Туркия: Эрдўғон ва Ислом ҳақида қилган ҳазиллари учун ҳажвчи ҳибсга олинди

Гўкташ Эрдўғонни диктатор деб атаган.

Сурат манбаси, INSTAGRAM/@DENIZGOKTASX

Сурат тагсўзи, Гўкташ Эрдўғонни диктатор деб атаган.
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Истанбул суди стендап-ҳажвчи Дениз Гўкташни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. У YouTube'да 9,4 миллион марта томоша қилинган чиқиши сабаб Истанбулнинг асосий аэропортида ушланган эди.

Гўкташ саҳнадаги чиқиши орқали «нафрат ва адоват қўзғатиш», шунингдек Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни ҳақорат қилишда айбланмоқда.

Ҳажвчининг чиқишида, жумладан, қуйидагилар айтилганди:

«Мен 1994 йилда туғилганман. У эса 1994 йилда Истанбул шаҳар ҳокими бўлган. Биз унинг ҳаётидаги барча муҳим босқичлар, фаолиятидаги барча ўсиш жараёнларига гувоҳ бўлдик. У мен учун худди мен ёқтирмайдиган, доимо нолиб юрадиган қўшнимга ўхшайди. Лекин барибир қўшнингизнинг ҳаёти сизга қизиқ бўлади-ку: бугун нима қилди экан, ахлат қутисида нима бор ва ҳоказо. Унинг уялчан диктатордан ўз диктаторлигини бемалол қабул қилган диктаторга айланиш жараёни...»

Гўкташ Туркияда фикр эркинлигига қарши кучайган босимнинг навбатдаги нишонларидан бири бўлмоқда. Бу кампания доирасида фаоллар, журналистлар ва бошқа жамоат арбоблари ҳам таъқиб қилинмоқда.

Шунингдек, келаси ҳафта пойтахт Анқарада бўлиб ўтадиган НАТО етакчилари саммити арафасида 200 нафардан ортиқ киши қўлга олинди.

7–8 июль кунлари Эрдўған мезбонлик қиладиган саммит хавфсизлигини таъминлаш учун ўн минглаб хавфсизлик ходимлари сафарбар этилмоқда. Саммитда АҚШ президенти Доналд Трамп Европа давлатлари етакчилари ҳамда Украинанинг Президенти Владимир Зеленский билан учрашади.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Ўтган ойда журналистлар, адвокатлар, академиклар, касаба уюшмалари вакиллари ва экологик фаоллар ҳам ҳибсга олинган эди.

Ҳукумат Анқара шаҳрида 10 июлга қадар намойишлар ўтказишни тақиқлади. Шунингдек, мустақил турк оммавий ахборот воситалари саммитни ёритиш учун аккредитация берилмаганидан шикоят қилмоқда. НАТО эса оммавий ахборот воситаларига кириш имкониятини таъминлаш мезбон давлат зиммасида эканини билдириб, бу масала юзасидан Туркия ҳукумати билан алоқада эканини маълум қилди.

Эрдўғон Туркияда НАТО саммитига мезбонлик қилиши кутилмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Эрдўғон Туркияда НАТО саммитига мезбонлик қилиши кутилмоқда.

Июн ойи охирида қўлга олинганлар орасида Туркиянинг энг машҳур экологик ташкилотларидан бири бўлган TEMA жамғармаси кўнгиллилари ҳам бор эди. TEMA маълум қилишича, ушланганларнинг кўпчилиги табиат қўйнидаги саёҳатдан қайтаётган нафақахўрлар бўлган ва уларнинг аксарияти кейинчалик озод этилган.

Дениз Гўкташ таътилдан Истанбулга қайтганида ҳибсга олинди. Ҳажвчининг қўллари орқасига кишанланган ҳолда олиб кетилаётгани акс этган суратлар унинг тарафдорлари томонидан кескин танқидларга сабаб бўлди.

Жума куни Истанбулдаги Чағлаян судида прокурорлар томонидан сўроқ қилинганидан сўнг, суд Эрдўған ва Қуръон ҳақидаги чиқишининг бир қисми сабаб Дениз Гўкташни судгача қамоқда сақлаш ҳақидаги прокурор сўровини қаноатлантирди.

Истанбул бош прокуратураси маълум қилишича, ҳокимият органларига Гўкташнинг видеоси юзасидан 185 та шикоят келиб тушган.

Deniz Go'ktash
Сурат тагсўзи, Дениз Гўкташ.

