АҚШ қандай пайдо бўлди? Мустамлакалардан дунё қудратига айланиш тарихи. Видео

Бугунги Америка Қўшма Штатлари дунёнинг энг қудратли давлатларидан бири ҳисобланади. Аммо XVIII аср ўрталаригача бундай мамлакат мавжуд эмас эди. Ҳозирги АҚШ ҳудуди бўйлаб тарқалган 13 та британ мустамлакаси ўзларини Британия империясининг ажралмас қисми деб биларди. Шунинг учун ҳам уларнинг бир кун келиб Лондонга қарши бош кўтариб, мустақил давлат тузиши кўпчилик учун тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат эди.
Тарихчиларнинг айтишича, АҚШнинг пайдо бўлиши биргина инқилоб ёки бир неча сиёсий қарор натижаси эмас. Бу жараён қарийб уч аср давомида кечган мустамлакачилик, иқтисодий рақобат, сиёсий зиддиятлар ва урушлар маҳсули бўлган.
Видеосини томоша қилиш учун қуйидаги линкни босинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Янги Дунё учун кураш
Бу ҳикоя 1776 йилда эмас, 1492 йилда бошланади.
Ўша пайтда Испания Осиё билан савдо қилиш учун янги ва хавфсизроқ йул излайди. Шимолий Каролина университети профессори Кетлин ДюВалнинг айтишича, Христофор Колумб Европадан ғарб томон сузиб бориб, Осиёга олиб борувчи янги йулни топишга ҳаракат қилади.
Аммо у ва унинг замондошлари билмаган бир ҳақиқат бор эди: уларнинг йулида улкан қитъа ётарди.
Колумб Кариб денгизидаги оролларга етиб келади ва Осиёни топдим деб уйлайди. Тарихчи ва контент яратувчи Халил Грин таъкидлашича, оммабоп тасаввурларга қарамай, Колумб ҳозирги АҚШ материгига ҳеч қачон қадам қуймайди. Аммо унинг саёҳати инсоният тарихини бутунлай узгартириб юборади.
Колумбдан кейин Атлантика океани орқали янги ерларга томон европаликлар оқими бошланади.
XVI аср охирига келиб Испания Американинг жанубий ҳудудларидан катта бойлик олиб келади. Олтин ва кумуш мамлакатни бойитади, уни Европадаги энг кучли давлатлардан бирига айлантиради. Бу эса Англияда ҳам қизиқиш уйғотади.
Кетлин ДюВалнинг фикрича, Англия монархияси ҳам янги дунёдаги бойликдан баҳраманд бўлишни истайди.
1585 йилда инглизлар Америкада мустамлака урнатишга уринади, аммо бу режа муваффақиятсиз тугайди. Шунга қарамай улар таслим булмайди. 1607 йилда яна бир бор ҳаракат қилиб, Виржинияда Жеймстаун деб аталган доимий аҳоли пунктига асос солади.
Шундан кейин Атлантика орқали минглаб одамлар кела бошлайди. Баъзилар диний эркинлик излайди. Бошқалар янги ҳаёт ва бойлик ортидан келади.
Аммо бу жараён маҳаллий халқлар учун оғир оқибатларга олиб келади.
ДюВалнинг айтишича, европаликлар олиб келган чечак каби касалликлар маҳаллий аҳоли орасида катта талофатларга сабаб булади. Шу билан бирга қуролли туқнашувлар ҳам кўпаяди. Вақт утиши билан кўплаб маҳаллий халқлар ўз ерларини бой беради ёки мустамлакачилар ҳукмронлиги остида яшашга мажбур булади.

Қуллик ва мустамлакаларнинг ўсиши
Британия мустамлакалари кенгая бошлагани сари уларнинг иқтисодиёти ҳам ривожланади. Айниқса тамаки етиштириш катта бизнесга айланади.
Бироқ плантацияларда ишлаш учун жуда кўп меҳнат кучи керак булади.
