Эроннинг янги режими аввалгисидан қандай қилиб тубдан фарқ қилади?

- Author, Пол Адамс
- Role, Дипломатия масалалари бўйича мухбир
- Published
- Ўқилиш вақти: 10 дақ
Ўтган ой АҚШ президенти Доналд Трамп Версал саройидаги кечки овқат чоғида Эрон билан ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни имзолаганида, кўпчилик бу ҳолатда ўзига хос рамзий маънони кўрди.
Унинг мезбони - Франция президенти Эммануэл Макрон, эҳтимол, Трамп фикрини ўзгартириб юборишидан олдин Англашув меморандуми (MoU) имзоланишини таъминлашни истаган бўлиши мумкин. Шунингдек, у Версал саройининг зарҳалланган Машҳур Ойналар зали меҳмонига маъқул келади, деб ҳисоблаган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Бироқ мазкур жойнинг танланиши муқаррар равишда бир ярим саҳифалик бу келишувни Биринчи жаҳон уруши якунида, 1919 йилда имзоланган жуда катта ҳажмли Версал шартномаси билан қиёслашларга сабаб бўлди. 1919 йилги шартнома Европанинг сиёсий қиёфасини қайта шакллантирди, аммо унда белгиланган улкан товон пуллари Германияда қаттиқ норозилик ва алам туйғуларини кучайтириб, орадан атиги йигирма йил ўтиб яна бир жаҳон урушига олиб келган омиллардан бири бўлди.
Шунчалик кўп жиҳатдан фарқ қилувчи Эрон келишуви ҳам келажакда худди шундай тақдирий аҳамиятга эга воқеа сифатида баҳоланиши мумкинми?
Қарийб уч ҳафта ўтгач, мўрт сулҳ озми-кўпми сақланиб турибди. Бироқ Ҳурмуз бўғози ва унинг атрофида бир неча тўқнашувлар юз бергани, шунингдек, урушга сабаб бўлган муаммоларнинг бирортаси ҳам ҳал этилишга яқинлашмагани боис, Яқин Шарқдаги вазият уруш бошланишидан олдин қандай хавфли бўлган бўлса, ҳозир ҳам шунчалик беқарор кўринмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Айни пайтда Эрон чуқур ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда.
Мамлакат собиқ олий раҳбари, оятуллоҳ Али Хоманаий билан видолашмоқда. У тўрт ойдан ортиқ вақт аввал урушни бошлаб берган ва Теҳрондаги ҳокимият тизимининг катта қисмини йўқ қилган АҚШ ва Исроилнинг қўшма вайронкор ҳаво ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган эди.
Бу жуда муҳим палла: у эски авлод раҳбарлари ўрнини янги авлод эгаллаганини яққол намоён этувчи рамзий воқеадир. Янги шахслар саҳнага чиқиши билан бирга, ўзига хос оқибатларга эга бўлган янги ёндашув ҳам шаклланмоқда.
АҚШ ва Исроил мамлакатнинг аввалги кўплаб раҳбарларини барвақт қабрга йўллаган бўлиши мумкин. Аммо уларнинг ўрнини янада қатъиятли ва кучлироқ рақиблар эгаллаган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмасми?
Шахмат тахтасини қайта жойлаштириш
"Бу уруш ҳозиргача ўйлаб келинганидан кўра анча катта ва оқибатлари жиҳатидан муҳимроқ воқеадир", - деди менга Жонс Хопкинс университетининг Халқаро тадқиқотлар олий мактаби ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ва Яқин Шарқ тадқиқотлари профессори Вали Наср.
"Бундай кўламдаги ҳар қандай йирик уруш охир-оқибат сиёсий кучлар мувозанатини тубдан ўзгартиради", - дейди у. "Бу уруш ҳам Яқин Шарқ учун худди шундай натижага олиб келади".
Январ ойида Эрон кенг кўламли халқ норозилик намойишлари гирдобига тушган эди. АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам бу намойишлар Ислом Республикасининг қулашига туртки бўлиши мумкинлигини башорат қилган эдилар.
Эрон иқтисодиёти халқаро санкциялар таъсирида ўнлаб йиллар давомида жиддий таназзулга учраган эди. Шунингдек, мамлакат олти ой аввал АҚШ ва Исроил билан кечган 12 кунлик уруш оқибатларидан ҳам ҳали тўлиқ тикланиб улгурмаганди.
