Эронда олий раҳбар Али Хоманаий учун оммавий мотам бошланди

Аёллар Эроннинг марҳум олий раҳбари Али Хоманаий ҳамда унинг оила аъзолари тобутлари ёнида йиғламоқда.

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Табби Уилсон
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Эрон АҚШ ва Исроил февралда уюштирган ҳужумларда ҳалок бўлган собиқ олий раҳбари Оятулло Али Хоманаий учун бир неча кунлик оммавий мотам ва дафн маросимларини бошлади.

Марҳум оятуллонинг жасади жума кунидан бошлаб Теҳрондаги Катта Мусаллода (оммавий намоз ўқиладиган ва давлат маросимлари ўтказиладиган йирик диний мажмуада) жамоатчилик билан хайрлашув учун қўйилади.

Франс Пресс агентлиги маълумотига кўра, расмийлар дафн маросимига Эроннинг турли ҳудудларидан 20 миллионгача киши келиши мумкинлигини билдирган.

Маросим Эрон ва АҚШ июнь ойида можарони тўхтатиш бўйича дастлабки келишувни имзолагандан кейин амал қилаётган, аммо ҳали ҳам мустаҳкамланмаган ўт очишни тўхтатиш режими даврида ўтмоқда.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Унинг жасади АҚШ ва Исроилнинг февралдаги зарбаларида ҳалок бўлган оила аъзолари жасадлари билан бирга уч кун давомида Теҳрондаги Катта Мусаллода сақланади.

Шанба куни Теҳронда расмий дафн маросими ўтказилади.

Франс Пресс агентлиги хабар қилишича, ҳукумат Теҳрондаги давлат ва хусусий идораларни шанбадан душанбагача ёпишни буюрган. Шунингдек, ҳаракат чекловлари сабабли шаҳар марказининг катта қисмида хусусий автомобиллар ҳаракати тақиқланади.

Теҳрон ҳаво ҳудуди жума кунидан қисман, душанба куни эса тўлиқ ёпилади.

Шундан сўнг тобутлар Машҳадга олиб кетилишидан аввал Ироқнинг муқаддас шаҳарлари - Нажаф ва Карбалога ҳам олиб борилади.

Хоманаийнинг ўрнига олий раҳбар этиб унинг ўғли Мужтабо тайинланган. Бироқ у бу лавозимни эгаллаганидан буён ҳали жамоатчилик олдида кўриниш бермаган.

Дафн маросимига кимлар бориши кутилмоқда

Маросимларда бир қатор мамлакатлар раҳбарлари ва расмий вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Улар орасида Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф бор.

Марказий Осиёдан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Теҳронга етиб борган.

Ўзбекистондан эса парламент Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги расмий делегация Эронга йўл олиши хабар қилинганди.