Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара ҳудудларида нега туннеллар қазилмоқда

Сурат манбаси, Rasmiy
Баткен вилоятида Ўзбекистон томон йўналган яна бир яширин туннель топилди.
Қирғизистоннинг Баткен вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан Ўзбекистон билан чегара ҳудудида қазилаётган ерости йўлаги топилгани хабар қилинган.
Маълум бўлишича, тезкор хизматларга чегара яқинида контрабанда мақсадида туннель қазилаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Текширув вақтида Қадамжой туманидаги Чекелик қишлоғида, кимсасиз уйнинг молхонаси ичидан Ўзбекистонга йўналган ерости йўлаги топилган.
Туннелнинг чуқурлиги, 12 метр, кенглиги эса 1,5 метр экни айтилмоқда. Ҳолат аниқланганидан сўнг қазиш ишларига дарҳол чек қўйилган.
Бу икки давлат чегара ҳудудида топилган илк ерости йўлаги эмас.

Сурат манбаси, Rasmiy
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида яширин ерости туннеллари аниқланиши тез-тез кузатилмоқда.
Бу ҳолатлар икки давлат ўртасидаги чегара расман делимитация қилинган ва сиёсий муносабатлар яхшиланган бир пайтда нима учун бундай ноқонуний инфратузилмалар ҳали ҳам пайдо бўлаётгани ҳақида саволларни кун тартибига чиқармоқда.
Аммо бу каби туннеллар орқали айнан нима ташилгани ҳақида тўлиқ маълумотлар ҳар доим ҳам очиқланмайди.
Қирғизистон Чегара хизматининг ББСга айтишича, ҳозирча топилган туннель бўйича Баткен вилоят ички ишлар бошқармаси тарафидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, саволларимизга текширув натижасига чиққач, батафсил жавоб беришлари мумкинлигини қўшимча қилишди.
Туннеллар орқали нима ташилган?
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, аниқланган туннелларнинг аксарияти контрабанда мақсадида қазилган. Улар орқали истеъмол товарлари, мобил телефонлар, қимматбаҳо металлар ва хорижий валюта ноқонуний равишда ташилгани ҳақида далиллар мавжуд.
Масалан, 2024 йилда Андижон вилояти Хонобод шаҳри билан Қирғизистоннинг Сузоқ тумани ўртасидаги икки туннел фош этилганда, гумонланувчилардан 813 дона мобил телефон, шунингдек Ўзбекистондан олиб чиқилмоқчи бўлган қарийб икки килограмм олтин ва заргарлик буюмлари топилган.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати тарқатган маълумотга кўра, ҳар икки ер ости йўли 20 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, кенглиги 70-80 см.ни, баландлиги 170-180 см, биринчисининг узунлиги 350 метрни, иккинчисиники эса 135 метрни ташкил қилган.
2022 йилда эса Фарғона вилоятининг Риштон тумани билан Баткен вилояти Қадамжой туманини боғловчи 130 метрли туннел орқали катта миқдордаги мобил телефонлар ноқонуний айлантирилгани маълум бўлган.
Айрим ҳолатларда эса туннеллар орқали фақат товар эмас, балки йирик миқдордаги нақд пул ва валюта ҳам ташилгани ҳақида маълумотлар бор. Ўзбекистонда судланган шахслар орасида миллион доллардан ортиқ маблағни чегара орқали олиб ўтишга уринганлар ҳам бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам ҳар бир ҳолатда фақат туннель қазувчиларни эмас, балки уларнинг буюртмачилари ва молиялаштирувчиларини аниқлашга ҳаракат қилаётганини билдирмоқда.




























