Мактабимиз директори зўравон эди. Биз адолат излаб бирлашдик - энди турмуш қурдик

Зиё ва Юсрон камерага табассум қилиб турибди. Зиё хира пушти рангли ҳижоб кийган ва бошига қуёшга қарши кўзойнак таққан, Юсрон эса ёқаси очиқ оқ кўйлак кийган.
Сурат тагсўзи, Зиё ва Юсрон Ломбок интернат-мактабида энг иқтидорли ўқувчилардан эди.
    • Author, Энданг Нурдин
    • Author, Ребекка Ҳеншке
    • Role, BBC Eye Investigations
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Огоҳлантириш: Ушбу ҳикоя жинсий тажовуз тафсилотларини ўз ичига олади.

Телефоннинг нариги томонидаги овоз Юсрон Аззаҳидийнинг юрагини ҳаприқтириб юборди. Опаси унга зудлик билан қўнғироқ қилишни сўраб хабар юборганидан кейин, у унинг рақамига қўнғироқ қилган эди. Аммо линиянинг нариги томонида опаси эмасди, бу Юсроннинг собиқ мактаб директори эди. У Юсроннинг ота-онаси уйида эди.

"Мен билардим. У нима ҳақда гаплашмоқчи эканини аниқ билардим", дейди Юсрон.

Аҳмад Имануддин Сумар, ўқувчилари орасида "Абаҳ" ["ота"] номи билан танилган, ўз обрўсини сақлаб қолиши керак эди. У Индонезиянинг Ломбок оролидаги исломий интернат мактабининг кенг ҳурмат қозонган раҳбари эди. Ва Абаҳ Юсрон ҳамда унинг собиқ мактабдош дўстлари унинг томонидан жинсий тажовузга учраганини айтган бир нечта ўқувчининг гувоҳликларини тўплаб юрганини билиб қолган эди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Исломий мактаб-интернатларидаги жинсий зўравонлик Индонезиянинг Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик бўйича миллий комиссияси томонидан миллий фавқулодда ҳолат сифатида таърифланган. Аммо кўплаб ишлар ҳеч қачон судгача етиб бормайди, чунки жабрланувчилар ўз даъволарини қайтариб олишга кўндирилади ёки сукут сақлашга босим остида қолади, дейишади ҳуқуқшунос мутахассислар.

Энди Абаҳ Юсрон билан телефонда гаплашар, айнан шундай талабни қўяётган эди.

"Устозингизни шарманд қилишга йўл қўйманг. Ҳар ким хато қилади, болам", деди у йиғлаб.

Аммо у Юсрон унинг ҳар бир сўзини ёзиб олаётганини англамаган эди.

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Юсрон бир йил аввал Абаҳга оид айбловларни ўргана бошлади. Бунга унинг собиқ синфдоши Зиёдатур Раҳмонинг бир кечадаги ошкороти туртки бўлган. Улар иккаласи ҳам Ломбокдаги Абу Барокат мактабининг энг иқтидорли ўқувчилари бўлган. Энди эса улар университетда таҳсил олаётган эдилар: Юсрон пойтахт Жакартада, Зиёдатур эса Мисрнинг Қоҳира шаҳрида. Улар телефон орқали мактабдаги кунларини эслаб суҳбатлаша бошлаган эдилар.

Бир куни кечаси дўстлари орасида Зиё номи билан танилган Зиёдатур Юсронга Абаҳ 16 ёшида унга нисбатан жинсий зўравонлик қилганини айтди.

Унинг айтишича, дарс пайтида ҳожатхонага чиқишига тўғри келган ва Абаҳ уни мактаб боғида учратиб қолиб, ҳудудда жойлашган уйига бирга боришни сўраган.

Уйга киргач, у ўзини яхши кўришини айтганини Зиёдатур Юсронга сўзлаб берган.

"У мени пастга қараб тортди, шунинг учун мен унинг тиззасида ўтирдим ... Кейин у мени ўпиша бошлади ... У танамни силади", у кейинчалик BBC Жаҳон Хизматига Абаҳ унга худди шундай хатти-ҳаракатларни унга нисбатан ҳам қилишни буюрганини тушунтирди.

Яхшиямки, унинг фарзандларидан бири қулфланган эшикни тақиллата бошлаган, деди у. Абаҳ унга чиқиб кетишни ишора қилган ва у орқа томондан қочиб чиққан. Аммо бунинг таъсири ҳалокатли бўлган.

