Россия: Қора денгиз соҳилидаги дрон ҳужумида етти киши ҳалок бўлди

Видео тагсўзи, Қора денгиз соҳилидаги дрон ҳужуми
Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Россия расмийлари маълум қилишича, мамлакат жанубидаги гавжум соҳилда учувчисиз қурилма портлаши оқибатида етти киши, жумладан уч нафар бола ҳалок бўлган.

BBC тасдиқлаган ижтимоий тармоқ видеоларида дроннинг жар ёқалаб учиб келиб, соҳилда портлаганини кўриш мумкин. Ўша пайтда соҳилда ҳам, денгизда ҳам кўплаб дам олувчилар бўлган.

Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратевнинг айтишича, ҳодисада 40 киши жароҳат олган, улардан 17 нафари шифохонага ётқизилган.

У Украина томонини "тинч аҳолига қасддан зарба бериш"да айблади. Киев ҳозирча бу воқеага муносабат билдиргани йўқ. Россия ҳам, Украина ҳам одатда тинч аҳолини атайлаб нишонга олмаслигини таъкидлаб келади.

Учувчисиз қурилма аслида қандай нишонга йўналтирилгани аниқ эмас.

Айрим украин Telegram каналлари дрон радиоэлектрон воситаларига қарши кураш таъсирида бошқарув сигналини йўқотгани учун соҳилга қулаганини даъво қилмоқда.

Россия оммавий ахборот воситалари билан суҳбатлашган гувоҳлар портлашдан олдин отишма овозлари эшитилганини айтган. Бу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари дронни уриб туширишга уринган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирмоқда.

Ҳодиса Қора денгиз бўйидаги Архипо-Осиповка қишлоғи яқинида содир бўлган. Иссиқ иқлими, кенг пляжлари ва сайёҳлик инфратузилмаси туфайли бу маскан россияликлар орасида машҳур дам олиш ҳудуди ҳисобланади. Санкциялар сабаб кўплаб россияликларнинг хорижга саёҳат қилиш имкониятлари қисқаргач, ички туризмга қизиқиш янада ошган.

Архипо-Осиповка аҳолиси ва сайёҳлар маҳаллий нашрларга ҳужум олдидан ҳеч қандай огоҳлантирувчи сиреналар янграмаганини айтган.

"Биз шезлонглар ортига яшириниб олдик, портлаш қаерда бўлганини ҳам кўрмадик", деган дам олувчилардан бири.

Яна бир гувоҳ дроннинг келганини кўрмаганини, аммо "пулемётга ўхшаш отишма овозлари" ва шундан кейин кучли портлашни эшитганини айтган.

"Бунинг ҳаммаси болаларимнинг кўз ўнгида бўлди. Фарзандим қаттиқ руҳий зарба олди", деган яна бир суҳбатдош.

Видео тагсўзи, Wildberries омбори яқинига қилинган дрон ҳужуми акс этган видео
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Сўнгги бир йил давомида Украина Россия ҳудуди ичкарисига йўналтирилган узоқ масофали ҳужумларни кучайтирди. Киев бу ҳужумлар ҳарбий эҳтиёжлар учун фойдаланилаётган энергетика объектлари ва омборларга қаратилганини айтади.

Бироқ бундай ҳужумлар айрим ҳолларда тинч аҳоли қурбон бўлишига ҳам сабаб бўлган. Ҳафта охирида Россиянинг турли шаҳарларида саккиз киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Сешанбага ўтар кечаси Санкт-Петербург яқинидаги омбор мажмуаси дронлар ҳужумига учраганини Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко маълум қилди. У қайси объект нишонга олинганига ойдинлик киритмади.

Россия эса 2022 йил февралидан бери Украина шаҳарлари ва аҳоли яшайдиган ҳудудларга мунтазам зарбалар бериб келмоқда. Бу ҳужумлар минглаб тинч аҳолининг ҳалок бўлиши ва жароҳат олишига олиб келган.

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг маълум қилишича, шанба куни Киевга қилинган Россиянинг баллистик ракета ҳужумлари оқибатида камида тўққиз киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳатланган.

Киев шаҳар ҳокимига кўра, Шевченковский туманидаги турар жой биноларидан бири қисман вайрон бўлиб, одамлар вайроналар остида қолган.

Ўтган ҳафта эса Кривий Риҳ атрофидаги ҳудудга уюштирилган ҳужумда бир оиланинг ўн нафар аъзоси ҳалок бўлган.

Сўнгги ҳафталарда Украина, айниқса, "Россиянинг Амазони" деб таърифланадиган йирик онлайн савдо платформаси Wildberries омборларини нишонга олмоқда.

Охирги шундай ҳужум Владимир вилоятидаги Wildberries омборига қилинган. Украина чегарасидан минглаб километр узоқда жойлашган ўнлаб омборлар ҳам ҳозиргача зарбаларга учраган.

Киев бу омборлар Россия армиясини таъминлашда фойдаланилаётганини айтмоқда. Москва эса бу даъвони рад этади.

Шу билан бирга, яқин вақтгача Wildberries орқали бронежилетлар ва ҳарбий эҳтиёжларда қўлланиши мумкин бўлган бошқа маҳсулотлар ҳам сотилгани маълум.