Коинотда уруш бўлса, Россия ютадими? АҚШ орбитага қандай қурол чиқарди?

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Роберт Гриналл
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
АҚШ Ер орбитасига коинотда фойдаланиш учун мўлжалланган қурол жойлаштирганини маълум қилди. Бу эса коинотда аслида қандай қуроллар борлиги ва улар буюк давлатларнинг коинотда устунлик учун курашида қандай рол ўйнаши мумкинлиги ҳақида саволларни пайдо қилди.
Вашингтон ўз баёнотида бу ҳақда кўп маълумот бермади. АҚШ Ҳаво кучлари вазири Трой Майнк "орбитада" жойлаштирилган қурол АҚШ ҳарбийларини душманнинг эҳтимолий ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун зарур бўлганини айтди. Аммо у қуролнинг имкониятлари ёки қачон орбитага чиқарилгани ҳақида маълумот бермади.
Хўш, бу қандай қурол бўлиши мумкин ва коинотда ҳарбий технологияларни ривожлантириш бўйича вазият қандай? Бошқа давлатларда ҳам шунга ўхшаш қуроллар борми?
Коинот эраси бошланганидан бери у ҳарбийлаштирилган макон бўлиб келган. 1960 йилларнинг охирида Совет Иттифоқи коинотга қурол жойлаштирган.
"Истребитель Спутников" ("Йўлдош қирувчи") дастури бошқа, одатда Америкага тегишли йўлдошлар йўлига чиқариб, портлатилиши ва уларга снаряд парчаси сочиши мумкин бўлган снарядларни олиб юрадиган йўлдошлардан иборат эди.
Бугунги кунда илғор ҳарбий салоҳиятга эга давлатлар коинотда турли мақсадларда йўлдошлардан фойдаланади. Улар орасида разведка, махфий алоқа, ракета учирилишини аниқлаш ва нишонга олинган зарбалар учун аниқ жойлашув маълумотларини таъминлаш бор.
Урушлар тобора юқори технологияларга таянаётгани сабабли, таҳлилчилар коинотда ҳарбий техникалардан фойдаланиш янада кўпайишини кутмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Қироллик Бирлашган Ҳарбий-тадқиқотлар институти (RUSI) ҳарбий фанлар бўйича илмий ходими ва Дарем университети астросиёсат бўйича доценти доктор Бледдин Боуэн АҚШ эълон қилган қурол ҳақида фақат тахмин қилиш мумкинлигини айтади.
"Менимча, бу қандайдир электрон уруш ёки радиоалоқани тўсиш платформаси бўлиши мумкин. Эҳтимол, бу вайрон қилмайдиган турдаги йўлдошларга қарши қуролдир", — деди у BBC Radio 4'нинг "Today" дастурига.
Бундай қуроллар Ерда аллақачон мавжуд ва улар йўлдош алоқасини издан чиқариши мумкин, деди у.
"Агар радиоалоқа каналларини ишдан чиқарсангиз, йўлдошингиз жуда кам фойда берадиган қурилмага айланади", — деди Боуэн.
У, шунингдек, янада хавфли ва вайронкор қурол турини ҳам истисно қилмади. Бундай қуроллар коинотда чиқиндилар ва вайронагарчилик пайдо қилиши мумкин.
"Эҳтимоли камроқ вариант — қандайдир кинетик йўқ қилувчи қурилма. Яъни йўлдошга урилиб, уни йўқ қилиши мумкин бўлган снарядни чиқарадиган қурилма", — деди у.
"Яқиндан кузатиш ва ушлашга мўлжалланган йўлдош ҳам яна бир эҳтимолий вариант".
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Россия ва Хитой каби рақиб давлатларда ҳам шунга ўхшаш қуроллар орбитада бор-йўқлигини аниқ айтиш қийин.
"Хитой ва Россияга қарайдиган бўлсак, ҳар икки давлат ҳам бундай фаолиятни намойиш этган", — деди RUSI'нинг собиқ илмий ходими, Германиянинг Халқаро ва хавфсизлик масалалари институти тадқиқотчиси Жулиана Зюсс Би-би-сига.
"Масалан, Россия бўйича биз бирга орбитада ҳаракатланувчи қурол синови бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи фаолиятни кузатганмиз. Яъни улар орбитада снарядни синов тариқасида отган бўлиши мумкинлигини кўрсатадиган ҳолатни кўрдик.
"Бундай қурилмалардан бошқалари ҳам бор. Аммо Америка қуроли нима эканини аниқ билмас эканмиз, уларни бир-бири билан солиштириш қийин".
Аммо орбитага жойлаштирилган қурол ғайриоддий бўлиши мумкин бўлса-да, АҚШ, шунингдек унинг Россия ва Хитойдаги рақиблари, коинотдаги нишонларга қарата отиш мумкин бўлган қуролларга анчадан бери эга.
Кейинроқ Би-би-сига берган интервюсида Боуэн Хитойнинг АҚШ баёнотига муносабатини танқид қилди. Хитой коинотда қуролланиш пойгасидан огоҳлантирган эди.
Боуэн буни "қозон қора деган қумғон"га ўхшатди.
"Агар сиз бу соҳанинг мутахассиси бўлсангиз, Россия ва Хитой ҳукуматларидан келаётган бу сўзлар қанчалик асоссиз эканини биласиз", — деди у.
"Қўшма Штатлар, Россия, Хитой ва шунингдек Ҳиндистон йўлдошларга қарши ёки коинотдаги ҳарбий ҳаракатларга мўлжалланган турли хил қуролларни ишлаб чиққан. Россия ва Хитой эса коинотга катта қуролланиш салоҳиятига эга бўлган кўплаб технологияларни чиқарган", — деди у.
