18 ёшгача диний таълим: Ўзбекистон сиёсати ўзгарадими?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Шодиёр Сайф
- Role, BBC.COM/UZBEK
- Published
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Ўзбекистонда вояга етмаганларнинг диний таълим олишига доир чекловлар яна баҳс марказига чиқди. Жамият эътирозлари ҳақлими? Давлат нимадан хавотирда?
Президент администрациясининг Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти раҳбари Музаффар Комилов мамлакатда 18 ёшгача бўлган шахслар учун диний таълим масаласи ўрганилаётганини билдирди. Аммо унинг баёнотида энг кўп муҳокама қилинган жумлалардан бири шу бўлди:
"Жамият тайёр бўлмаса, давлат жамиятда пала-партишлик бўлишига ҳеч қачон йўл қўймайди".
Расмийнинг бу сўзлари ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга сабаб бўлди.
Айримлар давлатнинг эҳтиёткор ёндашувини ҳимоя қилмоқда. Бошқалар эса Ўзбекистон аллақачон диний таълим соҳасида дунёдаги энг қаттиқ чекловлардан бирига эга эканини ва бу ҳолатни яна чўзиш учун асос қолмаганини айтмоқда.
"Диний эркинликка "оилалар ва жамият тайёр бўлиши керак" эмиш. Биз-ку, тайёрмиз, сизлар тайёрмисизлар, икки гапнинг бирида ўзини "давлат" деб атайдиган амалдорлар?" дея савол беради Musannif Adham.
"Виждон эркинлиги дахлсиз бўлиши учун ҳам болалигидан ота она ўзи танлаган динга фарзандини мажбуран эътиқод қилдирмасин демоқчи тушунишимча. Бола вояга етгач ўз билимига ва мустақил фикрига эга бўлгач ўз ихтиёри билан танласин демоқчи. Мен шундай тушундим, яна билмадим…", дейди Abduaziz Khaydarov.
Odina Musajon эса Қирғизистондан мисол келтиради:
"Қиргизистон ҳар бир қадамга мадраса очиб қўйган, хоҳлаганлар кириб ўқийди, лекин бошқа оқим кўпайиб кетгани йўқ, ҳамма диндор бўлиб дунёдан воз кечгани йўқ, диний таълимга рухсат берилса, ҳамма диндор бўлиб муккасидан кетади дейиш нотўғри. Хоҳлаганларга имкон яратиб берилар".
Амалда 18 ёшгача диний таълим мумкинми?

Сурат манбаси, Getty Images/Hans Neleman
Ўзбекистон қонунчилигида "18 ёшгача диний таълим тақиқланади" деган тўғридан-тўғри жумлани топиш қийин.
Бироқ амалдаги тизим айнан шундай натижага олиб келади.
"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунга кўра диний таълим муассасаларига қабул умумий ўрта таълим тугалланганидан кейин амалга оширилади.
Би-би-си Ўзбек хизмати 2021 йилда ўтказган суриштирувда ҳам айнан шу нуқтага эътибор қаратган эди. Ўша пайтда Дин ишлари бўйича қўмита Қуръон ва тажвид курслари мавжудлигини айтган бўлса-да, амалда бу курсларга ҳам ўрта таълимни тугатмаганлар қабул қилинмаслиги маълум бўлган.
Биз текширган Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий қабул эълонларида ҳам барча ўрта махсус ислом таълим муассасаларига қабул учун 11-синфни тамомлаганлик ҳақидаги аттестат талаб қилинади.
Масалан, "Имом Термизий", "Ҳидоя", "Кўкалдош" каби мадрасалар ва бошқа ўрта махсус диний таълим муассасалари қабул шартларида умумий ўрта таълим ҳақидаги ҳужжат тақдим этилиши шартлиги кўрсатилган.
Бу эса амалда диний таълим муассасаларига қабул қилиш 18 ёш атрофидан бошланишини англатади.
2020 йил очилган "Имом Термизий" ўрта махсус ислом таълим муассасаси қошидаги "Қуръони карим ва тажвид" ўқув курсида ўқиш учун ҳам 18 ёшга тўлган бўлиши шарт қилиб келтирилган.
Муҳими, бу талаб фақат исломий таълим муассасаларига хос эмас.
Аввалроқ рус православ черкови ҳам Тошкент диний семинарияси мактаб ёшидаги болалар учун эмаслиги ва у олий диний таълим муассасаси ҳисобланишини маълум қилган.
Аммо Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий болалар учун халқ тилида "якшанба мактаблари", деб аталувчи суҳбатлар ташкил қилинишини ҳам айтган.
Jamiyat tayyor bo‘lmasa, davlat jamiyatda pala-partishlik bo‘lishiga hech qachon yo‘l qo‘ymaydi.
Ўзбекистон ёлғиз эмас, аммо бундай чекловлар дунёда кам учрайди
Давлат расмийлари кўпинча Ўзбекистон моделига хавфсизлик нуқтаи назаридан ёндашади. Аммо халқаро тажрибага қаралганда, болаларнинг диний таълимини чеклаш амалиёти кенг тарқалган эмас.
