Қирғизистон "хўжайини", чегара ва 15 кунлик эркинлик - Мирзиёев Чўлпон-Отада нималарга эришди?

Сурат манбаси, Rasmiy
- Author, Санжар Эралиев
- Role, bbc.com/uzbek
- Reporting from, Бишкек
- Published
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари қайта жонланганига қарийб ўн йил тўлган бир пайтда, Шавкат Мирзиёев қўшни мамлакатга иккинчи давлат ташрифини амалга оширди. Иссиқкўл соҳилида дабдаба билан кутиб олинган Мирзиёевнинг айрим баёнотлари жамоатчиликда баҳс очган бўлса-да, эришилган келишувлар таҳлилчилар диққат марказида турибди.
Иссиқкўл соҳилидаги дабдаба
Ташриф 30-31 июл кунлари пойтахт Бишкекдан 260 км олисдаги Чўлпон-Ота шаҳрида бўлди.
Иссиқкўл соҳилидаги байрамона муҳит: қирғиз ўтовлари билан безатилган кутиб олиш майдони, қизлар ижро этган миллий рақс ва концертлар, отлиқ фахрий қоровул, қўлида бургут кўтарган қушбегилар, овчи итларини етаклаган йигитлар ва қум ҳамда майсалар устига ёйилган қизил гиламлар… Ўзбекистон раҳбари ва унинг рафиқаси ана шундай кутиб олинди.
Музокаралар давомида Шавкат Мирзиёевнинг қирғизистонлик амалдорлар билан мулоқотда Садир Жапаровни "Қирғизистоннинг хўжайини" деб аташи ижтимоий тармоқларда турли баҳсларга сабаб бўлди. Айримлар буни Қирғизистон раҳбарига берилган юқори баҳо деса, бошқалари "хўжайин" тушунчаси демократик жамият тамойилларига мос келмаслигини айтиб, баёнотни танқид остига олдилар.
"Ҳурматли биродарим, қадрли дўстим Садир Нургожоевич Қирғизистон президенти лавозимига киришганида, мен биринчи куниёқ табриклаган эдим. Ўша куннинг ўзидаёқ Қирғизистонга хўжайин келганини тушунганман" – деди у.
Олий даражадаги музокараларда томонлар номидан асосан эркаклар иштирок этиб, икки мамлакат давлат ва ҳукумат тузилмаларида раҳбар аёлларнинг камлиги кўзга ташланди.
Биринчи хонимлар Зироатхон Мирзиёева ва Айгул Жапарова эса ташрифнинг асосан маданий ва ижтимоий тадбирларида ардоқли меҳмон сифатида ҳамроҳлик қилишди.

Сурат манбаси, Rasmiy
Президент Мирзиёевнинг давлат ташрифидан уч кун ўтиб, илгари Ўзбекистон таркибида бўлган Чўнгара ва Тоштепа қишлоқларини расман Қирғизистонга топшириш жараёни бошланди.
3 август куни икки давлат вакиллари аҳоли билан тушунтириш ишларини ўтказди. Яқин орада 2500 нафар кишига Қирғизистон фуқаролиги берилиши кутилмоқда. Қирғиз расмийларининг билдиришича, қишлоқ аҳолиси қайси давлат фуқаролигини танлашни ўзлари ҳал қилишади. Айни пайтда мутахассислар ҳар бир турғун билан яккама-якка суҳбат ўтказмоқда.
Ушбу қарор ҳақида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг июн ойида Қирғизстонга қилган хизмат сафари чоғида эълон қилинган эди. Мазкур қишлоқлар эвазига Қирғизстон томони Ўзбекистонга чегара ҳудудидан тенг майдонда ер ажратгани айтилган.
Бишкек алмашилган ерлар майдони 236 гектар эканини маълум қилган. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати порталида ёки расмий ижтимоий тармоқ саҳифаларида бу борада ҳали маълумот берилганича йўқ.

Сурат манбаси, Rasmiy
Қирғизстон Вазирлар Маҳкамасининг чегара масалалари бўйича вакили Назирбек Бўрубоев BBC мухбирига бундай изоҳ берди:
"Келишувга кўра, биз икки қишлоқни қабул қилиб олдик ва эвазига тенг миқдорда ер ажратдик. Қанча гектар олган бўлсак, айнан шунча майдон бердик. Ҳозирда комиссия иш олиб бормоқда. Ер майдони Ўзбекистоннинг Риштон туманига туташ ҳудуддан, соддароқ айтганда, Бўрганди массивининг чегара қисмидан ажратилди. Бу аҳоли яшамайдиган, сув чиқмайдиган лалми ва яйлов ерларидир".
"Хотирамизда маълум қора доғлар бор"
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Сўнгги йилларда Тошкент ва Бишкек ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада ўзгарган. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Facebook саҳифасида ёзишича, бугунги муносабатлар мазмунини 2000-йиллардаги вазият билан таққосламай туриб баҳолаб бўлмайди.
"Маълум бир муддат Ўзбекистоннинг барча қўшни давлатлари билан муносабатлари ўта таранг, совуқ, салбий ва вақти-вақти билан очиқ конфронтацион эди. Масалан, 2000–2010 йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегаралари нафақат давлатлараро, балки тўлақонли катта геосиёсий тирашув чизиқлари ҳам эди. Ўзбекистон ғарбга ориентир олди, Қирғизистон эса КХШТ аъзоси эди. Кечаги Туркистон геосиёсий парчаланган эди, Марказий Осиё пароканда эди, туркий дунё ва минтақа мусулмонлари бўлинган ва ўзаро тирашувда эди. Миллатларнинг хотираси ўн йилликларда, асрлар давомида шаклланади. Хотираларимизда маълум қора доғлар бор", - деб ёзди у.
Мустақилликнинг дастлабки ўн йилликларида икки мамлакат алоқалари асосан чегара, хавфсизлик ва сув ресурслари атрофидаги келишмовчиликлар билан боғлиқ бўлиб келган. Айниқса, Фарғона водийсидаги мураккаб чегара чизиғи, анклавлар, ўтказиш пунктларининг тез-тез ёпилиши ва одамлар ҳамда товарлар ҳаракатига қўйилган чекловлар муносабатларни мураккаблаштирган эди.

