Президент Мирзиёев ҳокимларга «хонадонбай» тинтув қилиш ва жарима солишни буюрганмиди?

"Долзарб 40 кунлик" тадбири амалда

Сурат манбаси, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi

Сурат тагсўзи, "Долзарб 40 кунлик" тадбири амалда
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

«Ассалом алайкум ҳурматли раҳбарият, ҳурматли сарой аҳли..», дея ўз видео-ҳисоботини бошлайди бир маҳалла раиси. Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу видеода у қайси туман ё маҳалла раҳбариятидан келганини айтмаган.

"Агар камчиликни тўғирламасанг, икки ойга келиб жаримага тортиб кетаман, тушундингми," дея таҳдид қилади у хонадоннинг бекасига.

Бошқа видео шу маҳалла раисининг яна бир хонадонга рухсатсиз киришга урингани акс этган. Кўчада турган уй бекасининг саволига раис қуйидагича жавоб беради: «Президент бобомизнинг қарор, фармонлари чиқди, 40 кунлик долзарб деб эълон қилинг деб, «тозалик, озодалик, ободончилик», деб эълон қилдилар, 16 июлдан 26 августгача, мустақиллик байрамигача. Ҳозир менга тандирларингни, қозон-ўчоқларингни кўрсатасизлар."

ИИВ ходими ва маҳалла раиси уй бекасини ўз уйини кўрсатишга ундамоқда.

Сурат манбаси, Meta

Сурат тагсўзи, ИИВ ходими ва маҳалла раиси уй бекасини ўз уйини кўрсатишга ундамоқда.

Бу вақтда афтидан маҳаллий ички ишлар ходими аёлни қўли билан қистаб туради, уйга киринг, деб.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов бир хонадонга кириб, ундаги яшаш шароитларини танқид қилгани, ҳамда уй бекасини жаримага солишини айтиб таҳдид қилганини кўриш мумкин бўлди.

«Бугун [телеграм]каналга қўйиласиз ҳозир. Мана шу маҳалла каналида ўзингизни кўрасиз. Анави қўшнингизни ҳам олдик. Битта сиз эмас, икки-учта бор», – деган ҳоким. Уй эгаси эса бундай қилмасликни сўраган.

Шаҳрисабз тумани ҳокимининг уй бекасига қўпол муносабати акс этган видео кескин танқидларга сабаб бўлди.

Сурат манбаси, Meta

Сурат тагсўзи, Шаҳрисабз тумани ҳокимининг уй бекасига қўпол муносабати акс этган видео кескин танқидларга сабаб бўлди.

«Яшашни қаранг… Шу аёлнинг яшашими? Мана бу чойнакка қаранг. Ўргимчак тўрига қаранг. Шу рўзғорми? Мана бу чангга, музлаткичдаги кирга қаранг. Ушлаб бўладими буни?» – дейди Ҳасанов ва ўз уйи қандай саранжом-саришта эканини айтади.

Ижтимоий тармоқларда жамоатчиликнинг танқиди ва масхаралрига сабаб бўлган бу ҳолатни омбудсман ва Антикоррупция агентлиги ҳам қоралади.

"Дарё" нашрига изоҳ берган Шаҳрисабз ҳокимлиги матбуот котиби ҳоким адашиб бошқа уйга кириб қолганини айтди. Лекин, адашибми, адашиб эмасми – бу каби тинтувлар қайси фармон ё қонунга асосланиб ўтказилаётгани номаълум.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Баъзи ҳокимликлар бу ҳақида расмий маълумотлар ҳам тарқатишмоқда. Хусусан, Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани ҳокимлиги улашган хабарда ҳам "Долзарб 40 кунлик" тадбири тилга олинади.

"Долзарб 40 кунлик" тадбирлари доирасида Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Тойлоқ туманидаги "Тараққиёт" маҳалла фуқаролар йиғинида хонадонбай ўрганиш ва амалий кўмак бериш тадбирлари ташкил этилди. Бошқарма масъул ходимлари ҳудуддаги эҳтиёжманд ва доимий даромадга эга бўлмаган оилалар хонадонларига бевосита ташриф буюриб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўргандилар ҳамда ҳар бир оила кесимида аниқ чоралар белгиламоқдалар", дейилади хабарда.

Қайси қарор?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, маҳалла раиси айтганиек, "Долзарб 40 кунлик" ҳақида алоҳида қарор ёки фармон қабул қилгани йўқ.

