Гулнора Каримова иши: Швейцария хусусий банки нега жаримага тортилди? Швейцария матбуоти талқини. Видео

Расмнинг чап томонида Гулнора Каримова, қимматбаҳо тақинчоқлар таққан, кулиб турибди, ўнг томонида Олима Набизода, ўрта қисмида Швейцария байроғи, судьялар болғаси ва болға билан уриш учун думалоқ тахтачаси стол устида турибди, орқа фонда эса Женева шаҳрида жойлашган Lombard Odier & Cie хусусий банки

Сурат манбаси, BBC/Getty Images/Andreas Rentz/Nights In Monaco/FABRICE COFFRINI/AFP

Сурат тагсўзи, Суд Ўзбекистонга Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин 25 йилдан ортиқ вақт давомида қаттиққўллик билан раҳбарлик қилган марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи устидан ҳукм чиқаришнинг имкони йўқ, деган қарорга келди.
Published
Ўқилиш вақти: 8 дақ

Швейцария федерал жиноят ишлари суди Женевадаги хусусий Lombard Odier банкини Гулнора Каримова билан боғлиқ пул ювиш иши бўйича қарийб $3,68 миллион (3 миллион швейцария франки) миқдорида жаримага тортди.

Бу борада Швейцариядагиswissinfo.chнашри хабар берди.

Расмий нашрнинг ёзишича, ўтган ҳафта Швейцария Федерал жиноят ишлари суди Гулнора Каримовага оид иш бўйича ҳукм чиқарди. Суд Lombard Odier банкининг собиқ менежерларидан бирини оғирлаштирувчи ҳолатларда пул ювишда айбдор деб топиб, уни 24 ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Шунингдек, Женевада жойлашган хусусий Lombard Odier банки жиноятларнинг олдини олиш учун зарур ташкилий чораларни кўрмагани учун 3 миллион швейцария франки (қарийб 3,68 миллион АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилгани айтилади. Бироқ суд Ўзбекистоннинг собиқ президенти қизи Гулнора Каримова ва унинг яқин ҳамкорларидан бирига қарши ишни тугатган.

Суд Ўзбекистонга Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин 25 йилдан ортиқ вақт давомида қаттиққўллик билан раҳбарлик қилган марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи устидан ҳукм чиқаришнинг имкони йўқ, деган қарорга келган.

Каримова Ўзбекистонда жазо ўтамоқда ва маҳаллий ҳокимият унга мамлакатни тарк этишга рухсат бермайди. Шунинг учун унинг Швейцариядаги суд мажлисида қатнашмагани унга қарши далил сифатида қўлланилиши мумкин эмас. Судга кўра, жавобгарликка тортиш муддати тугамагунча Каримовани на озод қилиш, ва на Швейцарияга экстрадиция қилишнинг имкони йўқ.

Россияда яшовчи иккинчи айбланувчига нисбатан ҳам иш тугатилди, чунки у ўз айби бўлмаган ҳолда доимий равишда Швейцарияга сафар қилиш имкониятидан маҳрум бўлган.

У Каримованинг энг яқин ишончли ёрдамчиси сифатида қаралган.

Пул ювиш схемаси ва банкнинг роли

2013 йил 17 апрелда олинган ушбу суратда Женева шаҳрида жойлашган Lombard Odier & Cie хусусий банкининг бош қароргоҳи акс этган.

Сурат манбаси, FABRICE COFFRINI/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, 2013 йил 17 апрелда олинган ушбу суратда Женева шаҳрида жойлашган Lombard Odier & Cie хусусий банкининг бош қароргоҳи акс этган.
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Иш марказида "Office" номи билан танилган жиноий уюшма тургани билдирилади. Суд маълумотларига кўра, ушбу тузилма Ўзбекистонда фаолият юритган хорижий телекоммуникация компаниялари томонидан тўланган пора маблағларини қабул қилган. Бу компаниялар ушбу тўловлар эвазига Каримовадан муайян имтиёзлар олишга интилган.