Сурат манбаси, facebook.com/rabbimov.kamoliddin
Келишувлар ва чегарадаги енгилликлар
Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшовчи 60 ёшли Насибахон Ғофурованинг ака-ука ва опа-сингиллари Қирғизистонда истиқомат қилади. У аввал қариндошларини кўргани борганда доим 5 кунлик рўйхатдан ўтиш тартиби муаммо туғдирганини айтади.
"Энди 15 кун бемалол юрсак бўларкан. Шундай хабарни эшитиб, қувониб турибман", - деди у BBC мухбирига.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида визасиз режим мавжуд. Бироқ у мамлакатда рўйхатдан ўтмасдан хоҳлаганча юриш ҳуқуқини бермайди. У ёки бу давлатга ўтганлар беш кун ичида рўйхатга туриши шарт эди.
Чўлпон-Отадаги музокаралар якунида имзоланган 12 та ҳужжат айнан Насибахон каби минглаб чегараолди аҳолисининг турмушига бевосита таъсир қилувчи қарорларни ўз ичига олади.
Президент Садир Жапаров музокаралардан кейинги баёнотида чегара масалалари ва улар билан боғлиқ амалий ўзгаришларга алоҳида тўхталди:
"Чегара бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Биз чегара масалаларини тўлиқ якунладик, ўтказиш пунктлари сонини 15 тадан 30 тагача кўпайтирдик, икки давлат фуқароларининг бир-бирининг ҳудудида бўлиш муддатини 15 кунгача узайтирдик ва Андижон шаҳрида Қирғизистон Бош консулхонасини ташкил этиш масаласини қўллаб-қувватлаймиз. Бу фуқароларнинг рўйхатдан ўтиши, савдо, транзит, логистика, маданий-гуманитар алоқалар, туризм ҳамда чегараолди ҳудудларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсиши учун қулай шароит яратишга қаратилган муҳим амалий қадамлардир".
Ташриф чоғида узоқ йиллар давомида баҳсли бўлиб келган Чашма булоғи бўйича ҳам келишувга эришилди. 2025 йил май ойида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ўша пайтдаги раиси Қамчибек Ташиев чегара делимитациясидан сўнг булоқ Қирғизистон ҳудудига ўтганини маълум қилган эди. Бу сафар томонлар мазкур манбадан биргаликда фойдаланиш бўйича алоҳида ҳужжат имзоладилар.
Чашма булоғи Ўзбекистоннинг Сўх эксклави ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти (Чечме қишлоғи) чегарасида жойлашган бўлиб, узоқ йиллар давомида икки томон ўртасидаги энг нозик ва зиддиятли ҳудудлардан бири эди.