"Долзарб 40 кунлик" — бу ҳуқуқий норматив ҳужжат эмас, балки Президент томонидан йиғилишда эълон қилинган ташкилий кампания, яъни амалий чора-тадбирлар даври ҳисобланади.

mirziyoyev
president.uz
“Dolzarb 40 kunlik” e’lon qilinib, 2 mingta eng og‘ir mahallada ishlarni yangi tizim asosida yo‘lga qo‘yish boshlandi.
Prezident Mirziyoyev matbuot xizmati
bbc.com/uzbek

21 июлда президент раислигида ўтган йиғилиш ортидан, президент матбуот хизмати қуйидаги маълумотни тарқатганди:

«Йиғилишда "маҳалла еттилиги" фаолиятини янгича ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада "Долзарб 40 кунлик" эълон қилиниб, 2 мингта энг оғир маҳаллада ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бошланди. Ҳокимлар ушбу маҳаллаларда электр, газ, йўл ва сув масалаларини ўз вақтида ҳал қилишга шахсан жавобгар бўлади.»

Агар жойларда ҳокимликлар шу топшириққа таяниб иш кўраётган бўлсалар, улар фуқаролар турмуш тарзини яхшилаш ўрнига, уларни нега жарима билан қўрқитаётганлари номаълум қолмоқда.

Президент администрацияси ё Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати давлат раҳбарининг топшириғининг ижроси бузилиши, ҳамда бу ҳолатларга қандай ҳуқуқий баҳо берилиши ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермади.

«Салла деса, калла»

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

«Президент селекторида хонадон маданияти тўғрисида, томорқасига экин экиш тўғрисида гапирганларидан кейин бошланди-да. Лекин кўпчилик нотўғри талқин қилиб оширворябди. Салла деса, каллани олиб келяпти», - дейди BBC га аноним тарзда гапирган бир туман ҳокимлиги ходими. Унинг айтишича, у яшаётган туманда ҳокимлик темир йўллар бўйида кўриниб турадиган ҳовлиларнинг деворларини қайта қуриш ё оқлашга ёрдам бермоқда.

Кўпчилик танқидчилар бу каби тадбирлар қанчалар Ўзбекистон қонунчилигига зид эканига эътибор қаратишяпти. Уларга кўра, бу ҳар бир фуқаронинг Конституцияда таъминланган «уй-жой дахлсизлиги» ҳуқуқини топташидан ташқари, уй ичида видео олиб уни интернетга жойлаш шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳуқуқларни бузади.

Қуйида ижтимоий тармоқларда билдирилган баъзи фикрларни ўқинг:

"Ҳокимнинг ҳам уйига бостириб бориб, «жамоатчилик назорати» деб 15 нафар одам йиғилиб, уйига кириб, бойликларини, уйидаги хизматкорларини видеога олиб, ижтимоий тармоқларга чиқарса, нима деркин? Менга қизиқ... Ўшанда, эҳтимол, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва шахсий чегаралар эсига тушиб, судга ҳам берса керак.»

Маҳалла раисининг жарима таҳдиди акс этган видеодан тасвир.

Сурат манбаси, Meta

Сурат тагсўзи, Маҳалла раисининг жарима таҳдиди акс этган видеодан тасвир.

«Мен ҳам видеони кўриб, ҳоким лавозими шу даражада майдалашиб кетганини кўриб, энсам қотди. Ҳокимнинг туманда қиладиган бошқа иши йўқми? Тўғри, ўша аёл ҳам жумракни очганда иссиқ сув, совуқ сув келишини, газ бўлишини хоҳлайди. Яхшироқ ойлик олишни, эри муносиб маош олиб келишини истайди. Ҳоким лавозимига энди битта аёлнинг ошхонасини текширишгина қолибди. Яхшиям, ётоғидаги кўрпа-тўшак ювилганми ёки ювилмаганми, шуни текширмабди. Аксарият қишлоқ жойларда инфратузилманинг ўзи йўқ. Бор жойларда ҳам кўпчилик унинг тўловларини тўлай олмагани учун хизматлар қарз сабабли узиб қўйилган.»

«Бу ерда яна бир ҳолат тўлиқ исботини топган, ҳар доим шундай оилаларга "юқори лавозимдаги" раҳбарлар кирса ва шундай "камчиликларни" аниқласа, чиқиб кетишда албатта маҳалла раисини ва хотин-қизлар фаолини айблайди, сўнг бориб ўзининг Хотин-қизлар бўйича ўринбосарига жуда ҳунук дакки беради йиғилишда, ҳамманинг олдида. Бечора туман, шаҳар ёки вилоят ҳокимларининг хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари бундай хонадонлардан қайси бирига кириб бирга яшаши керак? Қачон адолат ўрнатилади?"

"Яна бир нарсанинг ҳиди келади бу пиардан: халқ амалдорнинг ўз вазифасини тўғри адо этмаётганини идрок қилмасидан уларни айблаб қўйиш миссияси."

"Жудаям хунук ҳолат. Ҳокимнинг фуқаро уйига бостириб кириб, шахсийлик чегарасини менсимай, музлатгичини очиши ва буни ижтимоий тармоқларга қўйиши, ўзини оламшумул ишни бажаргандай тутиши ақлга сиғмайди. Бизда «салла» деса, «калла» оладиганлар жуда кўп. Афсуски, шундай савиядаги одамларнинг халқни бошқариши ачинарли.»