Эроннинг ядровий дастури - узоқ вақт давомида дипломатик босим ўтказиш воситаларидан бири бўлиб келган муҳим омил - Трамп таъкидлаганидек бутунлай йўқ қилинмаган бўлса-да, катта зарар кўрган эди.
Қўшимча бойитилган тақдирда 10 ёки 11 та ядровий қурол яратиш учун етарли деб ҳисобланган уран захираларининг қаерда экани аниқ маълум эмасди. Аммо унинг катта қисми Исфаҳон ядровий мажмуаси яқинида вайроналар остида қолгани тахмин қилинарди.
Минтақанинг бошқа ҳудудларида ҳам Эрон бошчилик қилувчи "Қаршилик ўқи" деб аталувчи, Яқин Шарқдаги шериклар ва вакил кучлардан иборат норасмий иттифоқ қатор оғир йўқотишларга учраган эди.
Сурияда Эроннинг яқин иттифоқчиси Башар Асад режими 2024 йил охирида бир неча ҳафта ичида ағдарилиб, ҳокимиятдан четлатилди.
Ливанда эса Исроил Эрон қўллаб-қувватлайдиган "Ҳизбуллоҳ" гуруҳининг қатор юқори лавозимли етакчиларини ўлдирди. Шунингдек, портлатилган пейжерлар ва рациялар орқали ташкилот жангарилари сафига оғир зарба берди.
Ғазода Эроннинг яна бир иттифоқчиси "Ҳамас" ҳам худди шундай тақдирга дуч келди. Исроил гуруҳнинг 2023 йил октябридаги ҳужумларига жавобан узлуксиз ҳарбий амалиёт бошлаб, Ғазонинг катта қисмини вайрон қилди ва ўн минглаб тинч аҳолининг ҳалок бўлишига сабаб бўлди.
Ғазодаги урушга жавоб тариқасида Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ямандаги ҳусий қўзғолончилари Исроилга баллистик ракеталар учириб, Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қила бошлаганида эса, Исроил, АҚШ ва Буюк Британия қарши зарбалар берди. Бу ҳужумларнинг айримлари гуруҳ раҳбариятини нишонга олган эди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ички ва ташқи майдондаги шунчаки кетма-кет муваффақиятсизликлардан сўнг, умумий қараш шу эдики, Эрон ниҳоятда заиф аҳволга тушиб қолган эди. The New York Times газетаси хабар беришича, Трампга тақдим этилган бир неча разведка ҳисоботларида Эрон 1979 йилги Ислом инқилобидан бери ҳеч қачон бу даражада кучсиз бўлмагани қайд этилган.
Шу боис, Эроннинг АҚШ ва Исроилга қарши туриб, уларни муросага мажбур қила олиши ҳақидаги фикр кўпчиликка деярли ишониб бўлмайдиган даъводек туюларди.
Аммо айнан шундай бўлди. Ислом Республикаси ҳануз мавжудлигича қолмоқда. Бунда Эроннинг дунёдаги энг муҳим денгиз йўлларидан бири ҳисобланган Ҳурмуз бўғозини ёпиш ва шу орқали жаҳон иқтисодиётига оғир зарба бериш имконияти муҳим омиллардан бири бўлди.
Теҳрон устунликка эришдими?
Трамп Эронда ҳокимият алмашганини тез-тез таъкидлайди. Вали Наср ҳам бу фикрга қарши эмас, аммо унинг айтишича, бу жараён аслида Теҳрон манфаатига хизмат қилган.
"Бутунлай янги авлод ҳокимият тепасига келди, - дейди у. Уларнинг мақсадлари аниқ. Улар уруш синовидан ўтди, энди эса мамлакатнинг тинч даврдаги ривожига раҳбарлик қилади".
Насрнинг фикрича, янги раҳбарият Вашингтон одатда "реалликдан узоқ, охират ҳақидаги ғояларга берилган мафкуравий радикаллар" деб таърифлайдиган тоифага кирмайди. Аксинча, улар инқилобдан кейин шаклланган авлод вакиллари бўлиб, давлатни сақлаб қолишга қаттиқ эътибор қаратади ҳамда олдинги авлодга нисбатан қатъийроқ ҳаракат қилишга тайёр.
Мамлакатнинг янги олий раҳбари Мужтабо Хоманаий 56 ёшда бўлиб, уруш бошида ҳалок бўлган отаси Али Хоманаийдан қарийб 30 ёш кичикдир. Али Хоманаий ўлдирилган вақтида унинг саломатлиги анча ёмонлашгани ҳақида маълумотлар бор эди.
