Минтақа дайжести: авиаёқилғи импорти, чегара ўзгариши ва иқлим ўзгариши сабаб 26 ўлим

Havo boshqaruv ekranlari tasviri

Сурат манбаси, Reuters

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон авиация ёқилғисини Грузия ва Ироқдан импорт қилишни бошлади.

Ўзбекистон авиация ёқилғиси таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида янги манбаларга мурожаат қилиб, Грузия ва Ироқдан импортни бошлади.

Бу ҳақда кеча Ўзбекистон президенти расмий сайтида эълон қилинган ахборотда маълум қилинди. Унда айтилишича, "Ўзбекнефтгаз" компанияси бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда маълумот берган.

Компанияга кўра, мамлакатда авиация ёқилғисига бўлган талаб кескин ошиб бормоқда, импорт ҳажми эса чекланган. Шу сабабли энергетика таъминоти манбаларини диверсификация қилишга эҳтиёж туғилган.

Талабнинг асосий қисмини маҳаллий қайта ишлаш корхоналари қоплаши кутилмоқда. "Ўзбекнефтгаз" 2026 йил охирига қадар 310 минг тонна авиация ёқилғиси ва 1,1 миллион тонна бензин ишлаб чиқаришни режалаштирган.

Россия Ўзбекистон учун нефт маҳсулотлари, жумладан авиация ёқилғисининг асосий етказиб берувчиларидан бири ҳисобланади. Россияда давом этаётган ёқилғи тақчиллиги Марказий Осиёдаги бу мамлакатда ҳам нархлар ошиши ва таъминот муаммоларига сабаб бўлган.

Shavkat Mirziyoyev va Sadir Japarov

Сурат манбаси, Rasmiy

Ўзбекистон ва Қирғизистон ер алмашиш жараёнини бошлади

Қирғизистон давлат ахборот агентлиги Kabar хабар беришича, Ўзбекистон икки давлат ўртасидаги чегара бўйича келишув доирасида Қирғизистонга ер топшириш жараёнини бошлади.

Ахборотга кўра, дастлабки босқичда чегара яқинида жойлашган Чон-Гара ва Тош-Тўбо қишлоқлари Қирғизистон тасарруфига ўтказилмоқда.

Бунгача Фарғона вилояти таркибида бўлган мазкур қишлоқларда асосан қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайди. Энди улар Қирғизистон фуқаролигини олиб, янги паспортларга эга бўлади.

Икки мамлакат ҳукуматларининг қўшма ишчи гуруҳи 3 августдан бошлаб ушбу ҳудудларда топшириш-қабул қилиш ишларини бошлаган.

Kabar маълумотига кўра, келишувга мувофиқ Қирғизистон ҳам Ўзбекистонга "тенг қийматдаги ер майдонлари"ни беради.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара масаласи ўнлаб йиллар давомида баҳсларга ва ҳатто қонли тўқнашувларга сабаб бўлиб келган эди.

Икки давлат 2022 йил ноябрида чегараларни белгилаш ва ер участкаси алмашиш бўйича асосий келишувни имзолаган. Бу келишувни расмийлаштирувчи якуний шартномалар эса 2026 йил 30 июл куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи чоғида имзоланган.

Қозоғистонда иссиқлик билан боғлиқ ўлимлар кескин ошди

Қозоғистон Миллий шошилинч тиббий ёрдам мувофиқлаштириш маркази маълум қилишича, жорий ёз мавсуми давомида мамлакатда кучли иссиқлик билан боғлиқ 26 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Марказ мутахассиси Зауре Нуритдинованинг сўзларига кўра, бу ўтган йилги кўрсаткичдан қарийб тўрт баравар кўпдир. Ўтган ёзда иссиқлик оқибатида етти киши вафот этган эди.

Bes.media нашрининг ёзишича, Марказий Осиё иқлим жамғармаси (CACF) лойиҳа офиси ҳам бу йил Қозоғистонда янги ҳарорат рекордлари кузатилганини билдирган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ҳаддан ташқари иссиқ ҳаво туфайли тиббий муассасаларга мурожаатлар сони ҳам ошган.

CACF маълумотларига кўра, Марказий Осиё минтақаси дунёдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан икки баравар тезроқ исиб бормоқда.