Кейинчалик бу маблағлар шаффоф бўлмаган молиявий операциялар орқали бир нечта банкдаги, жумладан Женевадаги Lombard Odier банкидаги "Office" ҳисобларига ўтказилган. Айбдор деб топилган собиқ банк ходими ана шу ҳисобларнинг Женева филиалидаги менежери бўлган. У коррупция аломатларидан хабардор бўлганига қарамай, фақат юзаки текширувлар билан чекланган дейилади.

Lombard Odier хусусий банки ташкилий камчиликларда айбдор деб топилди. Судга кўра, банк ўз ходими томонидан содир этилган пул ювиш ҳолатларининг олдини олиш учун барча оқилона ва зарур чораларни кўрмаган.

Банк ҳам коррупция аломатларидан хабардор бўлганига қарамай, тегишли бўлимлар етарли текширувлар ўтказилишини таъминламаган.

Жазони белгилашда суд жиноятлар содир этилган вақтдан буён узоқ муддат ўтганини енгиллаштирувчи омил сифатида ҳисобга олди. Ушбу ҳуқуқбузарликлар 2011 ва 2012 йилларда содир этилган.

2011 йил 27 июлдан олдин содир этилган ҳуқуқбузарликларга оид ишлар эса даъво муддати тугагани сабабли тугатилгани айтилади.

Каримова ишининг халқаро кўлами

Швейцария байроғи орқа фонда, олдги фонда эса судьялар болғаси ва болға билан уриш учун думалоқ тахтачаси стол устида турибди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мазкур иш мусодара қилинган активларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича саъй-ҳаракатларга ҳам туртки бўлди.

Швейцариядаги тергов 2012 йилда бошланган бўлиб, у йигирма йилдан ортиқ вақт аввал содир бўлган ҳаракатларга тааллуқли. 2025 йил май ойида Федерал жиноят суди Каримова ва Lombard Odier'га қарши иш юритувларини бирлаштирди.

Кенг қамровли халқаро тергов бир нечта юрисдикциялардаги активларни қамраб олган. Швейцария, Франция ва Қўшма Штатларда Каримова билан боғлиқ активлар қиймати аввалроқ қарийб 1,4 миллиард доллар деб баҳоланган эди.

Мазкур иш мусодара қилинган активларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича саъй-ҳаракатларга ҳам туртки бўлди. 2025 йил феврал ойида Швейцария ва Ўзбекистон Швейцария ҳокимияти томонидан мусодара қилинган тахминан 182 миллион доллар маблағни қамраб олган келишувни имзолади. Маблағлар соғлиқни сақлаш ва таълим дастурлари каби ижтимоий лойиҳалар учун Uzbekistan Vision 2030 Multi-Partner Trust Fund орқали ўтказилиши керак. Аввалги келишув тахминан 131 миллион долларни қамраб олган бўлиб, икки келишув бўйича Ўзбекистонга қайтарилаётган умумий маблағни тахминан 313 миллион долларга етказган.

2025 йил июл ойида Ўзбекистон БМТнинг Асоссиз ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳининг Каримованинг ҳибсини асоссиз деб топган 17/2025-сонли хулосасини рад этди. Тошкент жиноят ишлари миллий қонунчилик ҳамда мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ олиб борилганини билдирди.

Бу ҳақда The Times of Cenreal Asia вебсаҳифаси хабар берди.

Швейцариядаги ўзбекистонлик мутахассис нима дейди?

Суратнинг чап қисмида Швейцариянинг Bilanz журнали, ўнг қисмида эса Олима Набизода BBC билан суҳбат пайтида

Сурат манбаси, BBC/Taqdim

Сурат тагсўзи, "Гулнора Каримованинг пул ювиш амалиётлари ва коррупция даъволари бу ердаги энг катта жанжаллардан бири" - дейди Олима Набизода.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ молиявий иш бир неча йиллардан бери халқаро эътибор марказида бўлиб келмоқда. Швейцария прокуратураси телекоммуникация соҳасига алоқадор молиявий операциялар ва эҳтимолий пора пуллари юзасидан текширувлар олиб борган эди.