Президент Масъуд Пизишкиён ундан каттароқ - 71 ёшда. Бироқ 1979 йилги инқилобни амалга оширган авлод вакиллари энди саҳнадан кетган.
Ҳокимият тизимидаги икки муҳим шахс - парламент раиси ва бош музокарачи Муҳаммад Боғир Ғолибоф ҳамда Инқилобий гвардия қўмондони Аҳмад Ваҳидий ҳам олтмиш ёшлар атрофида.
Янги олий раҳбар каби, уларнинг ҳар иккиси ҳам Эрон Ислом Инқилоби Сақчилари Корпуси (IRGC) билан яқин алоқаларга эга.
Лондондаги Chatham House таҳлил марказининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дастури директори Санам Вакил шундай дейди: "Энди Ислом Республикаси кемасини 86 ёшли раҳбар бошқармаяпти. Тизимнинг эволюциясига тўсқинлик қилиб турган асосий омил Али Хоманаий эди".
Эҳтиёткор сиёсати билан танилган Хоманаий ўн йиллар давомида "на уруш, на тинчлик" деб таърифланган стратегияга амал қилиб келди. Унинг ворислари эса анча дадилроқ ҳаракат қилди: минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига ҳужумлар уюштирди ва ортидан бир неча ҳафта ўтиб, Теҳрон учун камситувчи деб бўлмайдиган шартлар асосида урушни тугатиш бўйича музокаралар столига ҳам ўтирди.
"Улар аввалги авлодга нисбатан анча тажовузкор тарзда уруш олиб боришга тайёр эканини намойиш қилди", - дейди Наср.
2020 йилда Трамп Инқилобий гвардиянинг собиқ қўмондони Қосим Сулаймонийни ўлдирган ҳаво зарбасини беришга буйруқ берганида, Эрон жавоб қайтариш ниятини олдиндан очиқ-ойдин билдирган эди. Шундан сўнг Ироқдаги АҚШ ҳарбий базаларига 12 та баллистик ракета учирилди. Бироқ ҳужум оқибатида америкалик ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлмаган.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
Бу йил АҚШ ва Исроилнинг кенг кўламли ҳужумлари қаршисида Эрон бундай эҳтиёткорлик кўрсатмади. У минтақадаги қатор АҚШ ҳарбий объектларига, жумладан Баҳрайнда жойлашган Бешинчи флот қўмондонлиги ва Қатардаги ал-Удейд авиабазасига дронлар ҳамда ракеталар билан зарбалар берди.
Жанглар давомида Кувайтда олти нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Юзлаб одамлар яраланди.
Эроннинг АҚШнинг Форс кўрфазидаги иттифоқчиларига ҳужум қилишга тайёр экани, денгиз қатновини нишонга олиши ва жаҳон савдоси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Ҳурмуз бўғозини ёпиши мумкинлигини намойиш этиши ҳам Оқ уй учун кутилмаган ҳол бўлди.
Вашингтон ўнлаб йиллар давомида Эронни минтақадаги ҳарбий базалари тармоғи ва Форс кўрфази давлатлари билан тобора мустаҳкамланаётган алоқалари орқали жиловлашга ҳаракат қилиб келган эди.
Бироқ Эроннинг Исроил ва АҚШ ҳужумларига берган кескин жавоби бу стратегия энди аввалгидек самара бермаётганини кўрсатди.
"Бу давлатларнинг кўпчилиги ўз ҳудудидаги АҚШ ҳарбий базалари уларни нишонга айлантирмай, аксинча хавфсизликни таъминлайди, деб умид қилган эди", - дейди Халқаро инқирозлар гуруҳининг Эрон бўйича лойиҳаси директори Али Ваэз.
"Энди Форс кўрфази мамлакатлари АҚШ хавфсизлик кафолатларининг ишончлилиги ва ўзларининг тийиб туриш стратегияси самарадорлигига шубҳа билан қарай бошлади".
Хабарларга кўра, Форс кўрфазидаги давлатларнинг аксарияти Эрон билан муносабатларни яхшилаш имкониятларини изламоқда ҳамда хавфли қўшниси билан алоқаларни тиклашга интилмоқда. Номи ошкор этилмаган дипломатга таяниб хабар берган Agence France-Presse агентлиги ҳатто 2023 йилда ўнлаб йиллик душманликдан сўнг Теҳрон билан муносабатларни тиклаган Саудия Арабистони Эрон ва кўрфаздаги араб давлатларини бир стол атрофида жамлайдиган "ярашув саммити"ни ўтказишга тайёрланаётганини ҳам маълум қилди.
