Президент Путиннинг рейтинги яна пасайди. Сабаб нима? Хавфи борми?

Сурат манбаси, Sergei Bulkin/TASS
- Author, Сергей Горяшко
- Role, BBC Рус хизмати
- Published
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Социологлар Россия президенти Владимир Путинга бўлган ишонч ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш даражаси пасайганини қайд этишмоқда. Давлатга қарашли Россия Жамоатчилик фикрини ўрганиш умумроссия маркази (ВЦИОМ) сўровига кўра, Путин фаолиятига берилган баҳо сўнгги икки йилдаги энг катта пасайишни кўрсатган.
Мутахассислар 2026 йил апрел ойидан бери ҳокимият рейтинги тушиб бораётгани, айни пайтда эса жамиятда хавотир кучайганини таъкидлашмоқда. Бу ҳолат шу йил сентябрга режаланган Давлат думаси сайловлари арафасида кузатилмоқда.
ВЦИОМ маълумотларига кўра, бир ҳафта ичида Путин фаолиятини маъқуллаганлар улуши 70,4 фоиздан 66,9 фоизга тушган, яъни 3,5 фоизга камайган. Бу ҳолатга биринчи бўлиб АҚШда жойлашган "Агентство" нашри эътибор қаратган.
Аввал ҳам шундай пасайиш 2024 йил август ойида кузатилган эди. Ўша пайтда Украина ҳарбийларининг Курск вилоятига кириб бориши манзарасида Путин рейтинги бир ҳафтада 77,1 фоиздан 73,6 фоизга тушган.
Президент рейтингидаги ҳозирги пасайиш баҳордан бери давом этмоқда. Буни Россиядаги учта асосий социологик марказ ҳам қайд этган: ВЦИОМ, Президент администрациясига яқин ҳисобланган "Жамоатчилик фикри" жамғармаси (ФОМ) ва "Левада маркази". Бу ташкилотлар турли усулларда сўров ўтказади ва саволларни ҳам ҳар хил шаклда беради. Шунинг учун уларнинг натижалари бир-биридан маълум даражада фарқ қилиши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
ВЦИОМ баҳорда Путин рейтинги етти ҳафта давомида пасайганини қайд этган эди. Кейинчалик, май ойида ташкилот сўров ўтказиш усулини ўзгартирди. Илгари барча иштирокчилар телефон орқали сўралган бўлса, энди уларнинг ярми билан юзма-юз суҳбат ўтказилмоқда. Социологлар бу ўзгаришни телефон алоқасида юзага келган муаммолар билан изоҳлаган.
Шундан сўнг Путиннинг қўллаб-қувватлаш рейтинги яна ошди: апрел ўртасидаги 65,6 фоиздан май ойида 69,4 фоизга, июн ойида эса 70,4 фоизга етди.
ФОМ эса сўровларни одамларнинг яшаш жойида ўтказади ва усулини ўзгартирмаган. Уларнинг маълумотларига кўра, ҳозир Путин фаолиятини респондентларнинг 70 фоизи ижобий баҳолаган. Бу июн ўртасига нисбатан 5 фоизга кам кўрсаткичдир.
Бу Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан бери кузатилган энг паст натижа ҳисобланади. Таққослаш учун, 2022 йил феврал ойида, уруш бошланишидан олдин Путинни 64 фоиз респондент қўллаб-қувватлаган эди.
"Левада маркази" ҳам юзма-юз сўровлар ўтказади. Уларнинг июн ойидаги натижаларига кўра, Путин фаолиятини 74 фоиз респондент маъқуллаган. Бу ҳам Украинадаги уруш бошланганидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади.
Рейтинг пасайишига сабаб нима?

Сурат манбаси, Getty Images
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Сиёсатшунос Александр Киневнинг таъкидлашича, ҳозирги шароитда сўров ўтказиш усули катта аҳамиятга эга.
"Уйма-уй ўтказиладиган сўровлар амалда асосан уй бекалари ва нафақахўрлар, яъни қарашлари анча консерватив ва бугунги ҳаёт жараёнларига камроқ аралашадиган одамлар ўртасидаги сўровга айланиб қолмоқда".
Телефон орқали ўтказиладиган сўровларда эса, аксинча, кўпроқ ёш, маълумотли ва фаол одамлар иштирок этади. Улар жамиятдаги ўзгаришларга тезроқ муносабат билдиради ва ахборот майдонидаги воқеалардан яхши хабардор бўлади.
