Ўзбек алифбоси билан бирга Ўзбек тили ҳам ўзгармоқдами?

Саида Мирзиёева, Ўзбекистон харитаси ва ёзувлар коллажи.

Сурат манбаси, Rasmiy/BBC (kollaj)

Сурат тагсўзи, Саида Мирзиёева ҳам алифбо масаласига эътибор қаратган.
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбек тили алифболарининг ўзгариши тил талаффузини ҳам ўзгартирмай қолмайди. Бу жараённинг қандай ижобий ё салбий жиҳатлари бўлиши мумкин?

Охирги йиллари ишлатиб келинган ва ҳозирда ўзгараётган Лотин ёзуви асосидаги Ўзбек алифбоси Совет давридан мерос қолган айрим товушларнинг тилдан йўқолишига ҳам йўл очади.

Дейлик, Ўзбек тилига хос бўлмаган юмшатиш белгиси ёки "ц" товушидан воз кечилган.

Лотин ёзувида савод чиқарган ва рус тилида гапирмайдиган ёш Ўзбеклар учун "ц" товуши деярли мавжуд эмас. Улар сирк, сиркул ё ваксина деб айтишади.

Худди шундай палто, ноябр ёки июн сўзларини айтиш учун муайян ундошларни юмшатишмайди.

Айни пайтда, сентябр ёки октябр каби сўзлар ҳам Ўзбек тили талаффузига яқинрок тарзда сентабр ё октабр шаклида ёзилаётганини ҳам учратиш мумкин.

Хуллас, қайсидир маънода Лотин ёзуви тилдаги сунъий ҳарфлар ёки Ўзбек халқи талаффузига зид бўлган товушларни йўқотди.

Айни пайтда, Ўзбек адабий тилидаги кўплаб ўзлаштирма сўзларнинг ёзилиши ҳамон халқ талаффузидан узоқ қолмоқда.

Дейлик, аксарият Ўзбеклар гапирганда, валасапит, утуг ёки мошин дейди, бироқ адабий тилда бу сўзлар Ўзбек тили талаффуз қоидалари эмас, балки Рус тилидаги аслига мослаб велосипед, утюг ёки машина шаклида ёзилади.

Дунёдаги аксар йирик тиллар хорижий сўзни қабул қилганда, фақат ўз халқи талаффузига мослаб олади.

Масалан, Рус тилида демократия, Инглиз тилида democracy, Испан тилида democracia ва Турк тилида demokrasi тарзида шу халқларнинг тил ҳамда талаффуз қоидаларига мос тарзда ўзгарган.

Аммо қатор собиқ мустамлака халқлар каби Ўзбеклар кўплаб хорижий сўзларни олганда, асосан, Совет Иттифоқидаги ҳукмрон тил - Русча шаклини қабул қилган.

Нуқта қўйилдими?

Саида Мирзиёева

Сурат манбаси, Rasmiy

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Лотин ёзуви асосидаги Ўзбек алифбоси эса ҳатто саводхонликка таъсир этган ўтган йиллар кўп баҳсларга сабаб бўлиб келди.

Масалан, аксар Араб тилидан ўтган сўзларда учрайдиган тутуқ белгиси ёнида яна "ў" ва "ғ" товушларини ифодаловчи ҳарфлар ҳам ўзига белги талаб этади.

Айни масалага ҳатто мамлакат президенти маъмурияти раҳбари Саида Мирзиёева ҳам аралашди.

Мамлакат номининг бир неча хил шаклда ёзилишига эътибор қаратган Саида Мирзиёева алифбо масаласи ҳал этилиши лозимлигини таъкидлади:

"Яна бир бор таъкидлайман, гап Ватан ва Миллат номини тўғри ёзиш ҳақида кетар экан, бундай баҳс ва тортишувларни бас қилишимиз, алифбодаги айрим ўзгаришларни жорий этишимиз ва шу билан алифбо масаласига қатъий нуқта қўйишимиз зарур, деб ҳисоблайман!"