Мустамлакачилар бу муаммони Африкадан қуллар олиб келиш орқали ҳал қилишга ҳаракат қилади. Кейинги ўн йилликлар давомида юз минглаб африкаликлар ўз юртларидан мажбуран Америкага олиб келинади.
Халил Гриннинг таъкидлашича, қуллик Америка иқтисодиётининг деярли барча соҳаларига чуқур кириб боради. Жанубда у қишлоқ хужалигининг асосига айланади. Шимолда эса саноат ва маиший хизмат соҳаларида қуллар меҳнат қилади.
Гриннинг фикрича, кейинчалик Америка жамиятини энг кўп қийнаган ахлоқий саволлардан бири ҳам шу булади: эркинлик ҳақида гапирадиган мамлакат қулликни қандай оқлаши мумкин?
1732 йилга келиб Британиянинг Шимолий Америкадаги 13 та мустамлакаси шаклланиб булади.
Бироқ улар ягона жамият эмас эди.
Кетлин ДюВалнинг айтишича, бу мустамлакалар иқтисодиёт, диний қарашлар ва ижтимоий тузилиш жиҳатидан бир-биридан анча фарқ қилади. Ҳатто улар уртасида узаро ишончсизлик ва салбий муносабатлар ҳам кузатилади.
Шунга қарамай уларни бирлаштириб турган муҳим омил бор эди. Уларнинг барчаси ўзини британлик деб ҳис қилади.
Шу сабабли Америка инқилобидан бир неча йил олдин бу мустамлакалар Британияга қарши бирлашади деб тасаввур қилиш қийин эди.
Солиқлар можароси ва инқилобнинг бошланиши

Ҳамма нарса 1750 йилларда аста-секин ўзгара бошлайди.
Британия ва унинг Америкадаги мустамлакалари Францияга қарши йирик уруш олиб боради. Уруш ғалаба билан тугаса-да, мамлакатни катта қарз остида қолдиради.
Лондон ҳукумати бу харажатларнинг бир қисмини Америка мустамлакалари қоплаши керак деб ҳисоблайди ва солиқларни оширади.
Бу қарор мустамлакачилар орасида норозиликни кучайтиради.
Кетлин ДюВалнинг таъкидлашича, мустамлакачилар Британия парламентида ўз вакиллари йўқ эканига қарамай солиқ тўлашга мажбур қилинаётганидан норози булади.
Норозиликнинг марказига Бостон шаҳри айланади.
1765 йилда шаҳарда солиқларга қарши чиқишлар бошланади. 1770 йилда эса Британия аскарлари билан туқнашув руй беради. Аскарлар оломонга қарата ўқ узади ва беш киши ҳалок булади. Тарихга бу воқеа "Бостон қирғини" номи билан киради.
Уч йилдан кейин яна бир машҳур воқеа содир булади. Бир гуруҳ мустамлакачи Бостон портидаги Британия кемасига чиқиб, юзлаб қутилардаги чойни денгизга ташлаб юборади.
Бу ҳаракат Британиянинг солиқ сиёсати ва савдо назоратига қарши очиқ норозилик рамзига айланади. Кейинчалик воқеа "Бостон чойхўрлиги" номи билан машҳур булади.
1775 йилга келиб можаро қуролли туқнашувга айланади.
Бостон атрофида Британия аскарлари билан қуролланган мустамлакачилар уртасида отишма бошланади. Шу тариқа Америка инқилоби деб аталадиган уруш йулга тушади.
Мустамлакалар Жорж Вашингтон бошчилигида армия тузади.
Бироқ ДюВалнинг таъкидлашича, бу босқичда ҳам кўпчилик мустақиллик ҳақида эмас, Британия билан муносабатларни яхшилаш ҳақида уйлайди. Инқилоб аввало уруш сифатида бошланади.
Мустақиллик ғоясининг туғилиши
Kichik bir orol qanday qilib butun bir qit’ani boshqarishi mumkin?
