтган йилнинг ўзида чет элда оғир аҳволга тушган 3700 нафар фуқаро мамлакатга қайтарилган, 192 нафар фуқаро одам савдоси қурбонига айланган.
2025 йилнинг апрел ойида Дубайда Ўзбекистон фуқаролари иштирокидаги оммавий жанжал содир бўлган, натижада икки фуқаро ҳалок бўлган. 2026 йилнинг январ ойида БАА суди жанжалнинг саккиз иштирокчисини умрбод қамоқ жазосига, яна бири эса 25 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилган.
Хориждаги ўзбекистонликлар иштирокидаги жиноятлар охирги йилларда бир неча бор жамоатчилик эътиборини тортди. Яқинда Туркия суди икки нафар Ўзбекистон фуқаросини Истанбулда икки ўзбекистонлик аёлни ўлдирганлик учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Инвесторлар учун хавфсизликнинг ўзи кифоями?

Сурат манбаси, Taqdim
BBC Ўзбек Буюк Британияда жойлашган Central Asia Due Diligence таҳлил маркази асосчиси ва раҳбари Алишер Илҳомовдан хавфсизлик даражаси хорижий компанияларнинг инвестиция қарорларига қай даражада таъсир қилиши ҳақида сўради.
"Кенг маънода олганда, агар жиноятчилик тушунчасига коррупция, товламачилик, пора олиш ва шунга ўхшаш ҳолатлар ҳам киритилса, албатта таъсир қилади. Табиийки, оддий жиноятчилик ҳам муҳитга салбий таъсир кўрсатади - одамлар бундай мамлакатга боришни истамайди, қолаверса, унга сармоя киритишга ҳам шошилмайди", деди у.
У жиноятчиликнинг турли кўринишлари инвесторларнинг қарорларига турлича таъсир қилишини таъкидлайди, "Кўча жиноятчилиги, шахсий хавфсизлик ва шахсий ҳаёт дахлсизлигига таҳдид солувчи турли жиноий гуруҳлар фаолияти мавжуд. Шунингдек, давлат органларидаги коррупция билан боғлиқ ҳолатлар ҳам бор. Қонун устуворлиги, судьялар ва судлар мустақиллигининг етарли даражада таъминланмагани эса хорижий инвесторларга ўз мулкий ҳуқуқларини қонуний йўллар билан ҳимоя қилиш имконини бермайди".
Ўзбекистон фуқароларининг хориждаги жиноятлари ва айрим спортчиларнинг уюшган жиноятчиликка аралашуви мамлакатнинг халқаро имижи ҳамда инвесторлар ишончига қандай таъсир қилиши ҳақида ҳам Илҳомов ўз фикрларини билдирди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Агар юқори турувчи давлат органлари билан боғлиқ бўлмаган жиноий гуруҳлар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар ҳам таҳдид туғдириши мумкин, чунки товламачилик билан шуғулланиши мумкин. Бу инвесторларга нисбатан зўравонлик қўлланиши мумкинлиги ҳақидаги таҳдидлар билан боғлиқ товламачилик бўлиши мумкин", деди у. "Аммо, яна қайд этиш керакки, агар бу ҳодисаларни аҳамияти ва ҳаётда қай даражада учраши нуқтаи назаридан баҳоласак, албатта, биринчи ўринга давлат органларидаги коррупцияни қўйиш керак".
Унга кўра, энг аввало коррупциядан холи муҳит яратилиши керак. Бу, ўз навбатида, инвесторларга маблағларини хавфсиз киритиш ва бизнесни норасмий келишувларсиз юритиш имконини беради, дейди Алишер Илҳомов.
"Биз Каримов давридаги Гулнора Каримова билан боғлиқ машҳур воқеани яхши биламиз. У телекоммуникация соҳасига сармоя киритган компаниялардан пора талаб қилган. Натижада, маълумотларга кўра, олинган поранинг умумий миқдори бир миллиард доллардан ошган. Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, бу рақам тахминан 1,2 миллиард долларни ташкил қилади"деди у.
Алишер Илҳомовнинг айтишича, тадқиқотчи Крис Лайслет Гулнора Каримова фаолиятини жиноий синдикат сифатида тавсифлаган. Унинг фикрича, буни ҳам жиноятчиликнинг бир кўриниши сифатида баҳолаш мумкин.
Илҳомовнинг айтишича, суд тизими мустақил бўлмаган шароитда инвесторлар ўз бизнесини ҳимоя қилиш учун бошқа йўлларни излашга мажбур бўлади.
"Судлар ижроия ҳокимияти назорати остида, Ўзбекистонда бундай ҳолат кузатилади. Бу эса иқтисодиётга сармоя киритиб, бизнес бошлаган инвесторларни шундай яширин келишувларга мурожаат қилишга мажбур қилади. Улар ўз бизнесини ҳимоя қилиш учун турли "откат"лар ва поралар беришади, чунки ўз ишлари ёки шикоятлари судда кўриб чиқилиши орқали адолатга эриша олишларига ишонмайдилар", деди у.
Илҳомовнинг айтишича, бу муаммо давлат бошқарувидаги бошқа иллатлар - непотизм, манфаатлар тўқнашуви, қариндош-уруғчилик ва шу каби ҳолатлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
"Агар бу уюшган жиноий гуруҳлар туғдирадиган таҳдид даражасини ҳокимиятнинг юқори эшелонларидаги давлат коррупцияси туғдирадиган таҳдид даражаси билан таққосласак, албатта, айнан коррупция Ўзбекистонга халқаро инвестицияларни жалб қилиш учун анча катта таҳдид ҳисобланади", деди у.
Унинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати халқаро инвесторлар учун ҳақиқатан ҳам жозибадор мамлакатга айланишни истаса, асосий эътиборни коррупцияга қарши кураш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратиши лозим.





























