Россия тарафдорлари норози: Сербия Ўзбекистон билан баллистик ракета ишлаб чиқарадими?

Шавкат Мирзиёев ташрифи давомида 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланган

Сурат манбаси, president.uz

Сурат тагсўзи, Шавкат Мирзиёев ташрифи давомида 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланган
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россияни қўлловчи Telegram каналлари Сербия президенти Александр Вучичнинг Ўзбекистонга узоқ масофага учувчи баллистик ракеталар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик таклиф қилгани ҳақидаги баёнотидан хавотирга тушди.

Мақола BBC Monitoring таҳлили асосида ёзилди.

Айрим россияпараст комментаторлар буни Ўзбекистоннинг ҳарбий салоҳиятини кучайтиришга қадам сифатида баҳолаб, Тошкент "ракета клуби"га қўшилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бошқалари эса Сербиянинг бундай ракеталарни бир йил ичида ишлаб чиқариш имконияти ва Ўзбекистоннинг эҳтимолий дастурдаги ролини шубҳа остига қўйди.

Аммо ҳозирча Ўзбекистон Сербиянинг бу таклифини қабул қилгани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Сербия Ўзбекистонга нима таклиф қилди?

Сербиянинг ҳарбий саноати ривожланмоқда

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Сербиянинг ҳарбий саноати ривожланмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7–8 сентябрь кунлари Сербияга биринчи расмий ташрифини амалга оширди. Белградда у президент Александр Вучич билан савдо, инвестиция ва ҳарбий-техник ҳамкорлик каби масалаларни муҳокама қилди.

Ташриф якунида икки давлат стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларация имзолади.

Мирзиёев буни "ишонч, ўзаро ҳурмат ва муштарак келажак йўлидаги онгли танлов" деб атади.

Бироқ ташрифнинг энг кўп муҳокама қилинган қисмларидан бири икки давлат ўртасида ракета ишлаб чиқариш соҳасида эҳтимолий ҳамкорлик ҳақида бўлди.

Вучичнинг айтишича, Сербия бир йил ичида узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирмоқда.

"Бир йилдан сўнг биз узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлаймиз ва бу масалада сизлар билан ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрмиз", — деган Вучич.

У бу янгиликни Сербия аҳолисига жуда камдан-кам ошкор қилинадиган маълумотлардан бири деб атади.

"Бу технологик, мазмунли ва саноат соҳасидаги тараққиётимизни кўрсатади. Мутахассисларимиз аллақачон катта ишларга эришди ва мен айтганимдек, буни ҳам бир йил ичида амалга ошира оламиз, деб ишонаман. Биз бу соҳада Ўзбекистонлик ака-ука ва дўстларимиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз", — деди Сербия президенти.

Вучичнинг бу баёноти Ўзбекистон-Сербия музокаралари доирасида ракета ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик таклиф қилингани ҳақида хабарларга сабаб бўлди.

Лекин муҳим жиҳати: Ўзбекистон ҳукумати бу таклифни қабул қилгани борасида очиқ манбаларда хабарлар йўқ.

Ташриф давомида 20 дан ортиқ икки томонлама ҳужжат имзоланган бўлса-да, расмий рўйхатда алоҳида ракета ёки мудофаа шартномаси кўрсатилмаган.

Нега Россия каналлари бундан хавотирда?

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Вучичнинг баёноти Россия Telegram каналлари ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёзадиган шарҳловчилар орасида кескин муҳокамага сабаб бўлди.

9 сентябр куни Vslukh News канали "Ўзбекистонга ядровий амбициялар зўрлаб сингдирилмоқда" ва у "ракета клуби"га қўшилишга таклиф этиляпти, деган талқинни илгари сурди.

"Сербия Ўзбекистонга баллистик ракеталар бўйича ҳамкорликни таклиф қилди. Бу қадам Тошкентни ядровий қуролга эга бўлиш ғоясига "қизиқдириш" уринишларидан кейин содир бўлмоқда", — деб ёзди канал.

Vslukh News бу мавзуни 2026 йил бошидан Марказий Осиё давлатларининг ҳарбийлашуви ва ядровий қуролга эга бўлиши ҳақидаги муҳокамалар билан боғлади.

Канал Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжанинг Ўзбекистон ва Қозоғистон "кичик ядровий бомбалар"га эга бўлиши кераклиги ҳақидаги аввалги фикрларини ҳам тилга олди.

Каналнинг ёзишича, Ўзбекистон экспертлари бу фикрларни кескин танқид қилган.

Vslukh News шу билан бирга Сербия таклифи билан 8 сентябр куни Марказий Осиё давлатлари ядровий қуролсизланишни тезлаштиришга чақирган қўшма баёнот ўртасида вақт жиҳатидан боғлиқлик борлигини таъкидлади.

Бу баёнот Семипалатинск шартномаси имзоланганининг 20 йиллиги муносабати билан қабул қилинган.

"Сербия бир йилда баллистик ракета ишлаб чиқара оладими?"

Россиянинг Болқонга ихтисослашган Balkanar канали эса Вучичнинг баёнотининг амалий томонини шубҳа остига қўйди.

"Янги қуролларнинг технологик асоси нима бўлади? Сербия армиясида маҳаллий, совет ёки Югославияда ишлаб чиқарилган баллистик ракеталарнинг ўзи йўқ", — деб ёзди канал.