BBC Ўзбек Хизмати ўтган 1 Май куни Швейцариянинг Базел шаҳридаги ўзбекистонлик мутаххасис Олима Набизода билан суҳбат қилди. Суҳбатдан тахминан бир ҳафта олдин Швейцария Федерал жиноий суди маҳкама жараёни тўхтатилганди. Каримова Ўзбекистонда қамоқда бўлгани сабаб судда шахсан қатнаша олмаслиги айтилган.

Каримова ва унинг адвокати унга қўйилган барча айбловларни рад этиб келаётганини ҳам таъкидлайди.

Бу қарор Швейцария оммавий ахборот воситалари томонидан қандай талқин қилинган? Суҳбатни Азиза Қадам олиб борди.

BBC: Гулнора Каримова билан боғлиқ суд жараёнининг тўхтатилгани ҳақида Ўзбекистон ва халқаро ОАВ кенг ёритишди. Швейцария ОАВ бу қарорни қандай талқин қилди?

Олима Набизода: Биринчидан, Гулнора Каримованинг пул ювиш амалиётлари ва коррупция даъволари бу ердаги энг катта жанжаллардан бири. Яъни ҳатто баъзи матбуот манбалари "Бунақаси бизнинг тарихда бўлмаган", деган иддао билан ҳам чиқишди. Баъзилар эса буни коррупциянинг классик кўриниши сифатида ҳам талқин қилишди.

Менинг ўзим немис тили минтақасида яшайман ва шу сабабдан кўпроқ Швейцариянинг немис тилидаги матбуотида нималар ёзилаётгани ҳақида гапиришим мумкин.

Биз тўрт хил қарашни кўрамиз. Яъни жиддий матбуот ҳисобланган NZZ рўзномаси, бу Neue Zürcher Zeitung дейилади, кўпроқ ҳуқуқий тарафдан ёндашяпти. Албатта, у ҳуқуқий жараён тўғри олиб борилаётганини таъкидласа ҳам, сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан бу қониқарли эмаслигини ҳам айни пайтда таъкидлаб келяпти.

Швейцария радио ва телевидениеси эса оммага тушунарли тилда, соддароқ қилиб, кўпроқ Ўзбекистон тарихи ва умуман коррупция масаласига оид воқеаларни тушунтиришга ҳаракат қиляпти.

Бизда сариқ матбуот дегани ҳам бор, масалан, Blick деган рўзнома. У ерда эса, албатта, Гулнора Каримованинг бир маликадек жуда ҳашаматли ҳаёт кечиргани ва Швейцария суди томонидан ҳалигача қониқарли ҳукм чиқарилмагани масалаларига урғу бериляпти.

Молия ва иқтисод масалаларига бағишланган матбуот нашрлари эса кўпроқ Гулнора Каримованинг ўзи ҳақида эмас ёки бугун унга нисбатан олиб борилаётган пул ювиш даъволари ва суд ишлари ҳақида эмас, балки: "Биз нима қилсак бўладики ва қандай чоралар кўрсак бўладики, Швейцария банкларига нисбатан халқаро майдонда ишонч йўқолмасин? Биз ўз банкларимизнинг шаффофлиги ва хавфсизлигини яна қандай чоралар билан мустаҳкамлашимиз мумкин? Қандай қилиб обрўмизга путур етмасин?".

Кўпроқ мана шу масалаларга урғу беришяпти.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

BBC: Мана, сиз айтяпсизки, коррупция масалаларини матбуотда кўпроқ ёритишяпти, деб. Лекин шу ўринда Гулнора Каримованинг ҳимоя жамоаси ўша молиявий жиноятлар қилинганини ёки пул ювиш амалиётлари амалга оширилганини тан олмаяпти. Бу ҳақда Швейцария матбуоти нима деяпти?

Олима Набизода: Бугунги кунда Швейцария матбуотини кузатсак, ҳамма ерда айтиляптики, мудофаа томонининг фикрича, ҳукм йўқлиги унинг бегуноҳ экани ҳақидаги хулосага олиб келяпти. Лекин бу расмий прокуратура ёки Федерал бош прокуратуранинг хулосаси ҳам, назари ҳам эмас.