Аслида, сўнгги 10 йилда Россия ва Хитой коинотда "учрашув ва яқинлашиш операциялари" (RPO) деб аталадиган манёврларни анча кўп амалга оширмоқда. Улар Ғарб йўлдошларига яқинлашиб, уларни "таъқиб қилмоқда".
"Назарий жиҳатдан, бундай RPO йўлдошлари улар билан жисмонан тўқнашиши ёки уларни орбитадан чиқариб юбориши орқали "овчи-қирувчи йўлдошлар"га айланиши мумкин", — деди Лондон Кингс коллежи Россия мудофаа ва хавфсизлиги бўйича тадқиқотчиси доктор Род Торнтон Би-би-сига.
Боуэннинг айтишича, хитойликлар "коинотда тортиш қобилияти"ни ҳам намойиш этган.
"Қурилма бирор йўлдошга яқинлашиб, уни ушлаши ва бошқа орбитага кўчириши мумкин", — деди у.
Унинг таъкидлашича, бу ижобий мақсадда ҳам қўлланиши мумкин — масалан, коинот чиқиндиларини тозалаш учун. Шу билан бирга, ишлаб турган йўлдошларни ишдан чиқариш учун ҳам фойдаланиш мумкин.
Бироқ коинотдаги айрим қурол турлари жуда катта миқдорда чиқинди пайдо қилиш хавфига эга.
Кингс коллежида коинот хавфсизлиги ва унинг қуроллантирилиши бўйича мутахассис доктор Марк Ҳилборннинг айтишича, Хитой 2007 йилда ўтказган каби, Ердан туриб йўлдошга қарши ракета синовлари орбитада жуда кўп миқдорда чиқинди қолдиради ва улар узоқ вақт давомида сақланиб қолиши мумкин.
Сюсснинг айтишича, ўша синовдан қолган чиқиндилар ҳали ҳам орбитада ва ҳануз хавфли.
"Зарар етказиш учун улкан металл бўлаги шарт эмас. Орбитадаги тезликни ҳисобга олсак, жуда кичик пластик бўлаги ҳам зарар етказиши мумкин", — деди у.
Ядровий таҳдид
Торнтоннинг айтишича, Россия коинотдаги қуроллар ва йўлдошлар сони бўйича камчиликларини ракета салоҳияти билан қоплайди.
"Россияликлар... Ердан учирилиб, қуйи Ер орбитасидаги йўлдошларни нишонга олиши мумкин бўлган ракеталарга эга. Шунингдек, улар самолётдан катта баландликда учирилиши мумкин бўлган ASAT — ҳаводан йўлдошга қарши ракеталарга ҳам эга", — деди у.
"Россия нуқтаи назаридан қараганда, НАТОда Россия ҳарбийлари фойдалана оладиган йўлдошларга қараганда анча кўп ва яхшироқ йўлдошлар бор. Шунинг учун Россия ASAT қуролларига катта сармоя киритди. Бу маълум маънода "жанг майдонидаги мувозанатни тенглаштириш" учун қилинмоқда."
Торнтон янада жиддий бир фикрни билдирди:
"Энг сўнгги чора сифатида Россия ядровий қуролларни ҳам коинотга чиқариши мумкин. Ядровий портлаш натижасидаги электромагнит импулс кенг ҳудуддаги ҳимояланмаган йўлдошларни ишдан чиқариши мумкин."
Хўш, коинотда ядровий можаро эҳтимоли қанчалик юқори?
Фақат Ерда ҳам ядровий можаро юз берса, шундай эхтимол бор.
"Коинотда содир бўладиган воқеаларни, аслида, алоҳида ҳолда тасаввур қилиш қийин", — деди Боуэн.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Коинотда фойдаланиш учун мўлжалланган қуроллар шунчадан бери мавжуд экан, нега АҚШ айнан ҳозир бу ҳақда эълон қилди?
Мутахассислар буни катта технологик янгиликдан кўра кўпроқ сиёсий сигнал сифатида баҳоламоқда.
Боуэн бу Хитойдаги ҳарбий-технологик ривожланишларга жавоб бўлиши мумкинлигини айтади.
"Хитой сўнгги 30 йил давомида ўз ҳарбий кучларини модернизация қилди", — деди у.
"У коинотга анча кўп ҳарбий йўлдошларни чиқарди ва Америка ҳарбийлари учун нишон сифатида кўриб чиқиш ва зарба бериш мумкин бўлган объектлар сонини кўпайтирди".
"Ҳозир Америка учун коинотда қуролларга эга бўлишга рағбат анча юқори. Чунки Хитой ҳам америкаликлар каби коинот инфратузилмасига қарам ва шу сабабли унинг заиф нуқталари кўп".
Бу ҳолат коинотдаги кучлар ўртасида қизиқ бир номутаносибликни юзага келтирган кўринади.
Торнтоннинг айтишича, коинотда ҳар қандай уруш чиқса ҳам Россия "катта ютуқ" ҳолатида бўлиши мумкин, чунки унинг Хитой ва АҚШга қараганда йўлдошлари жуда кам.
Унинг таъкидлашича, бундай урушда "коинотга отилган ракеталар, йўлдошларни уриб ёки йўқ қилишга мўлжалланган ҳаракатланувчи йўлдошлар ва Ерда жойлашган лазерлар" иштирок этиши мумкин.






