Лекин Лотин ёзувидаги айрим жиҳатлар ҳамон баҳсталаблигича қолмоқда.

Айримлар Ўзбек тилида мавжуд барча товушлар алифбода аксланмайди дейишади.

Бошқалар эса Лотин алифбосида Ўзбек тилининг имло қоидалари ўзгартирилиши ҳам асрлар давомида шаклланган ва сайқалланган талаффузга таъсир қилаётганини айтишади.

Айни ўринда баъзан тушунмовчиликка, баъзида эса баҳсларга ҳам сабаб бўлиб келган муайян сўзлар ва қўшимчалар бор.

Facebook
Turk tillarining go‘zalligi singarmonizmda, ya’ni so‘zlardagi unli, ba’zan undosh tovushlar uyg‘unligida emasmi?
Abduvohid Hayit
Shoir va tarjimon

"Тоғга" ё "тоққа"

Шоир ва таржимон Абдувоҳид Ҳайит шарҳлайди:

Кирилл ёзувида биз "ғ", "г" каби товушлар билан тугаган сўзларга келишик ё бошқа қўшимчаларни қўшганда, мисол учун: "тоғ+га" эмас, "тоққа", "боғ-га" эмас, "боққа", "туғ+ган" эмас, "туққан", "тег-ган" эмас, "теккан", "қўрқ-ган" эмас, "қўрққан" ва ҳоказо деб ёзганмиз, лотин ёзувида эса бундай ёзиш хато ҳисобланаркан, яъни лотин ёзувида "toqqa" эмас, "tog'ga", "yoqqan" эмас, "yog'gan", "oqqan" эмас, "oqgan" (оқмоқ) ёки "og'gan" (оғмоқ), "tuqqan" эмас, "tug'gan" деб ёзиш шарт экан.

Нима учун? Кимдан чиққан бу ташаббус? Турк тилларининг гўзаллиги сингармонизмда, яъни сўзлардаги унли, баъзан ундош товушлар уйғунлигида эмасми? Яқин ўтмишда ўзбек тили сингармонизмдан обдон маҳрум этилди. Лекин уни шеваларда, сўзлашув тилида ҳозир ҳам қисман қўллаймиз. Гапирганда биз ҳеч қачон: "қор ёғГАН эди, сигиримиз туғГАН эди", – демаймиз, балки: "қор ёққан, сигиримиз туққан...", деймиз. Ёки кирилл ёзувида "сув оққан", "бошим оққан томон" деб ёзганмиз. Илгари келишик, сифатдош ясовчи ва бошқа қўшимчаларнинг вариантлари, мисол учун: -да (-та), -дан (-тан, -дин, -тин), -га (-ка, -қа, -ға), -ган (-кан, -қан, -ған, -ғон), -ди (-ти) ва ҳоказо шаклларда ёзувда тўлиқ ифодаланган ва бу нутқда ажойиб уйғунлик, табиийлик, мусиқавийлик ҳосил қилган.

Назаримда энди, лотин ёзувига ўтарканмиз, тилимиз бу фазилатдан бутунлай маҳрум этилаётгандай. Ахир ёзув кириллдан лотинга ўтса, бунинг грамматикага нима алоқаси бор? Ёзув ўзгарса, нима учун грамматик қоидалар ҳам ўзгариши керак? Менимча, энг ёмони мактабларда бугун имло шундай ўқитилмоқда. Агар ўқувчи "oqqan" деб ёзса, ўқитувчи уни "oqgan" деб тузатишга мажбур ва ҳоказо. Кейинги авлодлар буни нутққа ҳам кўчириб, айтайлик, "нутқҚА" эмас, қийналиб бўлса ҳам "nutqGA" деб талаффуз қилишга ҳаракат қилиши мумкин.

