Ғазода 2023 йилдаги Исроил зарбасида ҳалок бўлган 112 фаластинлик учун оммавий жаноза ўқилди
Ғазо шаҳрида 2023 йил охирида, урушнинг дастлабки босқичида Исроил томонидан турар жой мажмуасига берилган зарба оқибатида ҳалок бўлган 112 киши учун оммавий жаноза маросими ўтказилди.
Қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалар бўлиб, уларнинг жасадлари икки ҳафта давом этган қутқарув-қазиб олиш ишларидан кейин вайроналар орасидан топилди.
Таъсирли видео лавҳаларда жасадлар қатор қилиб терилгани, ҳар бири Фаластин байроғи билан ёпилгани, айримларининг устига эса марҳумларнинг сурати қўйилганини кўриш мумкин. Кейинроқ қариндошлари уларни дафн этиш учун олиб кетган.
Маълум қилинишича, бу Ғазода ўтказилган энг йирик жаноза маросимларидан бири бўлган.
"Бу оғриқ, қайғу ва йўқотиш ҳиссини бошдан кечиришимиз керак эди", деди мотам тутувчилардан бири Али Абу Шария.
"Уларнинг жасадларини топиб, дафн этганимиздан кейин, йўқотиш азоби сақланиб турган бўлса-да, бироз бўлса ҳам енгил тортгандек бўлдик", деди у.
Қурбонлар рўйхатида Абу Шария ва Ҳассайна оилаларига мансуб 44 нафар бола, 38 нафар аёл ва 7 нафар ногиронлиги бўлган киши борлиги айтилмоқда. Бу икки катта оила бир сулолага мансуб ҳисобланади.
Улар 2023 йил 22 ноябр куни Ғазо шаҳрининг Сабра маҳалласидаги турар жой блокига қилинган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган.
Бу ҳужум Ҳамас бошчилигидаги кучлар 2023 йил 7 октябрда Исроил жанубига қилган ҳужумидан олти ҳафта ўтиб содир бўлган эди. Ўша ҳужумда 1200 киши ҳалок бўлган, 251 киши эса гаровга олинган.
BBC мазкур ҳужумда аниқ қандай нишон нишонга олингани ҳақида маълумот сўраб Исроил мудофаа кучлари (IDF)га мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олмади.
Уруш бошланганидан бери Ғазода камида 73 377 киши ҳалок бўлган. Бу рақамлар Ҳамас бошқарадиган соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан келтирилган бўлиб, БМТ уларни ишончли деб ҳисоблайди.

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Ғазодаги қидирув ва жасадларни чиқариш ишлари Ҳамас назоратидаги ички ишлар вазирлигига қарашли Фуқаро мудофааси хизмати томонидан олиб борилди. Бу ишлар Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ICRC) кўмагида амалга оширилмоқда.
"Биз уларга тўғридан-тўғри моддий ёрдам кўрсатамиз, яъни қўлқоплар, белкураклар, ҳимоя воситалари ва жасад халталарини етказиб берамиз", деди ICRC матбуот котиби Патрик Гриффитс.
"Шунингдек, биз уларни хавфсиз ва касбий меъёрларга мувофиқ ишлашга ўргатамиз, марҳумларга муносиб муносабатда бўлишни таъминлашга кўмаклашамиз. Бундан ташқари, Ғазода бундай ишлар учун мавжуд бўлган кам сонли экскаваторлардан иккитасини юзлаб соатларга ижарага олишни молиялаштирдик", деди у.
Гриффитснинг таъкидлашича, яқин инсоннинг ҳалок бўлганини тасдиқлаш оила учун оғир хабар бўлса-да, бу уларнинг қайғуни қабул қилиши ва мотам тутиши учун муҳим аҳамиятга эга.
Ўтган ой BBC Сабрада жасадларни қидириш ишларининг бошланишини тасвирга олган эди. Аввалига битта булдозер вайроналарни тозалаган, кейин эса нозик ишлар қўл меҳнати билан бажарилган.
Фуқаро мудофааси матбуот котиби Маҳмуд Басалнинг айтишича:
"Бу кўп қаватли бино ер билан яксон қилинган. У ерда эҳтимол 180 дан ортиқ тинч аҳоли бўлган. Уларнинг аксарияти, тахминан 90 фоизи ҳалок бўлган".
"Ўша куни қутқарувчилар ҳудудга етиб бора олмаган. Бунинг учун Исроил билан учинчи томон, масалан ICRC орқали мувофиқлаштириш талаб этилган ва ҳудудга кириш жуда хавфли бўлган", деди у.
Қурбонларнинг қариндошлари ҳам қидирув ишларида иштирок этиб, қутқарувчиларга жойни кўрсатиб туришган. Улар ҳужумдан кейин айрим жасадларни чиқариб олишга муваффақ бўлганини, қолганларини эса эндиликда муносиб тарзда дафн этиш имконига эга бўлганидан енгил тортганини айтди.
"Бу ерда бўлган ҳар бир инсон учун бу ниҳоятда оғир ва қайғули ҳолат", деди Наҳед ал-Ҳассайна, BBC мухбирларига оиласининг вайрон бўлган уйини кўрсатар экан.
У икки нафар ёш қариндошининг буюмларини кўтариб:
"Болалар нима айб қилди? Бу Умарнинг мактаб сумкаси, бу эса Иброҳимнинг оёқ кийими. Нега? Нега улар ўлдирилди?" деди.
"Мен оиламдан тирик қолган ягона инсонман", деди яқин атрофда турган Юсуф Абу Шария.
"Бугун сизга онамни, отамни, амакимни, амакиваччаларимни, бутун оиламни йўқотган инсон сифатида гапиряпман. Уларнинг барчаси шу вайроналар остида қолди".
Маълумотларга кўра, мазкур ҳудудда ҳали ўнлаб жасадлар топилмаган бўлиши мумкин.
Ғазо сектори бўйлаб эса минглаб одамлар бедарак деб ҳисобланмоқда. Уларнинг кўпчилиги уруш давомидаги кучли Исроил авиаҳужумлари натижасида ҳосил бўлган вайроналар остида қолгани тахмин қилинмоқда.