"Ўзимни жуда ҳақоратланган, ҳаётим издан чиққан ва бутунлай йўқолиб қолган шахсдек ҳис қилдим".

Юсрон Зиёнинг бошидан кечирганларини эшитгач, нима қилишни билмай қолди. Уларнинг мактаби уларни: "Самиъно ва атоъно" ["Биз эшитамиз ва бўйсунамиз"] шиори руҳида тарбиялаган эди.

Юсрон денгиз манзараси фонида камерага қараб турибди. У қора худи, оқ шим ва бошига қора кўпия кийган. Қўллари эса чўнтакларида.

Сурат манбаси, Yusron Azzahidi

Сурат тагсўзи, Интернат мактабида туширилган ушбу суратдаги Юсрон ҳар доим ўз директорига катта ҳурмат билан қарар эди.

Аммо у бу ҳақда ўйлашдан тўхтай олмасди.

Шунинг учун у Зиё ҳамда унинг мактабдаги дугоналари Ванда Ҳамида ва Маҳима Ека билан бирга унинг гувоҳлигини қўллаб-қувватлайдиган тасдиқловчи далилларни тўплашни таклиф қилди.

Ва секин-аста, улар собиқ синфдошлари билан суҳбатлашар экан, бошқа хотиралар ҳам юзага чиқа бошлади. Дўстлар ўз топган маълумотларини WhatsApp орқали бир-бири билан баҳам кўришарди.

Энг муҳим маълумот Ванданинг бир дугонасидан келди. У битирув йилида, тун ярмида мактаб ҳаммомида йиғлаб ўтирган ёшроқ бир қизни кўрганини эслади. Шунингдек, Абаҳнинг уни излаб келганини, юзи қизарган ва ҳансираб турганини ҳам эслади.

Бу қиз Сукма Роҳана эди. У ҳали ҳам ўша мактабда таълим олар эди. У бошидан кечирган воқеалар ҳақида BBC'га сўзлаб берди.

Сукма қора ҳижобини тўғрилаётган пайтда бироз букчайиб турган ҳолда тасвирланган. Унинг устида майда оқ гуллар туширилган кўк рангли кийим бор.
Сурат тагсўзи, Сукманинг айтишича, Абаҳ уни зўрламоқчи бўлган

Сукманинг айтишича, у 17 ёшда бўлганида, Абаҳ уни янги йил ибодатида иштирок этишга чақирган. Унинг сўзларига кўра, у Абаҳнинг уйига кирганида, Абаҳ унинг оғзини ёпган ва ётишини айтган. Шундан кейин Абаҳ белидан пастки қисмидаги кийимини ечган.

"У тинмай гапирар, ўзини энди назорат қила олмаслигини айтарди", деди Сукма.

"У ички кийимим орқали мени ҳис қилди ... У мени зўрламоқчи бўлди".

Сўнгра, унинг айтишича, у унинг қорнига қаттиқ тепишга ўзида куч топган ва шу имкониятдан фойдаланиб қочиб кетган.

Унинг сўзларига кўра, қочиб кетаётганида орқасига қараган ва фонар нури уни қидираётганини кўрган.

Шу каби далиллар юзага чиқа бошлагач, Юсрон уларни мувофиқлаштириб борди. У айбловларни билдирган ўқувчилар билан қайта-қайта боғланар ва жуда батафсил қайдлар юритарди.

У Сукма, Зиё ва яна тўрт нафар собиқ ўқувчига нисбатан бўлган зўравонлик ҳақидаги айбловларни баён қилувчи етти саҳифали ҳужжат тайёрлади.

Ванда Наҳдлатул Ватан Диния Исломия (NWDI) вакиллари билан учрашув ташкил қилди. Бу уларнинг мактаби ва яна юзлаб бошқа мактабларни бошқарадиган, шунингдек, баъзи ўқувчиларнинг Қоҳирадаги таълимини молиялаштириб келаётган нуфузли ташкилот эди.

Учрашув яхши ўтди, деди дўстлар бизга. NWDI вакиллари уларга ишни полицияга олиб чиқишда ёрдам беришларини айтган эди.

Бироқ уч ҳафта ўтгач, Юсрон опасидан ўша хавотирли хабарни олганида ва қўнғироқ қилгач, Юсроннинг оилавий уйида телефоннинг нариги учида Абаҳ чиққанидан кейин, NWDI Юсроннинг ёзма ҳужжатларини унга бериб юборгани маълум бўлди.