Ижтимоий тармоқларда баъзан ўзбек тили қардош туркий тиллар билан ўзаро солиштирилган видеоларни кўриб қоламан ва уларда қардошларимиз ўз тилларида сўзларни эркин талаффуз қилаётгандай, ўзбекча талаффуз эса бироз сунъийроқдай туюлади баъзан менга. Яъни, шу каби "ташаббуслар" оқибатида тилимизни табиий сўзлашув тилидан узоқлаштириб , сунъийлаштириб юбормаяпмизми?

Юқоридаги матн Абдувоҳид Ҳайитнинг Facebook саҳифасидан олинди. Муаллиф фикри BBC мавқеини англатмайди.

Ўзбекчанинг ўзгариши

Расмий тадбир

Сурат манбаси, Rasmiy

Расмий тадбир

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Ўзбекча давлат тили мақоамини олгани ҳар йили байрам қилинади, аммо алифболар алмашинуви тилга таъсир қилган, деган қарашлар ҳам бор.

Ўзбек тили талаффузига таъсир этган омиллардан бири ўтган асрда Ўзбек тилининг кўп асрлик Араб имлосидан Лотинга ва кейинроқ Кирилл ёзувига ўтиши бўлиши ҳам мумкин.

Шарқий славян тилларига хос чўзиқ "и" ё "у" ва ҳатто Ўзбек тилига мутлақо зид "ц" ҳарфлари ёки юмшатиш белгилари кириб келди. Рус тилидан кирган сўзларни акслига яқин талаффуз этиш мажбурияти эса Ўзбек тили талаффузини ўзгартирмай қолмади.

Совет даврида бундай мажбурият фақат "қардош" совет республикалари халқлари тилларига юклатилганди.

Яъни Рус тили, одатда, Ўзбекча, Қозоқча, Украинча ёки Грузинча сўзларни асл ҳолида қабул қилмаган.

Дейлик, Тошкент Ташкент, Бухоро Бухара, сомса самса ёки палов плов шаклида олинган.

Лекин Ўзбек тилида Рус тили орқали олинган циркуль, цирк, Россия, Москва ёки кипятельник каби сўзлар асил ҳолида ёзилиб, Рус тили қоидаларига мос тарзда талаффуз этилади.

Ва мазкур ҳолат, шаксиз, Ўзбек тили талаффузини ўзгартиришга ҳисса қўшган омиллардан биридир.

Буни салбий ё ижобий, деб баҳолаш жамиятда баҳсли бўлиши мумкин. Зотан ҳар қандай тил талаффузи ҳам вақт сайин муайян ўзгаришларга учраши тирик тилга хос хусусиятлардан.

Бир савол: Адабий тилга олинган ажнабий оҳангдаги сўзларни Ўзбек халқи ҳар доим ҳам ўз сўзлашув тилига мослаб қабул қилганми ёки асл ҳолида?

Айни ҳолат Ўзбек тили учун фақат 20-асрда пайдо бўлган янгилик эмас.

Узоқ асрлардан бери Араб ёзуви ва товушлари таъсири ҳам бўлган.

Дейлик, маънавият ёки маърифат каби сўзлардаги айириш белгисини айтиш мумкин.

Бу айрим Арабча сўзларнинг асл талаффузига яқин ҳолатда олингани билан боғлиқ.

Шу қаторда, Форс-Тожик тилидан ўтган кўплаб сўзлар ҳам талаффуз жиҳатидан аслига яқин ҳолда олинган.

Аммо Ўзбек тилидаги Араб ва Форс сўзларининг аксарияти бугунги Ўзбек тили талаффузининг ажралмас қисмига айланиб улгурган.

Ҳозир ишлатилаётган ва ўзгаришлар кутилаётган Лотин алифбоси ҳамон турли фикрлар ва баҳсларга сабаб бўлиб келади.

Айни пайтда, бу ёзув Ўзбек тили талаффузини табиийроқ жаранглашига ҳисса қўша бошлаши эҳтимоли ҳам катта.