Унинг таъкидлашича, Сербия Россиянинг "Искандер" ёки АҚШнинг ATACMS тизимларини сотиб олгани ҳақида ҳам очиқ маълумот йўқ.

"Шунинг учун Вучичнинг баёноти жуда амбицияли ва маълум даражада популистик кўринади", — дейилади хабарда.

"Янги қурол турини ишлаб чиқишдан тортиб йиғишгача бўлган бутун ишлаб чиқариш занжирини ташқи ёрдамсиз бундай қисқа муддатда яратиш жуда қийин. Синов парвозларидан серияли ишлаб чиқаришга ўтиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади", — деб ёзди Balkanar.

Бироқ Сербиянинг ҳарбий саноати кичик ёки аҳамиятсиз, деган тасаввур ҳам тўлиқ манзарани бермайди.

Gazeta.uz маълумотларига кўра, Сербия мудофаа саноати Ғарбий Болқон минтақасидаги энг йирик саноат ҳисобланади. Мамлакатда бронетехника, артиллерия, ўқ-дори, ракеталар, двигателлар ва дронлар ишлаб чиқарадиган 200 га яқин давлат ва хусусий мудофаа корхонаси бор.

Қурол ва ҳарбий техника экспорти 2020 йилдаги 384 миллион доллардан 2023 йилда 1,6 миллиард долларга етгани қайд этилган.

Сербиянинг асосий харидорлари орасида Болгария, АҚШ, БАА, Саудия Арабистони ва Ироқ бор.

Ўзбекистон нима қилади?

Россияга яқин ўзбек тилидаги Salam Registan канали ҳам эҳтимолий ҳамкорликни танқид қилди.

"Гўёки икки томон ўзларида ортиқча бўлган нарсаларни алмашишга қарор қилган: ўзбеклар — меҳнат мигрантларини, серблар эса қурол-яроғни", — деб ёзди канал.

У ракета соҳасидаги эҳтимолий ҳамкорлик Хитойга ҳам ёқмаслиги мумкинлигини тахмин қилди.

"Баллистик ракеталарга келсак, ҳа, агар ўзингизни тиш-тирноққача қуроллантиришга қарор қилган бўлсангиз, улар, эҳтимол, зарур. Ўзбекистоннинг ҳарбий бюджети ўсиб бормоқда. Аммо Хитой бундай "буюртма"нинг ўзидан эмас, бошқа жойдан берилишига рухсат берармикан, қизиқ", — деган канал.

Бу эса каналнинг тахмини. Хитой ҳукумати Ўзбекистон ва Сербия ўртасида ракета соҳасидаги эҳтимолий ҳамкорлик ҳақида ҳозирча расмий муносабат билдиргани маълум эмас.

Россиялик журналист: "Бунга изоҳ беришнинг ўзи деярли кулгили"

Россиялик публицист ва журналист Юрий Черногайев ҳам Вучичнинг баёнотига шубҳа билан қаради.

"Мана ғалати хабар: Ўзбекистон баллистик ракеталар ишлаб чиқаради... Бунга изоҳ беришнинг ўзи деярли кулгили", — деб ёзди у 9 сентябрда Telegram каналида.

Бироқ Черногайев Сербия Югославиядан кучли мудофаа саноатини мерос олганини тан олди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

У Сербиянинг асосий ракета лойиҳаси сифатида Шумадия кўп ракетали тизими ва Жерина-1 тактик ракетасини тилга олди. Унинг маълум қилишича, Жерина-1 ракетасининг учиш масофаси 280 километргача, жанговар қисми эса 200 килограммгача етиши мумкин.

"Аммо "узоқ масофали" баллистик ракеталар — бутунлай бошқа масала. Бундан ташқари, Ўзбекистон билан баллистик ракеталарни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича ҳеч қандай аниқ хусусиятлар, техник талаблар ёки келишувлар ошкор қилинмаган", - деди Черногайев.

У Ўзбекистон Совет давридаги авиация саноатини тўлиқ йўқотгани ва мамлакат ракета ишлаб чиқаришдан ҳали анча узоқ эканини таъкидлади.

Тошкент Россия қуролларидан узоқлашяптими?

Сербиянинг таклифи Ўзбекистон сўнгги йилларда мудофаа соҳасида Россиядан ташқари бошқа давлатлар билан ҳам ҳамкорликни кенгайтириб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.

11 сентябрь куни Ўзбекистон Embraer компаниясидан биринчи C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётини қабул қилди. Шу тариқа мамлакат ушбу русумдаги самолётдан фойдаланадиган Марказий Осиёдаги биринчи давлатга айланди.

Ўзбекистон бундан олдин Хитойда ишлаб чиқарилган J-10CE қирувчи самолётларини ҳам намойиш қилган.

Тошкент Туркия билан Bayraktar каби ҳарбий дронлар соҳасида ҳам ҳамкорлик қилмоқда.

Бу жараёнларнинг барчаси россиялик шарҳловчилар томонидан танқид қилинган.

Бироқ бу ерда бир нечта турли жараённи ажратиш муҳимлиги айтилади: ҳарбий техника харид қилиш, ҳарбий-техник ҳамкорлик ва ракета ишлаб чиқариш бўйича музокаралар автоматик равишда ягона ҳарбий стратегияни англатмайди.