Суяклар пляжи: Россия Совет қатағонини унуттирмоқчи, бироқ далиллар кўл юзасига чиқиб келаяпти - Видео

Коллажда соҳилда турган ва ўтирган, инсон суякларини кўлга улоқтираётган ёш болалар тасвирланган. Шунингдек, унда «чўмилиш тақиқланади» деган расмли белги бор, тасвирнинг кесиб кўрсатилган қисмида эса қум остида янада кўпроқ суяклар кўринади.

Сурат манбаси, BNK/VK MO "Knyazhpogostsky"/BBC

    • Author, Sofya Volyanova va Surishtiruv tahririyati
    • Role, BBC Rus xizmati
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Айрим инсонлар учун Емва шаҳарчасидаги сузиш кўли "ажойиб жой", оққушлар сузиб юрган сув ҳавзаси – ёзнинг жазирамасида ҳордиқ чиқариш мумкин бўлган бетакрор гўша.

Бошқа биров учун эса бу ер қабристон.

"Бутун шаҳар инсонлар суяги устига қурилган", дея ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Россия Коми республикасидаги сунъий кўл сурати остига изоҳ ёзиб қолдирган.

Ўнлаб йиллар давомида маҳаллий аҳоли бу кўлда чўмилиб келганлар. Аммо кўл Совет ГУЛАГ тизими, яъни мажбурий меҳнат лагерларининг машъум тармоғи қурбонлари оммавий дафн этилган жойда қазиб барпо этилган.

Маҳаллий аҳоли кўл соҳилидан қайта-қайта инсонлар суякларини топганлар.

Бу ерда марҳумлар хотирасига ўрнатилган ва одамларни огоҳлантириб турадиган на ёдгорлик, на бирор лавҳа бор. Ҳукумат бу жойни ҳеч қачон бирор белги билан қайд этмаган. Яқинда жасад қолдиқларини нима қилиш кераклиги ҳақидаги муҳокама пайтида эса расмийлар ҳатто бу суяклар ГУЛАГ маҳбусларига тегишли эканини тасдиқлашдан бош тортдилар.

Коллажда осойишта кўлнинг рангли манзараси ўнлаб эркаклар арқон ёки тросни тортаётган оқ-қора тасвир билан уйғунлаштирилган.

Сурат манбаси, TASS/BBC

Сурат тагсўзи, Тарихчилар ҳисоб-китобларига кўра, 1930 йиллардан 1956 йилгача Совет лагерлари, жазо колониялари ва қамоқхоналаридан 20 миллион инсон ўтган

1980-йилларда маҳаллий қурилиш компанияси бу ҳудудда соябонлар ва кийим алмаштириш хоналари бўлган сунъий кўл ва пляж барпо этишга қарор қилди. Қазиш ишлари пайтида экскаватор ер билан бирга инсонларнинг жасадлари қолдиқлари ва тобутларнинг ёғоч парчаларини ҳам тепага чиқарди.

Бироқ бу нарса Москвадан 1 000 километр шимоли-шарқда жойлашган шаҳардаги қурилиш ишларини тўхтатмади.

Ер ости булоқларининг суви қазилган чуқурга йўналтирилди ва аҳолиси қарийб 15 минг кишини ташкил этадиган Емва шаҳри яшовчилари ўшандан бери бу кўлда чўмилиб келадилар.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Аммо беш йил аввал бу ҳудудда содир бўлган ёнғин ва бир гуруҳ тадқиқотчиларнинг келиши суякларни нима қилиш кераклиги ҳақидаги баҳсларни авж олдирди.

Айрим маҳаллий аҳоли вакиллари бутун ҳудудни қайта қазиб, барча жасад қолдиқларини бошқа жойга қайта дафн этиш кераклигини айтдилар. Бошқалар эса бу жойга хоч ўрнатишни таклиф қилдилар. Яна бир гуруҳ одамлар эса "бунчалик шов-шув кўтаришнинг ҳожати йўқ", "ГУЛАГ лагерлари унчалик даҳшатли бўлмаган ва у лагерларда фақат жиноятчилар сақланган", дедилар.

Охир-оқибат маҳаллий ҳокимият ҳеч қандай чора кўрмади.

Бу нарса Россиядаги кенгроқ тенденцияни акс эттиради: ўша даврга оид оммавий дафн жойларига бирор белги қўйиш тобора камаймоқда. Қурбонлар ҳақида тадқиқот олиб боришга ёки улар хотирасини ёд этишга уринган одамлар жиноий таъқибга учрааяптилар, ГУЛАГ тизими ҳақидаги муҳокамалар эса тобора тақиқланган мавзуга айланиб бормоқда.

Коллажда замонавий темир йўл вокзали биносининг иллюстрацияси ҳамда аввалги даврга оид, эркаклар ёғоч ва релслардан фойдаланиб темир йўл қураётган манзара тасвирланган.

Сурат манбаси, NA Komi /USTR/BBC

Сурат тагсўзи, Кўплаб ГУЛАГ маҳкумлари Емва яқинида темир йўл қурилиши пайтида ҳалок бўлган.
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Москвадаги ГУЛАГ Тарихи музейи ҳисоб-китобларига кўра, 1930–1956 йиллар оралиғида қарийб 20 миллион киши Совет Иттифоқидаги лагерлар, ахлоқ тузатиш колониялари ва қамоқхоналардан ўтган. Ҳукумат бу музейни шу йил ёпилишга мажбур қилди.