Бироқ улар ўзлари истамаган ва олдини олишга қаттиқ уринишган уруш ўртасида қолиб кетганидан қанчалик норози бўлмасин, Али Ваэзнинг фикрича, ҳозирча уларнинг бирортаси АҚШ ҳарбий тизими билан алоқаларини узишга тайёр эмас.
"Улар хавфсизлик соҳасидаги муносабатлардан бутунлай воз кечиш учун АҚШга ҳаддан ташқари боғланиб қолган", - дейди у. "Албатта, улар ўз хавфларини турлича тақсимлашга уриниши мумкин. Аммо охир-оқибат, уларнинг бориши мумкин бўлган яхшироқ манзили йўқ."
Каттароқ тарихий қиёсларга берилишни истамаган Ваэз ҳозирги вазиятни "пластик палла" деб таърифлайди - яъни эски рақиблар ўзаро муносабатларнинг янги шакллари ҳақида ўйлай бошлаган, турли имкониятларга бой давр.
"Мен аввал мавжуд бўлмаган муайян даражадаги реалистик ёндашувни сезяпман", - дейди у.
Аммо эронлик оддий фуқаролар ҳақида нима дейиш мумкин?
Янги прагматиклар
Январ ойида Трамп Эрон фуқароларига: "Ёрдам йўлда", деб ваъда берган эди. 28 феврал куни урушни бошлар экан, у янада очиқроқ гапирди.
"Биз ишимизни тугатганимиздан кейин, ўз ҳукуматингизни қўлга олинг", - деди у эронликларга мурожаат қилиб. "У сизларнинг бўлади."
Аммо бу ваъдалар ҳозирча амалга ошмаган хаёлдек кўринмоқда. Теҳронда янги авлод ҳокимият тепасига келган бўлиши мумкин, лекин у ҳозирча халққа эркинроқ ва фаровонроқ келажак ваъда қилаётгани йўқ.

Сурат манбаси, Getty Images
Режим бор эътиборини ўзини сақлаб қолишга қаратган экан, Абу-Дабида фаолият юритувчи Chatham House таҳлилчиси Анисе Басирий Табризий мухолиф фикрларга муносабатда жиддий ўзгариш бўлишини кутмаяпти.
"Улар кўчадаги вазиятни назорат қилишга жуда, жуда катта эътибор қаратишда давом этади", - дейди у.
Бироқ урушдан олдинёқ давлат муассасаларидан ташқарида ҳижоб талабларининг қатъий назорат қилинмаётгани ва Теҳрон ресторанларида спиртли ичимликларнинг яширинча мавжудлиги режим аста-секин айрим эски тақиқлардан воз кечаётганига ишора қилиши мумкин.
Вали Насрнинг фикрича, бунинг барчаси зарурат билан боғлиқ: давлатга нисбатан ишончни қайта тиклаш эҳтиёжи билан.
"Улар давлат манфаати шуни талаб қилади, деган прагматик қарорга келди ва шунинг учун бу масалаларда юмшоқроқ ёндашувни танлади", - дейди у.
Январ ойидаги қонли воқеалар юзага келтирган шокдан сўнг режим, ҳеч бўлмаганда, мамлакат суверенитетини ҳимоя қилишга қодир эканини намоён қилди.
Эронликлар учун бу уруш ниҳоятда чалкаш ва зиддиятли тажриба бўлди. Режимнинг шафқатсизлигидан келиб чиққан даҳшат ҳисси аста-секин бошқа турдаги қўрқувга ўрин бўшатди: АҚШ ва Исроил бомбалари мамлакат ҳудудига ёғила бошлади, тинч аҳоли ҳалок бўлди ва муҳим инфратузилма зарар кўрди.
Урушнинг биринчи куни Минаб шаҳридаги бошланғич мактабда ўнлаб болаларнинг ҳалок бўлиши айрим одамларни ҳақиқий душман ким экани ҳақида ўйлашга мажбур қилди. Уларни озод қилишни ваъда қилган Исроил ва АҚШ, аксинча, мамлакатни вайрон қилишга интилаётгандек туюлди.
