Ўзбеклар ҳам қабул қилган одатни илм-фан ўрганди

Сурат манбаси, GettyImages/Uriel Sinai
Ўзбекистон ва қарийб бутун Осиёда аксар одамлар ҳеч қачон оёқ кийимни қаерда ечиш керак, деган саволни ўзларига беришмаса керак. Чунки бу ёзилмаган одоб қоидаси саналади.
Яқинда BBC худди шу одатга илмий жиҳатдан назар ташлади ҳамда оёқ кийим билан уй ичида юриш ва аксинча, ичкари киришдан олдин пойабзални ечиш оқибатларини ўрганишга интилди.
BBC кўчада кийилган оёқ кийимини Англиядаги Брайтон университети микробиология лабораториясига олиб борди.
Текширув натижаси

Олимлар пойабзал юзаси ва тагига пахтали таёқча суриб, намуналар олишди ва уни 24 соат агарли идишга солиб қўйишди.
Бир кеча-кундуздан сўнг нималар топилганини билишга қизиқдик.
Намунадан олтинранг стафилококк топилди.
"Бу соғлом одамларга ҳам ёмон таъсир қилади" - дейди микробиолог Сара Питт.
"Хусусан, зотилжам каби касалликларга етаклаши, иммунитети заифлашган инсонларда эса қонга тушадиган инфекцияларга сабаб бўлиши мумкин".
Унинг айтишича, пойабзалда топилган бактериялар бир неча кун давомида тирик қолиши ва одамларга касаллик юқтириши эҳтимоли йўқ эмас.
Айниқса илиқ шароитда, гиламларда яшовчан бўлади. Уй ичи эса одатда илиқ бўлади ва аксар хоналарда гилам тўшалади.
"Дунё бўйлаб эса бошқа бактериялар, замбуруғлар ва паразитлар бўлиши мумкин" - дейди микробиолог.
Бугун дунёнинг турфа нуқталарини назарда тутсак, ташқарида нафақат турли касаллик тарқатувчи бактериялар, балки заҳарли кимёвий моддалар ҳам бўлиши мумкин. Ва улар оёқ кийимга илашмайди, деган кафолат йўқ.
Оёқ кийимга оид одатлар
Ғарбда, хусусан, Европа ва Америка қитъасидаги давлатларда кўпчилик ичкарида ҳам оёқ кийимини ечмайди.
Лекин Осиё ва Африканинг кўплаб мамлакатларда одамлар уйга оёқ кийимда киришмайди.
Ўзбекистонликлар, масалан, уйга киргунча ё ҳатто ховлида тўшалган кўрпачага ўтиргунча, одатий тарзда пойабзалини ечишга одатланганлар.
Бу одат ҳатто юзлаб одам тўпланадиган тўй ёки таъзияда ҳам сақланади.
Баъзи узрли ҳолатларни истисно этганда, ҳеч ким пойабзалда ичкари кирмайди.
Ғарбда эса оёқ кийимни қаерда ечиш керак, деган савол энди кун тартибига чиқмоқда.
Одамлар уйда пойабзални ечиш керакми, деган саволни беришмоқда.
Айрим ғарбликлар уйда ҳам кўчада кийилган оёқ кийими билан юриш одатидан воз кеча бошлашяпти.
Bu zotiljam kabi kasalliklarga, immuniteti zaiflashgan insonlarda esa qonga tushadigan infeksiyalarga sabab bo‘lishi mumkin
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Кундалик одатлар табиат ҳамда иқлим шароитларига мос тарзда юзага келиши, иқтисодий аҳвол ва диний ёки маданий анъаналарга қараб ўзгариши эҳтимоллари катталиги айтилади.
Илм-фан ривожланиши билан кўп одатлар фойда ва зарарига қараб, ё янги ҳудудларга ёйилади, ё йўқолиб боради.
Афтидан, уй ичида оёқяланг юриш одати эндиликда янгидан-янги қитъа ҳамда мамлакатларга кириб бориши.
Британияда, масалан, хонадонларга бориб ишлайдиган усталар ва муҳандислар эндиликда оёқ кийимлари устидан махсус қоплама кийишади.
Бироқ бир мартали қопламалар табиат учун зарарли бўлиши, қайта-қайта ишлатиладигани эса худди оёқ кийим каби ўзида турли бактерия ва касалликларни ташиши мумкинлиги айтилади.
Хуллас, яқин орада бутун дунё уй ичида пойабзалсиз юра бошлаши ҳам оддий одатий ҳолга айланиши эҳтимоли йўқ эмас.
