"Агар бу оммавий ахборот воситаларига сизиб чиқса... мен тамом бўламан", дейётгани эшитилади Абаҳнинг Юсрон томонидан ёзиб олинган аудиосида.

У Юсрондан ўзи учун ёлғон гапиришни сўрайди ва унга далиллар ҳақидаги ҳужжатидан воз кечиши учун фойдаланиши мумкин бўлган бир қатор баҳоналарни айтиб беради.

Кейин у Зиёга қўнғироқ қилди ва унга ҳам шунга ўхшаш босим ўтказди. Юсрон каби, у ҳам суҳбатни ёзиб олди. Ушбу суҳбатда Абаҳ унга нисбатан зўравонлик қилганини тан олади, аммо ундан бу ҳақда жим қолишни илтимос қилади.

Абаҳ бошига қора кўпия кийган. У қора костюм, қора галстук ва оқ кўйлакда бўлиб, елкасига қора ва сариқ рангли тасма ташлаб олган. У минбар ортида нутқ сўзламоқда, унинг олдида микрофон турибди.

Сурат манбаси, Abu Barokat Facebook

Сурат тагсўзи, Ўқувчилари орасида "Абаҳ" номи билан танилган Аҳмад Имануддин Сумар Зиё ва Сукмадан ўз бошидан кечирганлари ҳақида ҳеч кимга айтмасликни сўраган.

Сукма эса, ўз навбатида, Абаҳнинг уйига чақирилганини ва у ерда ўзини икки нафар полиция ходими ҳамда NWDI ташкилотининг адвокати кутиб турганини кўрганини бизга айтди. Унинг сўзларига кўра, улар уни барча айбловлари ёлғон экани кўрсатилган ҳужжатга имзо қўйишга мажбур қилган.

Унинг бу гапларини кейинроқ Абаҳнинг рафиқаси Ҳурмиати билан юзлашганида яширинча ёзиб олган аудиоси ҳам тасдиқлайди.

Ҳурмиати унга ҳеч нарса бўлмагани ҳақидаги уларнинг "келишуви"га амал қилишни айтаётгани эшитилади. У яна шундай дейди: "Бунинг сизни умрингиз охиригача таъқиб қилиб юришини истайсизми? Бу турмуш қуриш имкониятларингизга таъсир қилишини истайсизми?".

Бу босим ҳатто Абаҳнинг Юсроннинг ота-онасидан уни университетда топиш учун Жакартага учиб боришни сўрашигача етди. Улар уни топа олмади, чунки у меҳмонхонада яшириниб юрган эди. Аммо бошидан кечирилган бу воқеалар Юсроннинг онаси учун жуда оғир бўлди. У ўғлига бу босим уни ўлимга етаклаётганини айтди.

Шундай қилиб, Юсрон истамаган ҳолда суриштирувини тўхтатди.

Шу орада у ва Зиё аста-секин яқинлаша бошлади. Дўстлик узоқ масофали муносабатларга айланди ва улар мунтазам равишда телефонда гаплашиб туришарди.

"Ва мен унинг ҳақиқатан ҳам қийналаётганини кўриб турардим... У: 'Нега мен ҳали ҳам [Абаҳ] қилган ишни ўйлайвераман?' каби гапларни айтарди".

Юсрон севиб қолаётган қизга ёрдам бериш билан онасига берган ваъдаси ўртасида иккиланиб қолган эди.

Орадан саккиз ой ўтгач эса, Юсрон исломий мактаблардаги жинсий зўравонлик ҳақида хабардорликни ошириш билан шуғулланувчи бир гуруҳ ҳақида эшитди. У Аю Масруроҳ исмли ёш аёл томонидан ташкил этилган бўлиб, у Моч Субчи Азал Цани исмли ўқитувчи томонидан бошқа бир мактабда зўравонликка учраган дугонасига адолат топишда ёрдам берган эди.

Аю энди ижтимоий тармоқларда бу ҳақда очиқ гапириш зарурати ҳақида фаол равишда ёзиб борарди.

Бу эса Зиёни Instagram'да мурожаат қолдиришга илҳомлантирди. У зўравонликка дуч келган ҳар қандай индонезиялик ўқувчидан ўзи билан боғланишни сўради.

