Қайноқ чой ва қаҳва қизилўнгачга зарар етказиб, саратон хавфини ошириши мумкин

choy

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Мишел Робертс
    • Role, BBC News
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Буюк Британияда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, чой ва қаҳва каби ичимликларни мунтазам равишда жуда иссиқ ҳолда истеъмол қилиш қизилўнгач саратони деб аталадиган касаллик хавфини оширади.

Олимларнинг айтишича, қарийб бир миллион киши иштирок этган изланиш натижалари бу боғлиқликни аниқлашга қаратилган энг йирик тадқиқот ҳисобланади.

Тадқиқотда ичимликларни "жуда иссиқ" ҳолда ичадиганларда "илиқ" чой ёки қаҳва истеъмол қиладиганларга нисбатан қизилўнгач саратонига чалиниш хавфи қарийб уч баробар юқори бўлган. Бироқ мутахассислар бу саратонга чалинишнинг умумий эҳтимоли пастлигини таъкидламоқда.

Жуда қайноқ суюқлик ошқозонга тушаётганда қизилўнгачнинг ички ҳужайра қатламига зарар етказиши мумкин.

Қайноқ ичимликлар

qaynoq idish

Сурат манбаси, Getty Images

Оксфорд университети тадқиқотчилари томонидан ўтказилган ва "International Journal of Cancer" журналида чоп этилган тадқиқотда ҳарорати 65 даража ёки ундан юқори бўлган ичимликлар "жуда иссиқ" деб баҳоланган ва улар потенциал хавф туғдириши мумкинлиги айтилган.

977 282 нафар ўрта ёшли эркак ва аёлнинг маълумотлари таҳлил қилинган тадқиқотга кўра, кунига олти ёки ундан кўп марта иссиқ ичимлик истеъмол қилиш ҳам хавфни оширади.

Ичимликка сут қўшиш уни бироз совитиши мумкин. Аммо тадқиқотчиларнинг айтишича, сут қўшилган чой ёки қаҳванинг ўзи ҳам ҳали жуда иссиқ бўлиши мумкин.

Чойнакдаги сув тўлиқ қайнагандан кейин дарҳол дамланган чойнинг ҳарорати 100 даражагача — сувнинг қайнаш нуқтасига — етиши мумкин. Чой пиёлага қуйилганда эса унинг ҳарорати тахминан 90–95 даражага тушади.

Мутахассислар ичимликни ичишдан олдин бир неча дақиқа кутишни, уни хавфсизроқ ҳароратгача совитишни тавсия қилмоқда.

Cancer Research UK хайрия ташкилоти иссиқ ичимликни қанча вақт совитиш кераклигини аниқ айтиш қийинлигини билдирган.

"Аммо агар хавотирда бўлсангиз, ичимлик ҳали жуда иссиқ пайтида ичишдан кўра, уни бемалол ичиш мумкин бўлган ҳароратгача совишини кутишни тавсия қиламиз", — дейди ташкилот.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Тадқиқотнинг етакчи муаллифи доктор Керен Папе Жанубий Америкада, кўпчилик мате деб аталадиган жуда иссиқ гиёҳли ичимликни истеъмол қиладиган ҳудудларда ўтказилган тадқиқотларда ҳам иссиқ ичимликлар билан қизилўнгач саратони ўртасида шунга ўхшаш боғлиқлик аниқланганини айтди.

Аммо у: "Энди бу хавфнинг ошиши билан боғлиқ бўлган ичимликларнинг аниқ ҳароратини аниқлаш учун қўшимча тадқиқотлар зарур", — деди.

Алоҳида ўтказилган тадқиқотда турли хил қора қаҳваларни бир неча марта татиб кўрган 118 нафар ёш катта ёшли инсон иштирок этган. Уларнинг аксарияти қаҳва ҳарорати 70 даража ёки ундан юқори бўлгандагина ичимликни ҳаддан ташқари иссиқ деб ҳисоблаган.

Ичимликни олиб кетиш учун мўлжалланган қаҳва стаканларини ишлаб чиқарувчи компаниялардан бирининг маълумотига кўра, йўл-йўлакай ичиладиган иссиқ қаҳва учун энг мақбул ҳарорат 49–60 даража оралиғида.

MTPak Coffee компанияси маълум қилишича, агар мижоз қаҳвани узоқроқ вақт иссиқ сақлашни ёки "жуда иссиқ" қаҳва тайёрлашни сўраса, уни 82 даражадан юқори ҳароратда бериш мумкин.

Умумий хавф кичик

Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар одамлар жуда иссиқ ичимликлар ичишни тўхтатса, қизилўнгач саратони ҳолатларининг тахминан ҳар ўнтасидан бир ёки иккитасининг олдини олиш мумкин.

Қизилўнгачнинг ясси ҳужайрали саратони кам учрайди ва ҳар йили бир неча минг кишида аниқланади. Буюк Британияда аҳолининг тахминан 1 фоизида умр давомида ушбу саратон тури ташхис қилиниши хавфи бор.

Шунинг учун жуда қайноқ ичимликлар саратон хавфини ошириши мумкин бўлса ҳам, инсоннинг ушбу касалликка чалиниш эҳтимоли барибир паст.

Бундан ташқари, чекиш каби бошқа омиллар ҳам борки, улар қизилўнгач саратони учун анча катта хавф туғдиради.

Тадқиқотни молиялаштирган Cancer Research UK ташкилоти вакили Фиона Осгун: "Ушбу саратон тури хавфини камайтиришнинг энг муҳим йўллари — чекмаслик ва алкоголни камайтириш", — дея таъкидлади.

Қизилўнгач саратони белгилари орасида жиғилдон қайнаши, ҳазм бузилиши ёки томоқ ва кўкрак соҳасида оғриқ, шунингдек, вазн йўқотиш бўлиши мумкин.