Гулнора Каримова 2012 йил 23 май куни Монаконинг Монте-Карло шаҳридаги тадбир чоғида

Сурат манбаси, Andreas Rentz/Nights In Monaco/Getty Images

Сурат тагсўзи, Гулнора Каримова 2012 йил 23 май куни Монаконинг Монте-Карло шаҳридаги казино биносида Монако шаҳзодаси Алберт II жамғармаси ва Уилям Ж. Клинтон жамғармасини қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган Nights In Monaco хайрия тадбирида иштирок этган.

BBC: Швейцарияда бу қарор тўлиқ оқланиш деб кўряптими ёки фақат процессуал сабаб билан тўхтилган иш сифатида?

Олима Набизода: Швейцарияда бу масалалар кўп мамлакатларга қараганда совуққонлик билан, ортиқча ҳис-ҳаяжонсиз муҳокама қилинади. Матбуотда кузатишимча, асосий мақсад Гулнора Каримовани жазолаш эмас. Бу ерда мақсад: "Биз қонунларимизни қандай қилиб мустаҳкамлашимиз мумкин ва ҳуқуқий адолатни юзага келтиришимиз мумкин бўладики, келажакда бошқа мана шундай коррупция билан боғлиқ бўлган катта халқаро жанжалларга биз майдон бўлмайлик, сабаб бўлмайлик!", деган масала кўпроқ қизиқтириб турибди ва хавотирга соляпти.

Матбуотлар кўпроқ шундай деяпти. Швейцария матбуотида ҳам таъкидландики, кўпчилик жудаям бир театрал ҳукмни, хотимани кутишган эди. Лекин ундай бўлмади, чунки бу ернинг қонунлари асосида мана шундай хулосага келинди ва асосий сабаблардан биттаси қилиб, Каримова хонимнинг суд жараёнида шахсан ўзи иштирок қилмаганлиги ҳам кўрсатилди. Ўз позициясини ҳимоя қила олмаганлиги сабаб ва ўз ватанида жазони ўташ муассасасида ўтирганлиги ҳам назарга олинган ҳолда суд бу ишни битира қолди.

BBC: Умуман олганда, Швейцария ОАВлари бу воқеани Ўзбекистон билан боғлиқ кенгроқ контекстда қандай кўрсатмоқда?

Олима Набизода: Адашмасам, 2009 йили илк бора Гулнора Каримова ҳақида Швейцария матбуотида гапирила бошланди. Bilanz деган бир молиявий-иқтисодий журнал бор, у ерда Гулнора Каримова 2009 йили Швейцариядаги уч юзта энг бой кишилар қаторидан жой олган эди.

Ўзбекистон ичидаги маданият, санъат ва иқтисод соҳасида қилган ишлари ҳақида жудаям кўп позитив мақолалар ҳам чиққан эди. 2009 йиллардан то 2012 йилгача улар давом қилди.

Кейин 2013 йиллардан бошлаб, адашмасам, танқидий мақолалар чиқа бошлади, матбуотда кўп танқидий фикрлар айтила бошлади. Бунинг энг юқори нуқтаси 2014-2016 йилларга тўғри келади.

Ундан кейин орада бир сукунат бўлди, сўнгра тағин бу мавзуга қўл урилди.

BBC/Taqdim
Gulnora Karimovaning pul yuvish amaliyotlari va korrupsiya da’volari bu yerdagi eng katta janjallardan biri.
Olima Nabizoda
Shveysariyada yashovchi o‘zbekistonlik mutaxassis (Batafsil: BBC.COM/UZBEK da o‘qing)

BBC: Сиз айтиб ўтдингизки, Bilanz нашри 2009 йилларда Гулнора Каримова ҳақида ижобий мақолаларни чоп этган, деб. Айнан ўша нашриёт ҳозирда қандай мақолаларни чоп этяпти?