Аксинча, дунёнинг аксарият давлатларида болалар ота-она розилиги билан черков, масжид, синагог ёки бошқа диний муассасалар қошида диний таълим олиши мумкин. Бу ҳатто Франция, АҚШ, Германия каби дунёвий давлатларда ҳам одатий ҳол ҳисобланади. Православ черковларида якшанба мактаблари, католикларда катехизация дарслари, мусулмон жамоаларида Қуръон ва тажвид курслари кенг тарқалган.
Шу нуқтаи назардан қаралганда, Ўзбекистоннинг амалдаги тизими халқаро тажрибадан анча фарқ қилади.
Тожикистон тажрибаси
Марказий Осиёда Ўзбекистонга энг яқин мисол сифатида узоқ йиллар давомида Тожикистон келтириб келинган.
2011 йилда қабул қилинган "Ота-оналар масъулияти тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, 18 ёшгача бўлганларнинг диний тадбирларда қатнашиши ва диний таълим олишига жиддий чекловлар қўйилган эди. Бу қонун халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ва дин эркинлиги бўйича экспертлар томонидан кўп танқид қилинган.
Тожикистон ҳукумати бу чекловларни экстремизм ва радикаллашувга қарши кураш зарурати билан изоҳлаб келган. Бу аргументлар Ўзбекистон расмийларининг ҳозирги позициясига ҳам маълум маънода ўхшайди.
Бироқ сўнгги йилларда Тожикистоннинг ўзи ҳам мазкур сиёсат самарадорлиги юзасидан баҳсларга дуч келмоқда.
Хитой тажрибаси
Дунёда вояга етмаганларнинг диний таълимига нисбатан энг қаттиқ давлат сиёсатларидан бири Хитойда кузатилади.
АҚШ Давлат департаментининг диний эркинлик бўйича ҳисоботларида қайд этилишича, Хитой қонунчилиги давлат таълим тизимига диний таъсир ўтказишни тақиқлайди ва амалда 18 ёшгача бўлганларнинг кўплаб диний фаолиятларда иштирок этиши ҳамда диний таълим олишини чеклайди.
Шинжонда эса чекловлар янада қаттиқ. Халқаро ҳисоботларга кўра, у ерда вояга етмаганларнинг диний таълим олиши ва диний тадбирларда қатнашиши тақиқланган.
Хитой ҳукумати бу сиёсатни ҳам экстремизм, сепаратизм ва хавфсизлик масалалари билан изоҳлайди.
Ўзбекистон қаерда турибди?
Агар дунё тажрибасига қаралса, Ўзбекистон диний таълимга нисбатан энг либерал давлатлар қаторига ҳам, Хитой каби энг қатъий чекловчи давлатлар қаторига ҳам кирмайди.
Аммо амалдаги қоидалар туфайли мамлакат "болаларнинг расмий диний таълим олишини чеклаган давлатлар клубида қолмоқда".
Бу жиҳатдан Ўзбекистон модели Европанинг аксарият давлатлари, АҚШ ёки Туркиядан кўра Тожикистон ва айрим жиҳатлари билан Хитой амалиётига яқинроқ кўринади.
Шу сабабли Музаффар Комиловнинг "масала кўриб чиқилмоқда" деган баёноти оддий ҳуқуқий ўзгаришдан кўра кенгроқ саволни кун тартибига чиқармоқда:
Ўзбекистон келгусида Тожикистон ва Хитойга ўхшаш эҳтиёткор моделни сақлаб қоладими ёки диний таълим соҳасида Туркия, Қирғизистон ва кўплаб бошқа давлатлар йўлидан борадими?
Бу саволга жавоб ҳозирча очиқ қолмоқда.
Диний таълим тақиқланган уч давр
Ўзбекистондаги баҳсларни тушуниш учун мамлакатнинг яқин тарихига назар ташлаш керак.
Совет даври
Ўзбекистон ҳудудида диний таълимга жиддий чекловлар биринчи навбатда СССР даврида жорий қилинган.
Масжидлар ёпилган, диний мактаблар тугатилган, диний таълим деярли йўқ қилинган.
Расмий мафкура атеизмга асослангани учун дин хусусий ҳаёт даражасига туширилган эди.
Каримов даври
Мустақилликнинг дастлабки йилларида диний эркинлик қисқа муддат кенгайди. Масжидларда Қуръон ва тажвид курслари кенг ёйилди. Мадрасалар вояга етмаганларни ҳам қабул қиларди.
Аммо 1990 йиллар ўрталаридан бошлаб давлат диний соҳани қаттиқ назорат қилиш сиёсатига ўтди.
Айнан шу даврда хусусий диний таълим, ҳужралар, болаларга диний сабоқ бериш каби фаолиятлар тақиқланди.
Бугунги қонунчиликнинг катта қисми ҳам айнан ўша йилларда шаклланган.
Ҳозирги давр
Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин диний соҳада бир қатор эркинлашувлар кузатилди.
Юзлаб масжидлар очилди. Ҳаж квоталари оширилди. Мадрасалар ва диний таълим муассасалари сони кўпайди.
