"Сохта ғалабалар": Россия ҳарбийлари СИ ёрдамида фронтдаги "ютуқлар"ни қандай сохталаштирмоқда?

Россия байроғини кўтариб турган россиялик ҳарбийларнинг учта суратидан тузилган коллаж.
    • Author, Олег Черниш
    • Role, BBC Украин хизмати
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россия армиясининг айрим бўлинмалари фронтда гўё олдинга силжиётганини кўрсатиш учун сунъий интеллект (СИ) ёрдамида сохта фото ва видеолар тайёрлаётгани айтилмоқда. Украина Қуролли кучлари қўмондонлигидаги Би-би-си манбалари ҳам бундай ҳолатлар кўпайганини тасдиқлаган.

Ушбу материал Би-би-си Украина хизмати мухбири мақоласи асосида тайёрланди.

Айни пайтда Россия қўшинларининг асосий тактикаларидан бири "инфилтрация", яъни кичик гуруҳларни Украина позициялари ораси орқали фронт ортига яширинча киритиш бўлиб қолмоқда.

Одатда икки-уч, баъзан тўрт-беш нафар ҳарбийдан иборат гуруҳ Украина мудофаа чизиғидан ўтиб, бино ёки бошқа пана жойда яширинади. Кейин эса дрон камераси олдида Россия байроғини намойиш этишга ҳаракат қилади.

Шундан сўнг Россия Мудофаа вазирлиги мазкур аҳоли пунктини "эгалланган" ҳудуд сифатида кўрсатиши мумкин. Украина томонининг таъкидлашича, кейинчалик бу ерга кирган ҳарбийлар йўқ қилинган тақдирда ҳам ушбу даъво ўзгармаслиги мумкин.

Бироқ кичик штурм гуруҳлари ҳам тегишли аҳоли пунктига етиб бора олмаган ҳолатларда бошқа усул қўлланаётгани айтилмоқда: сунъий интеллект ёрдамида Россия ҳарбийларининг тасвирлари гўё эгалланган қишлоқ ёки шаҳар манзарасига жойлаштирилади.

Россиялик ҳарбий СИ ёрдамида Святогорск манзарасига «жойлаштирилган».

Сурат манбаси, Telegram

Сурат тагсўзи, Россиялик ҳарбий СИ ёрдамида Святогорск манзарасига «жойлаштирилган».

"Шунда Россия ҳарбийлари ҳақиқий фронт чизиғидан 7–10 километр узоқликдаги қишлоқларни ҳам "эгаллагани" маълум бўлади. Аслида эса биз у ерларда уларни умуман кўрмаганмиз", дейди Би-би-сининг Суми йўналишидаги манбаси.

Шунга ўхшаш "илгарилаш" ҳақидаги материаллар Донецк, Харкив, Запорижжя ва Лиман йўналишларида ҳам тарқалган.

Шундай мисоллардан бири Святогорск шаҳри билан боғлиқ. Россия президенти Владимир Путин 1 сентябр куни шаҳар эгалланганини айтган. Тарқатилган видеода эса юзи ёпиқ ҳарбийнинг тасвири Святогорск кўчалари манзарасига сунъий тарзда қўшилгани аломатлари кўриниши айтилмоқда.

ISW нималарни аниқлади?

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) бу каби материалларни ўрганиб, сўнгги ойларда Россия ҳарбийлари ва ҳарбий блогерлари томонидан эълон қилинган ўнлаб шубҳали видеоларни аниқлаган.

ISW фикрича, бундай фото ва видеолардан асосий мақсад Россия фронтда ташаббусни ўз қўлида ушлаб тургани, Украина мудофаа чизиғи эса бутун фронт бўйлаб емирилаётгани ҳақида тасаввур уйғотишдир.

Шу билан бирга, таҳлилчилар бу амалиёт ҳозирча Россия армияси миқёсида марказлашган тизим эканини тасдиқловчи далиллар йўқлигини таъкидлайди.

"СИ ёрдамида таҳрирланган видеоларни тайёрлаш кенг кўламли ёки марказлашган ҳарбий амалиётдан кўра, айрим россиялик ҳарбий блогерлар ва бўлинмаларнинг ташаббуси бўлиб кўринади", дейилади ISW ҳисоботида.

Институт кузатувларига кўра, бундай видеолар 2026 йил июн ойидан бошлаб сезиларли даражада кўпайган.

1 июндан 30 августгача ISW сунъий интеллектдан фойдаланилган бўлиши мумкин бўлган камида 35 та видеони қайд этган. Текширувда қўлланилган тижорий дастурлар улардан камида 10 таси СИ ёрдамида ўзгартирилганини юқори ишонч билан кўрсатган.

Аммо ҳақиқий кўрсаткич бундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Чунки СИ орқали қилинган ўзгартишларни аниқлаш дастурлари барча манипуляцияларни ҳам илғай олмайди.

ISW бундай биринчи видеони 11 июн куни қайд этган. Июн охиригача камида саккиз, июл ойида 13 ва августда яна 14 та шубҳали материал тарқалган.

Таҳлилчилар фикрича, бу материаллар Россиянинг Украинадаги ғалабасини "муқаррар" қилиб кўрсатишга қаратилган ахборот ва когнитив урушнинг бир қисми бўлиши мумкин.

Текширув дастурлари айрим материаллар OpenAI компаниясининг Sora ва ByteDance компаниясининг Seedance каби генератив СИ моделлари ёрдамида тайёрланган бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Бу моделлар матн ёки мавжуд визуал материаллар асосида видео ярата олади.

Россиялик ҳарбий буталар орасида байроқни силкитмоқда.

