Ўзбекистон: Адабиёт музейи бошпанасиз қолдими ва ё Янги Тошкентга кўчирилаётган кўҳна қўлёзмалар тақдири ҳақида нималар маълум?

Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейининг ҳозирги биноси
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи Янги Тошкентда қурилаётган янги бинода фаолиятини давом эттиради ва ҳозирги тарихий бинога қайтмайди.

Бу ҳақда музей директори Шаҳноза Назарова BBC Ўзбекка маълум қилди.

Унинг айтишича, музей ёпилаётгани йўқ, балки янги бинога кўчишга тайёргарлик кўрмоқда.

"Музей ёпилаётгани йўқ. Музей яна ҳам яхшироқ шароитга ўтишга тайёргарлик кўряпти".

Назарованинг айтишича, музей фондидаги барча қўлёзмалар, тошбосма китоблар, архив ҳужжатлари ва бошқа экспонатлар Янги Тошкентдаги янги музейга кўчирилади. Ҳозирча улар вақтинча бошқа муассасаларда сақланмоқда.

Шунингдек, у янги музей биноси қурилиши суръатига қараб 2027–2028 йилларда фойдаланишга топширилиши мумкинлигини билдирди.

Бироқ шу кунларда музей тақдири ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Жамоатчиликни нима хавотирга солмоқда?

Facebookдан олинган скриншот
Сурат тагсўзи, Facebookдаги фикрлар

Сўнгги кунларда Ўзбекистон Фанлар академияси тасарруфидаги музей тақдири ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.

Ёзувчи Шукур Жаббор Президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган мурожаатида музей учун янги жой ажратилмаганини, "70 мингга яқин ноёб экспонатлар тақдири номаълумлигича қолаётгани"ни айтиб, бу ҳолатни "ўзбек адабиёти ва маданияти тарихидаги энг катта фожиалардан бири" деб атади.

У, шунингдек, музей экспонатларининг бир қисми вақтинча Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ертўласига жойлаштирилганини ёзди.

Бу мурожаат ортидан юзлаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари музейнинг келажаги, ноёб қўлёзмалар тақдири ва тарихий бинодан кейинчалик қандай фойдаланилиши ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Муҳокамаларда турли қарашлар билдирилди.

Айримлар музей айнан ҳозирги тарихий бинода сақланиб қолиши лозимлигини таъкидлади.

Шоира Гўзал Бегим шундай ёзди: "Музей эскилиги билан ҳам, нураётганлиги, тўкилаетганлиги билан ҳам ажойиб эди. Жойиям гўзал. Деворига ишланган асарлар, ҳайкаллар, деворлари, қадимий қўлёзмалари - ҳар бири ўзига хос. Музейига ялтироқ бинонинг кераги йўқ. Ўз жойида сақлаб қолиш керак".

Унинг фикрича, музейга ташриф буюрувчилар камлиги ҳақидаги қараш ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди.

"У ерга интеллект баланд, уни ақлан ва қалбан ҳис қиладиган томошабинлар боради".

Фойдаланувчи Тўлқин Ёрқулов эса бинодан кўра музей фондини сақлаб қолиш муҳимроқ эканини таъкидлади.

"Бу музейнинг биноси сақланмаса ҳам, музей учун муносиб жой топиш ҳамда ундаги барча осори-атиқаларни сақлаб қолиш керак".

Shoira Go'zal Begim
Goʻzal Begim/Facebook
Muzeyiga yaltiroq binoning keragi yo‘q. O‘z joyida saqlab qolish kerak...
Go'zal Begim
Shoira (batafsil: BBC.COM/UZBEK)

Айримлар масалани миллий маданий мерос нуқтаи назаридан баҳолади.

"Бу масала фақат бир музейнинг жойлашуви ёки бир муассасанинг маъмурий тақдири ҳақида эмас. Бу халқимизнинг адабий хотираси, маънавий мероси, миллий ўзлиги ҳақидаги масаладир", деб ёзди Раҳимжон Султанов.

Музей асосчиларидан бири Ҳамид Сулаймоннинг қизи эканини айтган Зуҳра Ашрабова ҳам хавотир билдирди.

"Мен музейни барпо этган Ҳамид Сулаймоннинг қизиман. Чарчадик музейни ҳолига қайғуришга. Нима қилай, кимга борай, музей раҳбарияти индамай турса!"

Журналист ва таржимон Аъзам Обидов эса жамоатчиликка тушунтириш кеч берилганини танқид қилди.

"Бу музейнинг директори, ходимлари йўқми? Нега улар жим?"