Бироқ АҚШ ва Исроилнинг қўшма босимига қарши тура олган Эроннинг янги раҳбарияти режимнинг издан чиққан легитимлигини тиклаш учун пайдо бўлган бу эҳтимолий қисқа муддатли имкониятдан фойдалана оладими?
"Бу маълум маънода Мао давридан кейинги Хитойни эслатадиган палладир", - дейди Али Ваэз. "Чунки бутун тизим нимадир ўзгариши кераклигини тушуниб турибди. Янги раҳбарият мамлакатга янги ижтимоий шартнома зарурлигини англаяпти."
Аммо улар буни амалга ошира оладими-йўқми, бу ҳануз очиқ масала бўлиб қолмоқда. Ҳозир Эрон ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ Инқилобий гвардия элитаси томонидан бошқарилмоқда. Шу билан бирга, январ ойидаги қонли бостириш ҳаракатларида минглаб дўстларидан айрилган яхши таълим олган кўплаб ёшлар мамлакат келажагини белгилашда ўз сўзи йўқлигини ҳис қилмоқда.
Бу ҳал қилувчи бурилиш нуқтасидир. Эрон ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда эски тасаввурлар ва келажак имкониятлари ўртасида ноаниқ мувозанатда турибди.
Форс кўрфазида сўнгги пайтларда бир неча кескинлашув ҳолатлари кузатилганига қарамай, Теҳрон АҚШ билан дипломатик жараённи бошлади. Бу жараён АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс таъбири билан айтганда, "тубдан ўзгарган муносабатлар"га олиб келиши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Ядровий дастур бўйича ён беришлар эвазига санкциялар юмшатилиши мумкинлиги режимига жозибадор имконият сифатида кўринмоқда. Агар ҳукумат иқтисодиётни самарали бошқара олса, бу унинг мамлакат ичидаги йўқолган обрўсини тиклашга ёрдам бериши мумкин.
Англашув меморандуми имзоланганидан бери Эрон АҚШнинг айрим санкция истисноларидан фойдаланиш имконига эга бўлди. Бу унга 60 кун давомида хом нефт ва нефт маҳсулотларини экспорт қилиш имконини берди.
Олдимиздаги 60 кунлик музокаралар даврида бошқа енгилликлар ҳам кузатилиши мумкин. Улар қаторида Эроннинг музлатилган миллиардлаб долларлик активларини озод қилиш ва якуний келишувга эришилганда эса энг катта мукофот - халқаро санкцияларнинг тўлиқ бекор қилиниши ҳам бор.
Меморандумда, шунингдек, 300 миллиард долларлик "қайта қуриш ва ривожлантириш" дастурини тузиш ҳақида ҳам сўз боради. Бироқ бу маблағни ким молиялаштириши ҳозирча аниқ эмас.
Бу иқтисодий рағбатларнинг барчаси биргаликда Эроннинг янги раҳбариятини келишувга эришишга ундайдиган кучли омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Санам Вакил ҳам минтақада "имкониятлар ойнаси" пайдо бўлганига қўшилади. Бироқ у эҳтиёткорона ёндашмоқда.
"Шундай сценарий ҳам бўлиши мумкинки, келишувга эришилмайди, жараён чўзилиб кетади ва президент Трамп сабри тугайди. Кейин у: "Хўш, энди учинчи босқич вақти келди", дейиши мумкин", - дейди у.
Мен суҳбатлашган экспертларнинг ҳеч бири келажак кафолатланган деб ҳисобламайди.
Эрон, унинг Яқин Шарқдаги қўшнилари ва АҚШ ўртасидаги ўнлаб йиллик мураккаб муносабатлар ортидан чуқур шубҳа ва деярли тўлиқ ишончсизликка асосланган заҳарли мерос қолган.
Муаммолар етарли: Эроннинг ядровий дастури атрофидаги келишмовчиликлар, Ҳурмуз бўғозининг келажаги, Ливандаги можаро ва барча томонлардаги муросасиз қатъий позициялар шулар жумласидандир.
Сўнгги олти ой давомидаги нотинч воқеалардан кейин минтақа бошқачароқ қиёфа касб эта бошлади. Бироқ бу ўтиш даври ҳақиқатан ҳам яхшироқ келажакка олиб келиши учун ҳали жуда кўп ишлар муваффақиятли амалга ошиши лозим.
Юқоридаги сурат: AFP / Getty Images.