Мутахассислар фикрича, ҳокимият рейтингининг пасайиши иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви, нарх-наво ошиши, Украина томонидан Москва ва фронт чизиғидан узоқдаги бошқа Россия ҳудудларига ҳаво ҳужумларининг кўпайиши ҳамда интернетдаги чекловлар билан боғлиқ. BBCнинг Кремлга яқин манбасига кўра, айнан интернет чекловлари рейтингнинг янада пасайишига туртки бўлган.
Киневнинг айтишича, социологик сўровларда қатнашишдан одамларнинг 92 фоизи бош тортади. Шунинг учун ҳозирги натижалар ҳатто ўз фикрини очиқ айтишдан қўрқмайдиган одамлар орасида ҳам ҳокимиятни қўллаб-қувватлаш камаяётганини кўрсатади.
Унинг фикрича, россияликларнинг ҳақиқий кайфиятини мақсадли сўров гуруҳи тадқиқотлари аниқроқ кўрсатиши мумкин эди, аммо ҳозир бундай маълумотлар мавжуд эмас.
"Шахсий рейтинглар муаммоли, чунки улар садоқатни текшириш сифатида қабул қилинади. Одамлар эса муайян мансабдор ёки партияни қўллаб-қувватлашини ёки унга қарши эканини очиқ айтишдан қўрқади. Шунинг учун билвосита рейтингларда хавотир ва пессимизм даражаси муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Улар воқеаларнинг умумий манзарасини яхшироқ англашга ёрдам беради" – дейди у.
ФОМ маълумотларига кўра, ҳозир россияликларнинг ярмидан кўпи ўз қариндошлари, дўстлари ва танишлари орасида хавотирли кайфият устун деб ҳисоблайди. Бу кўрсаткич 2022 йил кузида, Путин қисман сафарбарлик эълон қилган пайтдагина бундан юқори бўлган. Ўшанда хавотир даражаси 70 фоизга етган.
Киневнинг таъкидлашича, одамлар президентни қўллаб-қувватлайдими ёки йўқми деган саволдан кўра, жамиятдаги кайфият ҳақидаги саволларга анча эркин ва ростгўй жавоб беришади.
Бу ҳолат сайловлар олдидан хавфлими?

Сурат манбаси, Getty Images
BBC суҳбатлашган экспертлар фикрича, ҳозирги шароитда ҳокимият рейтингининг пасайиши 18–20 сентябр кунлари бўлиб ўтадиган Давлат думаси сайловлари натижаларига жиддий таъсир қилмаслиги мумкин.
Киневнинг айтишича, бугунги вазият 2018 йилдан бир неча жиҳатдан фарқ қилади. Ўшанда нафақа ислоҳоти ортидан Путин рейтинги тушиб кетган ва Кремл қўллаган номзодлар учта ҳудудда губернаторлик сайловларида мағлуб бўлганди .
Сиёсатшуноснинг айтишича, биринчидан, ҳокимият турли чеклов ва тақиқлар орқали сайловлар устидан мустақил назоратни деярли йўққа чиқарган. Натижада сайлов кузатувчиларининг имкониятлари кескин қисқарган. Россиядаги энг машҳур мустақил сайлов кузатувчилари ташкилоти – "Голос" ҳаракати ҳам ўтган йили 25 йиллик фаолиятидан сўнг ўзини ттарқатиб юборганини эълон қилди. Бунга ҳаракат раҳбарларидан бири Григорий Мелконянснинг беш йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги маҳкама қарори сабаб бўлган.
Киневнинг айтишича, сайлов участкаларида "Голос" ҳаракати кузатувчилари сони ҳар доим партиялар ёки номзодлар юборган кузатувчилардан кам бўлган. Энди эса партиялар ва номзодлар кузатувчиларининг имкониятлари ҳам анча чекланган. Улар учун бир сайлов участкасидан бошқасига бориш ёки бир-бирининг ўрнини босиш анча қийинлашган.
"Махсус ҳарбий операция шароитида ҳеч ким ҳеч қандай воқеага муносабат билдиришга тайёр эмас, ҳатто сайлов участкаларида жуда жиддий қоидабузарликлар содир бўлса ҳам. Ҳокимиятни сайлов натижалари нуқтаи назаридан фақат айрим амалдорларда мавжуд бўлган ор-номус ва виждон ҳисси, шунингдек, маҳаллий элиталар ўртасидаги мувозанатни бузиш хавфи чеклаб туриши мумкин" – дейди у.
