Sirojiddin media судида кутилмаган ўзгариш: жабрланувчилар даъволаридан воз кечаяптилар

Сурат манбаси, Sirojiddin media
Нафақат Ўзбекистон, балки халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва матбуоти эътиборига тушган самарқандлик блогер Сирожиддин Адилов устидан бораётган суд ишида бурилиш кузатилган.
Sirojiddin media асосчисига қарши қўзғатилган жиноят иши суди мажлисида қатнашаётган «Эзгулик» Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов бу ҳақда хабар берди.
Ташанов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, жиноят ишида "жабрланувчи" деб кўрсатилган шахслар Сирожиддин Адиловга қарши даъволаридан кечганлар.
Айни шу даъволар блогерни ҳибсга олишга, жиноят иши қўзғатилишига сабаб бўлган эди.
Ташанов хабар қилишича, энди Жиззах вилоятининг Мирзачўл туман судида қайта кўриш бошланган маҳкама ишида айрим жабрланувчилар даъволаридан воз кечганлар, Сирожиддин Адиловга нисбатан моддий ва маънавий талаблари йўқлиги ҳақида аризалар ёзиб берганлар.
Ташановга кўра, мазкур шахсларнинг мурожаатлари Сирожиддин Адиловга товламачилик айблови қўйилишига асос бўлган.
Мирзачўл судида прокурор музокараларга тайёр эмаслигини билдирган.
Кейинги суд мажлиси 24 сентябрга қолдирилган.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
"Sirojiddin Media" канали муаллифи Сирожиддин Адилов март ойида молиявий баҳсни ҳал қилиб беришни ваъда қилиш билан пора олганликда айбланиб Самарқандда ҳибсга олинганди.
Блогернинг ҳибсга олиниши унинг фаолиятига боғлиқлиги ҳақидаги кучли тахминларни юзага чиқарди.
Сирожиддин Адилов Фарғона вилояти Фурқат туманидаги мактаб директори Гулираъно Қосимованинг ИИБ ходимларидан томонидан таҳқирланиш ишини фаол ёритиб келаётганди.
Қосимованинг ИИБ ходимлари томонидан мажбурлаб ечинтирилгани ва суратга олингани ҳақидаги даъволари судда тасдиғини топиб, Фурқат туман ИИБ раҳбари ва ёрдамчиси айбдор деб топилди.
Аммо Гулираъно Қосимова бу ишга алоқадор дея яна тўққиз нафар ходимнинг жазоланишини талаб қилди.
Адиловга қарши қўзғатилган жиноий иш унинг Қосимова ишини фаол ёритгани учун Ички ишлар тизими томонидан олинаётган қасос деган фаразларни ўртага чиқарди.
"Уни Пастдарғом суди дастлаб ЖКнинг 211-моддаси (Пора бериш) билан қамаганди, бу модда тергов давомида тасдиқланмади, олиб ташланди. Тергов органи эса уни қамоқда олиб қолиш учун унга ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик)ни қўшди. Сирожиддин ишида мутлақо таркиб бермайдиган мазкур айблов унинг ноқонуний ушлаб турилишига асос бўлмоқда. Ҳолбуки, 11 июн куни Сирожиддиннинг қамоққа олинганига 90 кун тўлди, у ҳозирда ноқонуний равишда қамоқда қолмоқда», - деганди ҳали маҳкама бошланмасидан олдин Абдураҳмон Ташанов BBCга.

Адвокати жиноят иши ҳужжатлари билан танишиб чиқиб, Uzdplomat нашрига айтишича, Адиловни қамоққа олиш чораси 10 март куни чиқарилган, унга қарши аризаларнинг аксарияти эса 20 ва 23 март кунлари олинган.
Адилов иши Жиззах шаҳар судида судя Санжар Расулов раислигида 20 июлда бошланди.
Август ойи охирида Санжар Расулов Навоий вилоят судига ўтказилгани хабар қилинди.
Бу дегани, энди иш судда тўлиқ қайтадан кўрилиши, бошқа судя жиноят ишини қайтадан ўрганиши лозим.
Судяни ўзгартириш қарори танқидларга сабаб бўлди, собиқ парламент депутати ва блогер Расул Кушербаев "инсон тақдири ўйинчоқ эмас" деб ёзди:
"Яна қанча сарсонгарчилик, мубҳам вазият ва курашлар".
"Шов-шувли ишлар"
Сирожиддин Адиловнинг иши 2026 йилда Ўзбекистонда журналистлар ва блогерларга нисбатан қўзғатилган қатор шов-шувли жиноят ишларидан биридир.
Шу йил январ ойида таниқли Taftish.uz веб нашри журналистлари ҳибс қилиндилар.
Улар товламачилик ва фирибгарликда айбланганлари хабар қилинди.
Ўша пайтда Хорамздаги Qonun doirasida лойиҳаси раҳбари Фурқат Рўзметов ва таҳририят ходими Азамат Авезов ҳам ҳибсга олинди.
Январь ойида Марғилон шаҳар суди журналист Элёр Тожибоевни тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди.
Февраль ойида Demokrat.uz раҳбари Фазлидинхон Меҳмонов ва блогер Азиз Ғойибназаровга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Тергов версиясига кўра, улар обрўсизлантирувчи видеороликни ўчириб ташлаш эвазига пул талаб қилганлар.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:





