Бироқ болаларнинг диний таълими масаласида асосий чекловлар сақланиб қолди ва айрим ўринларда бу борада жазо чоралари кучайтирилди.
Бугун муҳокама қилинаётган масала айнан шу соҳадаги эҳтимолий ўзгаришлар ҳақидадир.
Давлат нимадан хавотир қилмоқда?
Музаффар Комилов чиқишида хавотирларни бир неча бор таъкидлади.
Унинг фикрича, Ўзбекистон мураккаб минтақада жойлашган ва диний соҳадаги ҳар қандай эркинлашув эҳтиёткорлик билан амалга оширилиши лозим.
Комилов икки марта — 1990-йиллар бошида ва 2016 йилдан кейин — диний эркинлик тез кенгайганини, ҳар икки ҳолатда ҳам айрим суиистеъмоллар кузатилганини айтди. Бироқ уларнинг тафсилотларига тўхталмаган.
Давлат позициясига кўра, муаммо диннинг ўзида эмас. Муаммо назоратсиз муҳитда.
Расмийлар диний таълимни эмас, балки унинг орқали радикал ғоялар тарқалиш эҳтимолини хавф сифатида кўради.
Танқидчилар нима дейди?
Чекловларга қарши чиққанлар эса мутлақо бошқача фикр билдирмоқда.
Уларнинг айтишича, айнан расмий диний таълим имкониятларининг йўқлиги норасмий ҳужраларга эҳтиёж туғдирмоқда.
Кўплаб диний уламолар ва фаоллар Қуръонни ёдлаш, тажвид ва асосий диний билимларни катта ёшда эмас, болаликдан ўрганиш самарали эканини таъкидлайди.
Улар Ибн Сино, Фаробий, Бухорий, Термизий, Улуғбек каби тарихий шахсларнинг илк таълими ҳам болаликдан бошланганини эслатади.
"Масжидларда ёшидан қатъий назар, Қуръон ўқиб ёд олмоқчи бўлганларга имконият берилиши керак. Шу хукумат масжидларга ва ундаги диний ходимларга ишонар ахир. Хўп бошқагамас, шу масжидларни ҳаммасига бу имконият берилиши керак. Чунки бугун жамият шунга муҳтож", дейди Фазлиддин Андижоний.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Икром Бабаев "Ёшликда ўрганилмаган диний билим, 18 ёшдан кейин ўрганиладими? Диний билим бола тили чиккан вактда бошлаш керак. Мактаб дарслигига қўйиш керак. Шунда келажак авлоддан порахўр раҳбарлар чикмайди".
"Диний таълимга дунёнинг деярли барча мамлакатларида қонуний равишда омматан рухсат этилган. Одамлар таҳорат-намоз, одоб-ахлоқни айнан шундай таълим орқали ўрганади. Муҳтарам Музаффар Комилов жаноблари таъкидлаганларидек, улардаги тажриба ва натижалар билан танишиш ўринли. Менинг билганим шуки, диний таълим омматан рухсат этилган мамлакатларда ҳам давлат дунявийлигини йўқотгани йўқ. Балки шу тажрибалар ҳам ўрганилар..." дейди Hasan Al-Muqriy.
Айрим имомлар эса радикализмнинг олдини тақиқ эмас, балки соғлом диний билим олиш олишини таъкидлаб келади.
Уларнинг фикрича, динни умуман билмаган ёшни адаштириш осонроқ.
Халқаро мажбуриятлар масаласи
Мавзунинг яна бир томони бор. Ўзбекистон 1997 йилда БМТнинг дин ва эътиқод эркинлигига оид декларациясини ратификация қилган.
Унда ота-оналар фарзандларини ўз диний эътиқодига мувофиқ тарбиялаш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган.
Айрим ҳуқуқшунослар фикрича, Ўзбекистондаги амалдаги чекловлар ана шу халқаро мажбуриятлар билан ҳам баҳсли муносабатда қолмоқда.
Ўзюекистонда ота-она боласига диний таълим бериши тақиқланмаган бўлса-да, боласини диний таълимга далб қилгани учун жавобгарлик белгиланган.
Расмий идоралар эса мамлакатда диний эҳтиёжларни қондириш учун шароитлар мавжудлигини таъкидлаб келади.
Вазият ўзгарадими?
Ҳозирча бу саволга аниқ жавоб йўқ. Бироқ аввалги йиллардан фарқли равишда давлат масалани муҳокама қилишга тайёр эканини кўрсатмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат бор. Баҳс энди "диний таълим керакми ёки йўқми" масаласидан чиқиб кетган.
Ҳозир муҳокама марказида бошқа савол турибди:
Агар давлатнинг ўзи ҳам чекловларни қайта кўриб чиқиш ҳақида ўйлаётган бўлса, унда ҳақиқатдан ҳам жамият тайёр эмасми? Ёки жамият анча олдин тайёр бўлиб бўлган, давлат эса ҳали қарор қабул қилиш босқичига келмаганми?
Бу саволга жавоб эҳтимол яқин йилларда Ўзбекистоннинг диний сиёсати қай йўналишда ривожланишини белгилаб беради.




























