Украина журналист Аркадий Бабченко ўлимида Россияни айбламоқда

Сурат манбаси, EPA
Украина Бош вазири Володимир Гройсман Киевда отиб ўлдирилган россиялик журналист Аркадий Бабченко ўлимида Россияни айблади.
"Ишончим комил, Россиянинг тоталитар машинаси уни ростгўйлиги ва принципиал позицияси учун кечирмади", - деб ёзди бош вазир ўзининг Фейсбук саҳифасида.
Кремлнинг ашаддий танқидчиси бўлган Бабченко сешанба куни ўз хонадони бўсағасида отиб кетилган.
Россия бу қотиллик тергов қилинишига чақирган, аммо "қонли жиноятлар Киевдаги режим учун" оддий ҳолга айланганини ҳам даъво қилган.
Россия Қримни 2014 йилда қўшиб олиши ва Украина шарқидаги вилоятларни Россияпараст қўшинлар босиб олиши ортидан расмий Москва ва Киев ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашган.
41 ёшли Бабченкони ўз аёли қонга беланган ҳолда топган ва тез ёрдам чақирган.
Унинг дўстлари тарқатган суратда Бабченко қон устида чалқанча ётгани ва курагида ўқ излари борлиги кўринади.
Украиналик депутат Антон Херашченконинг айтишича, журналист нон сотиб олиш учун кўчага чиқиб қайтганида қотил уни кутиб турган бўлган.
Киев полицияси раҳбари Андрий Кришченко Бабченко "профессионал фаолияти" учун ўлдирилган бўлиши мумкинлигини айтди.
Чеченистон урушида қатнашган собиқ аскар Бабченко Россиянинг Украина ва Суриядаги ҳарбий амалларини кескин танқид қилиб келган.
У ўз ҳаётига таҳдидлар ошганини айтиб 2017 йилда Россияни тарк этганди.