Сурат манбаси, Telegram

Сурат тагсўзи, Харкив вилоятидаги Белий Колодез посёлкасида Россия ҳарбийлари борлигини кўрсатиш учун СИ ёрдамида яратилган видео.

Шубҳали видеолар қандай тарқатилади?

27 июл куни Россия тарафдори бўлган Divgen Telegram-каналида Харкив вилоятидаги Белий Колодез посёлкасининг шарқий қисмида россиялик ҳарбий байроқ кўтараётгани акс этган видео тарқалди.

Россия ва Украина манбалари видеодаги ҳарбий танасининг ғайритабиий нисбатлари ва унинг кадрдан тўсатдан ғойиб бўлиши СИдан фойдаланилганидан далолат бериши мумкинлигини билдирган.

3 август куни эса Россия Мудофаа вазирлиги ушбу аҳоли пункти эгалланганини маълум қилди.

24 августда Voin DV номли ҳарбий блогер Запорижжя вилоятидаги Долинка қишлоғида Россия ҳарбийлари байроқ кўтараётгани тасвирланган видеони тарқатди. Ундаги одамларнинг тана нисбатларида ҳам шунга ўхшаш нуқсонлар кузатилган. Ўша куни Россия Мудофаа вазирлиги Долинка эгалланганини эълон қилди.

Икки нафар ҳарбий вайрон бўлган бино ёнида Россия байроғини ёйиб турибди.

Сурат манбаси, Telegram

Сурат тагсўзи, Россия қўшинларининг Запорижжя вилоятидаги Долинка қишлоғини "эгаллаши" акс этган кадрлар. Видеода одамлар ва бинолар ўлчамлари ўртасидаги номутаносиблик кўринади. Бу СИдан фойдаланилганини кўрсатади.

Видеонинг сохта эканини қандай аниқлаш мумкин?

ISW маълумотларига кўра, бундай видеоларда СИ орқали яратилган объектларни аниқлашни қийинлаштириш учун камера тасвирини тез-тез яқинлаштириш, узоқлаштириш ва ён томонга ҳаракатлантириш усуллари қўлланади.

  • Шубҳали материалларда қуйидаги белгилар учрайди:
  • ҳарбийларнинг тана нисбатлари ғайритабиий кўриниши;
  • одам ёки объектнинг кадрдан кутилмаганда йўқолиши;
  • байроқ ва одамлар сояларининг атроф муҳитга мос келмаслиги;
  • кадрларнинг кескин алмашиши;
  • камеранинг бетартиб яқинлашиши ёки ҳаракатланиши;
  • ҳарбийнинг яқиндан олинган тасвири билан аҳоли пунктининг умумий манзараси монтаж орқали бирлаштирилиши.

ISW тахминича, айрим Россия манбалари фронт яқинидаги аҳоли пунктларини аввалдан тасвирга олиб, сўнг бу кадрлардан СИ моделлари учун асос сифатида фойдаланиши мумкин. Айрим ҳарбий блогерлар видеога харита ва географик мўлжалларни ҳам қўшади. Бу эса видеодаги жойни геолокация қилиш имконини беради, аммо кадрдаги ҳарбий ҳақиқатан ҳам ўша ерда бўлганини исботламайди.

Шу сабаб ISW бундай материалларни текширишда фақат геолокация билан чекланмай, кадрдаги ҳарбийлар, байроқлар, соялар ва бошқа визуал деталларни ҳам синчиклаб таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлайди.

Институт камида ўнта Россия полки ва бригадаси СИ ёрдамида ўзгартирилгани тасдиқланган ёки шубҳа қилинган видеоларда тилга олинганини қайд этган.

СИ орқали тайёрланган кадрлар ҳисоботларда ҳам ишлатилганми?

ISW маълумотларига кўра, бундай видеолар Россия ҳарбий қўмондонлигининг ҳисоботларида ҳам пайдо бўлган.

27 август куни Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Россия қўшинлари Славянск-Краматорск йўналишида муваффақиятга эришиб, Донецк вилоятидаги Пискуновка қишлоғини эгаллаганини маълум қилди.

Бироқ контентни текширувчи тижорий дастурлар Пискуновкада россиялик ҳарбийлар акс этгани айтилган бир нечта саҳна СИ моделлари ёрдамида ўзгартирилганини юқори ишонч билан кўрсатган.

3 ва 4 июл кунлари Константиновкада Россия ҳарбийлари байроқ кўтараётгани тасвирланган камида тўртта видео тарқалган. Уларда ҳам сунъий интеллектдан фойдаланилгани ҳақида шубҳалар пайдо бўлган.

ISW, шунингдек, бундай технология Украина қўшинларининг тасдиқланган ҳудудий ютуқларини инкор этиш учун ҳам ишлатилганини билдирган.

12 август куни Украина президенти Владимир Зеленский Александровск йўналишидаги қарши ҳужум операциялари натижасида 26 та аҳоли пункти озод қилинганини маълум қилди.

Орадан икки кун ўтиб, Россия манбаси ушбу ҳудудларнинг айримларида Россия ҳарбийлари ҳамон турганини кўрсатиши айтилган видеоларни тарқатди. Аммо текширув дастурлари Новониколаевка, Злагода, Приволное, Рыбное, Красногорское ва Новогригоровкада олингани иддао қилинган саҳналар сунъий интеллект ёрдамида ўзгартирилганини юқори эҳтимол билан кўрсатган.

Россия расмийлари ўз ҳарбийлари томонидан СИ ёрдамида таҳрирланган видеолардан фойдаланилгани ҳақидаги маълумотларни ҳозирча изоҳламаган.

Россия президенти Владимир Путин эса Россия армиясининг ҳужуми "ишончли тарзда" давом этаётгани ва қўшинлар барча йўналишларда олдинга силжиётганини таъкидлаган.