Эрдўғоннинг кутилмаган совғаси

Сурат манбаси, Reuters
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқарада ўтказилган НАТО саммити ниҳоясида анжуманда қатнашган ҳар бир давлат раҳбарига олти ўқли тўппонча совға қилди.
Тўппончалар маҳаллий турк қурол ясовчилари томонидан махсусан ясалган ва ўқлари билан бирга тақдим этилган. Ҳар бир тўппонча қутисига у совға қилинган раҳбарнинг исми ўйиб ёзилган.
Юқори мартабали НАТО саммити меҳмонлари совғаларни ўзлари билан олиб кетишларига йўл очиш учун Туркия Президенти ўқ отар қуроллар экспортини улар учун бекор ҳам қилган.
Голландия маҳаллий матбуоти хабарларига кўра, НАТО Бош Котиби Марк Рютте совға учун Туркия раҳбарига миннатдорчилик билдирган, аммо қуролни совға сифатида қабул қила олмаслигини билдириб, узр сўраган.
Голландия Бош вазири Роб Йетен дипломатик протоколга биноан совғани рад этмаган, аммо қурол импортига қўйилган қатъий чекловлар туфайли мамлакатга олиб келмаган ва Анқарадаги Голландия элчихонасида қолдирган.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу каби совға тақдим қилинганлар орасида Британия Бош вазири Кейр Стармер ҳам бор эди.
Аммо у бу совғани Британияга олиб келмаган. Чунки мамлакат қонунлари ўқ отар қуролларни олиб киришни тақиқлайди.
Хабарларга кўра, жаноб Стармер тўппончани ўқ отилмайдиган қилиб, зарарсизлантириш учун Туркиядаги Британия расмийларига бериб келган.
Германия канцлери ва Голландия Бош вазири ҳам совғани ўзлари билан олиб кетишмаган.
Канада Бош вазири Марк Карни эса дастлаб унга қути ичида анъанавий ширин сироп туҳфа қилинди, деб ўйлаганлигини айтган.
"Кейин мен Канада Қуролли кучлари ёки Уруш тарихи музейида сақланиши мумкин бўлган нарса сифатида кўрдим. Ҳар ҳолда кенгроқ манзарада НАТО билан боғлиқ", дея илова қилган у.
"Лекин мен бу каби совғани кутмагандим", деган Канада Бош вазири.
Хабар берилишича, Канада Бош вазири тўппончани ўзи билан мамлакатга олиб келган, аммо ўқларини ортда қолдирган.
Совға-тўппонча билан боғлиқ энг қизиқарли ҳодиса Белгия Бош вазири билан рўй берди.
Белгия ҳайъати Бош вазирга совға сифатида берилган қутини ҳатто очиб ҳам кўришмаган ва қутида нима борлиги мамлакатга қайтган вақтда аён бўлган.
Белгия расмийларига кўра, Бош вазир бу каби совғадан ҳайратга тушган ва шу заҳотиёқ аэропортда полицияга топширган.




