Шу билан бирга, музейнинг собиқ директори Жаббор Эшонқул ижтимоий тармоқларда музей ёпилаётгани ҳақидаги даъволарга қўшилмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, бино 1968 йилдан буён капитал таъмирланмаган бўлса-да, экспонатлар мутахассислар назорати остида сақланмоқда ва музей фаолияти тугатилаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга мос келмайди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Расмийлар: музей ёпилмаяпти

Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейининг Тошкент марказида жойлашган тарихий биноси. Музей раҳбариятига кўра, муассаса Янги Тошкентда қурилаётган янги бинога кўчади ва ҳозирги бинога қайтмайди.
Сурат тагсўзи, Айрилиқ они яқинми?..

Жамоатчиликдаги муҳокамалардан кейин Ўзбекистон Фанлар академияси расмий муносабат билдирди.

Академияга кўра, амалга оширилаётган ишлар музей фаолиятини тугатиш учун эмас, балки ноёб қўлёзмалар, архив материаллари ва бошқа музей бойликларини хавфсиз сақлаш, уларни рақамлаштириш ҳамда янги музей биносига кўчиришга тайёрлаш мақсадида олиб борилмоқда.

Баёнотда айтилишича, ишлар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 майдаги 234-Ф-сонли фармойиши асосида амалга оширилмоқда.

Фанлар академияси маълум қилишича, Янги Тошкент шаҳрида музей учун янги бино қурилмоқда. У фойдаланишга топширилгунга қадар музей фондидаги қўлёзмалар, архив материаллари ва бошқа экспонатлар вақтинча бошқа муассасаларга кўчирилмоқда.

Қўлёзмалар қаерга кўчирилди?

Музей директори Шаҳноза Назарова

Сурат манбаси, Shahnozaxon Nazarova

Сурат тагсўзи, Музей директори Шаҳноза Назарова

BBC Ўзбекка берган интервюсида музей директори Шаҳноза Назарова музей фондидаги барча қўлёзмалар, тошбосма китоблар, архив ҳужжатлари ва бошқа экспонатлар кейинчалик Янги Тошкентдаги янги музейга кўчирилишини айтди.

"Ҳаммаси. Янги Тошкентга ҳамма нарса кетади. Музейнинг ҳисобида қанақа қўлёзма, қанақа тошбосма, қанақа архив ҳужжат, қанақа экспонат бўлса, ҳаммаси..."

Унинг таъкидлашича, музей ёпилгани йўқ, ҳозирги ишлардан мақсад фондларни янги бинога кўчирилгунга қадар асраб қолишдир.

"Қўлдаги қўлёзмалар, тошбосмалар ва архив материалларини сақлашимиз керак. Иссиқда, совуқда йўқолиб кетмаслиги керак".

Фанлар академияси маълумотига кўра, ҳозиргача:

847 та ноёб қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кўчирилган;

1491 та тошбосма манба хатловдан ўтказилган;

439 папка фотонусха;

145 папка плёнка ва негатив;

1 миллион 416 минг 512 та ҳужжатдан иборат "Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари архиви" фонди бирламчи хатловдан ўтказилган.

Қолган музей экспонатлари эса, Фанлар академиясининг Антропология институтига кўчирилмоқда.

Шаҳноза Назарованинг қўшимча қилишича, музей ҳозирча томошабинлар учун ёпиқ бўлса-да, ходимлар фондларни хатловдан ўтказиш ва кўчириш ишларини давом эттирмоқда.

Тарихий бинога нима бўлади?

Музейнинг ҳозирги биноси
Сурат тагсўзи, Тақдири номаълум

Музей Янги Тошкентга кўчгач, унинг ҳозирги тарихий биноси тақдири қандай бўлиши ҳам асосий саволлардан бири бўлиб қолмоқда.

Музей директори Шаҳноза Назарова бу масала музей раҳбарияти ваколатига кирмаслигини айтди.

"Бу Маданий мерос агентлигининг рўйхатидаги бино. Ўзлари таъмирлайди, ўзлари муҳофаза қилади. Кейин нима бўлишини мен билмайман..."

BBC Ўзбек бу масала юзасидан Маданий мерос агентлигига ҳам мурожаат қилди.

Бироқ агентлик вакили ҳам "музей ҳам, унинг ҳозирги биноси ҳам агентлик балансида эмас"лигини билдирди.

Демак, музейнинг Янги Тошкентга кўчиши тасдиқланди. Аммо унинг ҳозирги тарихий биноси тақдирига оид саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.