1776 йил бошида том маънода бурилиш нуқтаси юз беради.
Томас Пейн "Соғлом фикр" номли рисоласини нашр қилади. Асар тезда қўлма-қўл бўлиб кетади ва бутун мустамлакалар буйлаб тарқалади.
Кетлин ДюВалнинг айтишича, Пейн одамларга оддий савол ташлайди: "Кичик бир орол қандай қилиб бутун бир қитъани бошқариши мумкин?"
Бу ғоя жамоатчилик фикрини узгартира бошлайди.
Орадан кўп утмай 13 та мустамлака вакиллари Филаделфияда йиғилади. Улар Виржиния вакили Томас Жефферсонга Британиядан ажралиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш вазифасини беради.
1776 йил 4 июл куни Мустақиллик декларацияси қабул қилинади.
Шу тариқа Америка Қўшма Штатлари дунё саҳнасига чиқади.
Аммо Халил Гриннинг таъкидлашича, бу ғалабанинг охири эмас, балки бошланиши эди.
"Мустақиллик декларациясини имзолаш билан ҳамма нарса ҳал бўлиб қолмайди. Аксинча, эндиликда сиз ўз мустақиллигингизни сақлаб қолиш учун кураш бошлайсиз", дейди у.

Ғалаба, Конституция ва янги давлатнинг шаклланиши
Уруш яна бир неча йил давом этади.
Британия қироли қўзғолонни бостириш учун Ню-Йоркка ўн минглаб аскар юборади. Америкаликлар эса Франция ва Испаниядан ёрдам сурайди.
Халил Гриннинг фикрича, бошқа Европа давлатлари ҳам Британияни заифлаштиришдан манфаатдор эди. Шунинг учун улар янги давлатни қўллаб-қувватлашга қарор қилади.
Франция ва Испаниянинг пул ва қурол-яроғ ёрдами Вашингтон қўшинларига катта устунлик беради.
Ниҳоят, 1781 йилда Йорктаунда ҳал қилувчи жанг юз беради. Жорж Вашингтон Британия қўшинларини қуршовга олади. Британияликлар таслим булади ва урушнинг тақдири ҳал булади.
Британия жамияти ҳам бу вақтга келиб урушдан чарчаган эди. Харажатлар ортиб боради, бошқа мустамлакаларни бой бериш хавфи пайдо булади. Натижада Лондон курашни давом эттиришдан кўра зарарни чеклашни афзал кўради.
Америка мустақиллигини қўлга киритгач, янги давлат қуриш вазифаси кун тартибига чиқади.
Америкаликлар Конституция қабул қилади ва мамлакатни президент бошқариши ҳақида қарорга келади.
1789 йилда Жорж Вашингтон биринчи президент этиб сайланади.
Кетлин ДюВалнинг таъкидлашича, айнан Конституция АҚШнинг кейинги 250 йил мобайнида сақланиб қолишига имкон яратади. Унинг фикрича, инқилоб йилларидаги вақтинчалик бошқарув тизими узоқ яшай олмасди. Вашингтоннинг бир овоздан президент этиб сайланиши эса давлатга барқарор сиёсий асос беради.
Кейинги икки аср давомида АҚШ кенгайиб боради ва қитъа миқёсидаги қудратли давлатга айланади. Аммо мамлакат бугун ҳам ўзини англашда инқилоб даврига мурожаат қилади.
Мустақиллик, ўзини ўзи бошқариш ва конституциявий давлат ғояси Америка миллий ўзлигининг марказида қолади.
Шу билан бирга бу тарих фақат ғалаба тарихи эмас. У маҳаллий халқларнинг фожиаси, қуллик мероси, империялар рақобати ва сиёсий инқилоблар тарихи ҳамдир. АҚШнинг келиб чиқиши ҳақидаги ҳикояни мураккаб ва баҳсларга бой қиладиган жиҳат ҳам айнан шунда.





