Сиёсатшунос Михаил Виноградов эса BBCга берган интервюсида ҳокимият ҳозирги вазиятни ўзи учун хавфли ёки танқидий деб ҳисобламаслигини айтди.
"Албатта, иқтисодий қийинчиликлар, интернетдаги чекловлар ва, аввало, бензин билан боғлиқ муаммолар фонида салбий кайфият кучаймоқда. Аммо ҳокимият бу норозилик муқобил сиёсий талабларга айланмайди, деб ҳисобламоқда".
Виноградовнинг таъкидлашича, 2018 йилдан бери овоз бериш жараёни устидан маъмурий назорат янада кучайган:
"Мухолифат сиёсатчиларининг жамоатчилик эътиборини қозониш, одамларда муқобил сиёсий танловга эҳтиёж уйғотиш имконияти ҳали ҳам унчалик юқори эмас. Мухолифат партиялари эҳтиёткор ҳаракат қилмоқда ва қонуний сиёсий майдонда қолиш учун ўзини ҳокимиятга ҳақиқий муқобил сифатида кўрсатишга интилмаяпти".
Виноградовнинг фикрича, ҳокимиятдан норози бўлган одамлар фаол норозилик билдиришдан кўра, яна бир бор ожизлик ҳиссини туяди. Сиёсатга қизиқиш ёки унга нисбатан романтик муносабат кучайиши эҳтимоли жуда паст.
"Ҳатто бундай кайфият пайдо бўлган тақдирда ҳам, овоз бериш натижаларини қайд этиш тизимига маъмурий таъсир кўрсатиш имконияти сақланиб қолади".
BBC суҳбатлашган Россия минтақаларидан бири раҳбарияти вакили ҳам ҳозирги шароитда Давлат думаси сайлови кампаниясини олиб бориш "қийин, аммо имконсиз эмас"лигини тан олди.
"Албатта, иштирок ва натижа бўйича вазифалар қўйилади. Аммо биз вазиятга оқилона ёндашамиз. Зарар келтириши мумкин бўлган ҳеч қандай иш қилмаймиз", деди у .
Унинг фикрича, қийинчиликлар одамларни ҳокимиятдан узоқлаштирмайди, аксинча, унга яқинлаштиради.
Odamlar prezidentni qo‘llab-quvvatlashadimi yoki yo‘q degan savoldan ko‘ra, jamiyatdagi kayfiyat haqidagi savollarga ancha erkin va rostgo‘y javob berishadi.
"Россияга қарши бўлган томоннинг мамлакат ва унинг ҳар бир фуқаросига нисбатан очиқ агрессияси одамларнинг устувор қарашларини аниқ белгилаб беради. Ҳеч ким "агар шундай бўлганида эди..." деган хаёллар билан яшамайди. Россиянинг рақиблари келажакни қоронғи қилиб кўрсатмоқда. Бундай келажак учун ҳеч ким овоз бермайди".
Бу манбанинг фикрича, мамлакатда ҳозирча кучли эътироз потенциали ҳам кўринмаяпти.
"Эътироз муаммони келтириб чиқарган томон одамларга яқин ва аниқ кўриниб тургандагина пайдо бўлади. Агар гап уруш ва қарама-қаршилик каби вазият ҳақида кетаётган бўлса, одамлар бундан хавотирланади, аммо бу кескин норозиликка айланмайди", деб айтди у.
Кинев ҳам кенг кўламли норозилик ҳаракатлари эҳтимолига шубҳа билан қарайди.
"Одамлар ўз-ўзидан баррикадаларга чиқиб кетиши фақат эртакларда бўлади. Ташкилотчилари бўлмаган инқилоблар бўлмайди. Ташкиллашган эътироз учун маълум бир элита кучи керак. Усиз ҳар қандай эътироз тарқалиб кетади. Билим, алоқалар, ресурслар ва логистика имкониятлари доимо элита қўлида бўлади", дея илова қилди у.
Шу билан бирга, Киневнинг фикрича, Россия элиталари орасида қарама-қаршиликлар мавжуд. Улар мамлакатнинг иқтисоди, ички ва ташқи сиёсати қандай ривожланиши кераклиги ҳақидаги турли ёндашувлар билан боғлиқ.
"Агар мамлакатдаги вазият янада ёмонлашса, бу қарама-қаршиликлар ҳам кучайиб боради", деди Кинев.




