У Абаҳнинг танбеҳларига ва ўзгариш ҳақидаги ваъдаларига қарамай, яна шундай амаллар қилганини билиб олди. Зиёнинг мактабида ўқиган бир қиз боғланиб, ўзи ҳам Абаҳ томонидан зўравонликка учраганини айтди. Айтилишича, бу ҳолат Абаҳнинг Зиё ва Юсронга берган ваъдаларидан қарийб бир йил ўтгач содир бўлган.

"Бу менга [Абаҳ] аслида умуман ўзгармаганини англатди... У тўхташи ҳақида айтган гапларининг ҳаммаси... барчаси шунчаки ёлғон экан", деди Зиё.

Ниҳоят, Юсроннинг ота-онаси унга Зиё ва Сукмага адолат излаш йўлини давом эттиришда ёрдам беришига рози бўлди.

Аммо бу сафар дўстлар ишни бошқача қилишга қарор қилди. Улар Аю билан боғланишди ва у аниқ адвокат ёллаш ҳақида маслаҳат берди. Аю уларни жинсий зўравонликдан жабр кўрганларга вакиллик қилиш тажрибасига эга бир мутахассис билан таништирди. У Сукманинг иши жиноий таъқибни таъминлаш учун энг кучли иш эканини айтди.

Биз Абаҳ ва Ҳурмиати билан уларга қўйилаётган айбловлар юзасидан боғландик, аммо улар жавоб бермади.

NWDI айтишича, ташкилот ҳали ҳам айбловларни ички тартибда текширмоқда ва жинсий зўравонлик ҳақидаги даъволарни яширишга уринганини рад этади.

Ташкилот баёнотида айтилишича, унинг "ташкилотни айрим шахсларнинг гумон қилинаётган хатти-ҳаракатлари туфайли обрўсизланишдан ҳимоя қилиш мажбурияти" бўлган.

Сукма ўтган йилнинг февралида Абаҳ устидан полицияга ариза берди. У ҳали ҳам полициянинг чора кўришини кутмоқда, Абаҳ эса ҳамон ўз лавозимида қолмоқда.

"Менинг бошимга тушган воқеа бошқа бирорта ўқувчининг бошига тушишини истамайман. Мен адолат истайман", деди у BBC'га.

Бироқ бу суриштирув Зиё ва Юсронни янада яқинлаштирди. Ўтган йилнинг феврал ойида, уч йил давомида ёзишиб ва гаплашиб юрганларидан сўнг, Юсрон Зиё билан бирга бўлиш учун Қоҳирага кўчиб ўтишга қарор қилди.

Зиё елкасига сомондан тўқилган сумка осиб олган, оқ блузка ва пушти ҳижоб кийган. У қўлини Юсроннинг бошига қўйган. Юсрон уни қучоқлаб турган бўлиб, кулранг спорт шими ва қора футболка кийган.
Сурат тагсўзи, Зиё ва Юсрон Қоҳирада. Уларнинг айтишича, бошидан кечирган синовлар давомида улар бир-бирига бўлган ишончни мустаҳкамлаган.

"Мен Жакартада жуда қаттиқ чарчадим. Чунки бутун вақт давомида полиция иши билан шуғулланардим. Шундай қилиб, мен Зиёни кўрганимда ... бу менга руҳий таскин берди", деди у.

Зиё жуда хурсанд бўлиб "тўхтовсиз гапира бошлади". "Ўшанда мен унинг муносабатга жиддий ёндашаётганини билдим. У бутун йўлни босиб мен учун Мисрга келган эди. Мен унга ишонаман. Шунинг учун мен у билан биргаман".

Бу ишонч, маълум маънода, уларнинг адолат излаш йўлидаги умумий кураши давомида шаклланган. Ўтган ой жуфтлик турмуш қурди.

Уларнинг адвокати Жоко Жумади талабаларнинг жасорати ва пухта ишлаганидан таъсирланганини айтди.

Унинг таъкидлашича, улар тўплаган ёзувлар жабрланганларга ўтказилган босимни ҳужжатлаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. "Бир неча қурбонлар тилга олинган - шахснинг ўзи ҳам тан олган. Бу асосий далиллар", деди у.

Жоко ва унинг жамоаси сўнгги уч йил ичида маҳаллий Ғарбий Нуса Тенггара вилоятидаги ислом мактаб-интернатлари билан боғлиқ 20 та жинсий зўравонлик ҳолатларини кўриб чиқди ва у буни "айсбергнинг учигина халос" деб ҳисоблайди.