Туркия Дин ишлари бошқармаси жума куни мамлакатдаги барча масжидларда ўқиб эшиттириладиган ҳафталик хутбасида Гўкташнинг исмини тилга олмаган ҳолда мазкур стендап чиқишига ишора қилди. Олий муфтий идораси баёнотида: «Рақамли платформалардан фойдаланиш ва муқаддас қадриятларимизни ҳазил ниқоби остида вақти-вақти билан масхара қилиш фарзандларимизни қадриятларимиздан кун сайин узоқлаштирмоқда», дейилди.

Прокурорга берган кўрсатмасида Гўкташ диний эътиқодга эга бўлган бирор кишини хафа қилиш нияти мутлақо бўлмаганини таъкидлади.

Шунингдек, у президентни ҳақорат қилгани ҳақидаги айбловни ҳам рад этди. Унинг айтишича, мазкур дастурни қарийб уч йил давомида Туркиянинг турли шаҳарларида намойиш қилиб келган ва «диктатор» сўзини ишлатиши Туркияда кенг муҳокама қилинадиган мавзу ҳисобланади.

Унинг видеоси 1 июнь куни Истанбулдаги энг машҳур очиқ осмон остидаги саҳналардан бирида ёзиб олинган ва 24 июнь куни YouTube'га жойланган.

«Бу чиқишни 100 мингдан ортиқ одам томоша қилди ва айнан шу қисмдан ранжиганини билдириб бирорта ҳам шикоят қилган инсон бўлмади», деди у.

Танқидчилар Гўкташнинг ҳибсга олинишини Туркияда жамоатчиликка танилган шахсларга қарши олиб борилаётган кенг қамровли босимнинг бир қисми сифатида баҳоламоқда. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлардан бири бўлган Human Rights Watch мамлакатда «асосий мухолифат партияси, оммавий ахборот воситалари ва умуман сўз эркинлигига нисбатан кенг кўламли чекловлар» жорий этилганидан огоҳлантирган.

Эрдўғаннинг энг йирик сиёсий рақиби, Истанбул шаҳар ҳокими Экрем Имомўғли бир йилдан ортиқ вақтдан буён қамоқда сақланмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Эрдўғаннинг энг йирик сиёсий рақиби, Истанбул шаҳар ҳокими Экрем Имомўғли бир йилдан ортиқ вақтдан буён қамоқда сақланмоқда.

Эрдўғаннинг энг йирик сиёсий рақиби, Истанбул шаҳар ҳокими Экрем Имомўғли бир йилдан ортиқ вақтдан буён қамоқда сақланмоқда. У ўтган йил март ойида коррупция ва бошқа бир қатор айбловлар бўйича суд муҳокамасига тортилган.

Имомўғли мансуб бўлган мухолифатдаги Республика халқ партияси (CHP) ҳам кенг кўламли босимга дуч келди. Партия бу ҳолатни Туркия демократиясига қарши «суд тўнтариши» деб баҳолади.

Май ойида Анқара суди CHPнинг бутун раҳбариятини, жумладан партия раиси Ўзгур Ўзелни лавозимидан четлатиб, унинг ўрнига партиянинг тажрибали арбоби Кемал Қиличдорўғлини тайинлади. Қиличдорўғли сўнгги президентлик сайловида Эрдўғанга мағлуб бўлган эди.

Жума куни Истанбулдаги Чағлаян суди олдида ҳибсга олинган ҳажвчини қўллаб-қувватлаш учун кўплаб одамлар тўпланди. Қиличдорўғли суд биносига кириб келганида эса бинода «хоин» деган ҳайқириқлар янгради.

Қиличдорўғли Гўкташнинг аэропортда қўлларига кишан солинган ҳолда ҳибсга олинишини танқид қилиб, уни озод қилиш кераклигини айтди. Бироқ мухолифат тарафдорлари унинг CHP раҳбарлигига қайта келтирилишини партия таъсирини сусайтиришга қаратилган расмий уриниш сифатида баҳоламоқда.

Намойишчилар, шунингдек, 77 ёшли Қиличдорўғлини ёшлар ҳокимият томонидан нишонга олинаётганида қисман масъул деб ҳисоблашди.

Сўз эркинлигини кузатувчи Media and Law Studies Association ташкилоти Гўкташ «шунчаки ҳазил қилгани учун қамоқ жазосига дуч келаётганини» таъкидлаб, сатира Туркия Конституцияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси билан ҳимоя қилинишини эслатди.