Сурат манбаси, Rasmiy
Иқтисодий манфаатлар ва хавотирлар
Музокараларда иқтисодий ҳамкорлик ҳам асосий мавзуга айланди. Шавкат Мирзиёев ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларга етганини айтиб, бу кўрсаткични яқин йилларда 3 миллиард долларга чиқариш вазифасини қўйди.
"Бу жуда катта сумма. Жамоам бу мақсадни 2030 йилга қолдирмаслиги учун атайлаб таъкидлаяпман. Уни кейинги бир-икки йилга белгилашимиз керак. Чунки ҳамкорлигимизнинг кўплаб стратегик йўналишларида мустаҳкам пойдевор яратдик. Кечаги бизнес-форум доирасида энергетика, электротехника, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик соҳаларида янги лойиҳалар бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, хомашё ресурсларини биргаликда ўзлаштириш бўйича аниқ режаларни белгиладик ва бу каби лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Қўшма тараққиёт жамғармаси имкониятларидан самарали фойдаланишга келишиб олдик".
Аммо иқтисодий интеграциянинг тезлашуви ҳамма томонидан ҳам бир хил қарши олинмаяпти. Қирғизистонлик иқтисодчи Жамин Акималиевнинг фикрича, савдо алоқаларининг кенгайишидан асосий фойдани ҳозирча Ўзбекистон олмоқда:
"Ҳозирги жонланаётган алоқалардан, биринчи навбатда, Ўзбекистон фойда кўрмоқда. Илгари чегаралар ёпиқ бўлган пайтда аҳолимиз ўзимизни сабзавот ва мевалар билан тўлиқ таъминлар, нархлар ҳам арзон эди. Чегаралар очилгач, Ўзбекистондан арзон ва эртапишар сабзавот-мевалар Қирғизистон бозорини эгаллади. Чунки у ерда иқлим иссиқроқ бўлгани учун маҳсулотлар эртароқ пишади. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизга зарар келтирмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Қирғизистон гўштига ҳам катта қизиқиш билдирмоқда. Аммо бу масалада эҳтиёт бўлиш зарур, чунки ўзимизда ҳам гўшт нархи анча қимматлашиб кетган. Албатта, бу муаммолар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни чеклаш кераклигини англатмайди".
"Қамбаротани тезлаштиришимиз керак"
Мирзиёев қирғизистонлик мулозимлар билан мулоқот қилар экан, "Қамбаротани тезлаштиришимиз керак" дея қатъий таъкидлади. Бишкеклик сиёсий эксперт Руслан Ақматбек буни BBC мухбирига шарҳлар экан, Тошкентнинг ушбу йирик энергетика лойиҳасини амалга оширишдан манфаатдор экани ва уни жадаллаштириш истаги яққол кўрингани билан изоҳлади.
Марказий Осиё учун сув-энергетика соҳасидаги энг йирик ва муҳим лойиҳалардан бири саналмиш "Қамбарота-1" ГЭСи минтақадаги сув ресурсларини бошқариш ва электр энергияси тақчиллигини бартараф этишда стратегик аҳамиятга эга.
Ислом Каримов даврида Ўзбекистон бу лойиҳага кескин қарши чиққан эди. Ушбу позиция йирик тўғон қурилиши Фарғона водийсига келадиган сув ҳажмини камайтириши ва қишлоқ хўжалигига зарар етказиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ҳамда хавфсизлик омиллари билан боғлиқ бўлган. Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Тошкент ушбу позициясини ўзгартирди ва эндиликда ГЭС қурилишида Қирғизистон билан биргаликда иштирок этмоқда.
Bir-birimizni to‘liq tanib yetganimizcha yo‘q. Har bir mamlakat o‘z manfaatlarini oldinga surmoqda, ammo yagona mintaqaviy rivojlanish darajasiga hali o‘ta olganimizcha yo‘q.
Руслан Ақматбек Чўлпон-Ота музокараларини икки томонлама рамкадан кенгроқ, яъни бутун Марказий Осиёдаги транспорт, сув-энергетика ва чегара хавфсизлиги тизимига таъсир қилувчи омил деб баҳоламоқда:
"Ўзбекистон бизга яқин қўшни, қардош мамлакат эканини охирги йиллардагина ҳис қила бошладик. Тарихий хронологияга назар ташласак, мустақилликка эришганимиздан бери икки тарафлама муносабатлар жуда мураккаб кечган. Айниқса, Каримов даврида чегара масалаларида алоқалар ниҳоятда ёмонлашган, иқтисодий ҳамкорлик ноль даражада эди. Ҳатто бир пайтлар мен "Қирғизистон ва Ўзбекистон эълон қилинмаган уруш ҳолатидами?" сарлавҳали мақола ҳам ёзгандим. Энди эса изоляциядан икки томонга ҳам манфаатли бўлган ҳамкорлик босқичига ўтдик".
Шу билан бирга, эксперт минтақавий интеграция йўлида все ҳануз тўсиқлар борлигини таъкидлайди:
"Биз ҳануз бир-биримизни тўлиқ таниб етганимизча йўқ. Муштарак қадриятларимиз нималардан иборат ва бизни айнан нималар бирлаштириб, ҳамкорликка ундамоқда, бунга аниқ жавоб бера олмаймиз. Ҳар бир мамлакат бевосита ўз манфаатларини олдинга сурмоқда, аммо ягона минтақавий ривожланиш даражасига ҳали ўта олганимизча йўқ".

Сурат манбаси, Rasmiy
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевга I даражали "Манас" орденини топширди. Расмий Бишкек давлат мукофоти икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш ҳамда икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун берилганини билдирди. Шавкат Мирзиёев ушбу орденни шерикликни мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга берилган юқори баҳо сифатида қабул қилишини таъкидлади.
Ўзбекистон-Қирғизистон алоқалари Ислом Каримов президентлик даврида совуганди. Турли сиёсий-ижтимоий сабаблар туфайли Тошкент чегараларни йиллар мобайнида ёпиб қўйганди.
Мирзиёев Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида Марказий Осиё ва Озарбайжон президентларининг норасмий саммитида ҳам иштирок этди. Ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган саммитга тўпланган президентлар янги халқаро майдонда голф ўйнашди. Шунингдек, Иссиқкўлда ўтказилган Формула-1 сув мусобақаларининг фахрий меҳмони бўлишди.





