Олима Набизода: Боя айтганимдек, Гулнора Каримованинг ўзи эмас, кўпроқ шу банкларнинг обрўйи ва жозибасини йўқотмаслик ва 'қандай қилсак бўладики шу коррупция орқали эга бўлган бойликни ва бу бойлик ҳозир Швейцариянинг ҳудудида, у бойликни биз қандай қилиб ҳуқуқий тўғри йўл билан Ўзбекистонга қайтариш' масаласи муҳокама қилиняпти. Шахсни ўзи эмас.

BBC: Швейцарияда яшаётган ўзбекистонликлар орасида бу хабар қандай муҳокама қилинмоқда?

Олима Набизода: Албатта менинг атрофимдаги танишларим, дўстларим мени асли ўзбекистонлик эканимни билишади. Ва албатта бу охирги 4-5 кунда матбуотда, радио, телевидение, рўзнома ва журналларда бу масала ёритилиб келяпти. Анча шов-шувли бўлди. Айниқса сарлавҳалар ҳам жуда шов-шувли - масалан, сариқ матбуот "Ўзбек маликасининг таназзули" ёки "Швейцария учун уят" каби сарлавҳалар остида мақолалар эълон қилишяпти. Бу хона-хоҳ кишини ўзига тортади ва албатта бу мавзуга қизиқишини ҳам уйғотади. Мендан ҳам сўрашади - "Ростдан ҳам шундайми, нималар бўлган?", деб. Менга бунинг алоҳида таъсирини кундалик ҳаётимда атрофимдагилардан кўрганим йўқ. Лекин, 2012-13-14 йиллар эди, мен Ўзбекистондан олган ҳайдовчилик гувоҳномамни Швейцария ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирмоқчи бўлдим. Ўзбекистондан олган ҳайдовчилик гувоҳномамни ҳақиқий эканлигига шубҳа билан қарашди. Сабабини сўраганимда, "Сизни мамлакатингизда коррупция жуда ҳам кенг ривожланган. Биз биламиз. Ҳатто президентларингнинг қизлари ҳам шу ишга аралашган ва шу сабабдан бизга сизнинг ишингизни алоҳида текшириш буюрилган" дейишган. Мен ҳайдовчилик гувоҳномамнинг ҳақиқийлигини исботлаш учун алоҳида маълумотнома келтиришим керак эди. Уларни қўлига топширдим. Улар текширишди, сўнгра хулоса шу бўлдики, мен қайтадан ҳайдовчиликка имтиҳон топширишим керак бўлди. Мен мана шундай айирмачиликка дучор келганман. Охир оқибат жуда кўп қоғозбозликлар бўлди, жараён адашмасам бир йилча давом этди.

BBC: Фарзандларингиз мактабга борганда ёки бошқа жойларда ҳам бунинг таъсирни кўрганмисиз?

Олима Набизода: Ҳар куни ҳам матбуотда, ҳам телевидениеда, бу ерни ахборот дастурларида Ўзбекистон ҳақида, умуман коррупция ишлари, пул ювиш масаласида хабарлар чиқар эди. Бир куни қизим, адашмасам 2014 йилда эди, "Танаффус вақтида мендан синфдошларим ҳам, ўқитувчим ҳам сўради, 'Сен ҳам Ўзбекистондансан. Сенинг онангни Каримовага алоқаси борми? Чунки Швейцария жуда қиммат мамлакат. Сизлар қандай қилиб бу ерга келиб яшаяпсизлар? Бизнинг мамлакатга фақат бой бўлган оилалар келиб яшайди'", деган маънода шундай бир гаплар бўлган экан. Келиб мендан сўради "Биз боймизми? Бизнинг катта бошқарув элитасига алоқамиз борми?"деб. Мен унга "Йўқ бизнинг уларга ҳеч қандай алоқамиз йўқ, бориб айт - менинг онам оддий ўзбек тили ўқитувчиси" дедим. Чўлпоннинг жудаям машҳур гапи бор: "Муҳит кучли экан", дейди-ку? Бу ердагилар шуни ҳам тушунишади. Чунки ҳар ҳолда, улар ҳам ўзлари тарихда ўзларининг муҳитлари ичида бўлган ва сўнгра ёриб чиқишган, улар бир муҳитни ёриб чиқиш осон эмаслигини ҳам тушунишади.