Қатағон курбонларининг қарийб тўрт миллион нафари сиёсий сабабларга кўра ҳукм қилинган.

Сталин даври ва ундан кейинги йилларни қамраб олган ушбу қатағонлар даврида икки миллиондан ортиқ киши давлат ҳибсида ҳалок бўлган. Олти миллион киши эса Совет Иттифоқининг олис ҳудудларига мажбуран кўчирилганлар.

Коми тилида «тоза сув» деган маънони англатадиган Емва 1928 йилда ташкил этилган меҳнат лагери атрофида юзага келган. Бу ҳудудда яшайдиган одамларнинг аксарияти ГУЛАГ тутқунлари ёки лагер қўриқчиларининг авлодларидир. Бу ҳолат бутун Коми минтақасига ҳам хос. Ҳозир ҳам Емвада эркаклар учун жазони ижро этиш колонияси фаолият юритади.

Субарктик ўрмонлар билан ўралган шимол лагерларида яшаш шароитлари ўта оғир бўлган. Маҳбусларни жойлаштириш учун етарли турар жой бўлмаган. Ҳатто қишда ҳарорат Целсий бўйича минус 50 даражага тушганида ҳам кўпчилик ертўлалар ёки чодирларда яшаган.

Улар эрталабдан кечгача ўрмон ичида темир йўл тортиш учун дарахт кесганлар. Уларнинг кунлик овқати атиги 400 грамм нон ва бир коса шўрва бўлган.

Коллажда иккита православ хочи тасвирланган: бири ёдгорлик сифатида тик турипти, иккинчиси эса бузиб ташланган, ерда ётибди.

Сурат манбаси, T.me/Officially_vorkuta/BBC

Сурат тагсўзи, Бир тадқиқотчи ҳукуматдан ҳеч бўлмаганда қатағон қурбонлари дафн этилган жойга хоч ўрнатиб, уни белгилаб қўйишни сўради, аммо бу илтимос эътиборсиз қолдирилди. Бошқа жойларда эса шунга ўхшаш хочлар бузиб ташланди.

Тарихчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Комидаги лагерлардан бир миллиондан ортиқ маҳбус, ҳам сиёсий, ҳам сиёсий бўлмаган маҳкумлар ўтганлар. Аммо уларнинг қанчаси у ерда ҳалок бўлгани ҳақида аниқ рақамлар йўқ.

2021 йили Емва кўли атрофидаги ўтлоқда чиққан ёнғинни ўчириш учун чақирилган ўт ўчирувчилар камида уч кишининг суякларини топдилар. Шундан сўнг маҳаллий ҳокимият бу масалага аралашди.

Терговчилар жасад қолдиқлари камида 15 йиллик эканини ва уларда жароҳат аломатлари йўқлигини аниқлаганлар. Улар «жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли» жиноий иш қўзғатмаган.

Иқтибос

Терговчилар қарорида суяклар топилган жой 1930–1950 йиллар оралиғида «ГУЛАГ маҳбусларининг норасмий оммавий дафн жойи» бўлиб хизмат қилгани қайд этилган.

Агар олти ой ўтиб, минтақа пойтахти Сиктивкардан ГУЛАГ тарихи бўйича ихтисослашган бир гуруҳ тадқиқотчилар келмаганида, масала шу билан ёпилган бўларди.

«Биз карьерга бордик ва аслида ҳеч нарсани қидиришимизга ҳам ҳожат қолмади, суяклар дарҳол кўзга ташланарди», деди ёзувчи ва ўлкашунос, ўзи ҳам Емвада туғилган Григорий Спичак BBC Рус хизматига.

Иллюстрацияда икки портрет: бири рангли бўлиб, унда кулранг пиджак кийган ва лаб бўёғи суртган аёл, иккинчиси эса оқ-қора тасвирдаги пальто ва галстук таққан эркак.

Сурат манбаси, TSGALI SPB/BBC

Сурат тагсўзи, ГУЛАГ лагерлари тутқунлари орасида актёрлар, собиқ рус ҳарбийлари ва «аксилинқилобий хатти-ҳаракатларда» айбланган бошқа кишилар, шунингдек, жиноятчилар ҳам бўлганлар.

Яна бир тадқиқотчи Игор Сажин шундай хотирлайди:

«Биз қовурға ва чаноқ суякларини топдик. Уларни ҳайвон суяклари билан ҳеч ҳам адаштирмайсиз.

Уларни шу ҳолича ташлаб қўйиш инсонийликка тўғри келмайди. Емва эса ўтмишдан юборилган бу даҳшатли саломни тан олишни истамай, ўз ҳаёти билан яшашда давом этарди».

Россия қонунчилигига кўра, ҳукумат янги аниқланган дафн жойларини, жумладан, «оммавий қатағон қурбонларининг қабрлари»ни рўйхатга олиши ва белгилаб қўйиши, зарур бўлса, жасад қолдиқларини қайта дафн этиши шарт.

Сажин прокуратурага мурожаат қилган, аммо ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Қарийб бир йил ўтгач, у маҳаллий маъмурият ва черковдан ҳеч бўлмаганда кўл ёнига хоч ўрнатишни сўради.

Аммо маъмурият минтақавий жазони ижро этиш хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва маҳаллий тарих музейига мурожаат қилганидан сўнг, бу ер ГУЛАГ маҳбуслари дафн этилган жой эканига ҳеч қандай далил топилмаганини прокуратурага билдирди.

Бироқ бошқалар бу масалада анча қатъий фикрдалар.

Коллажда рангли тасвирда бир аёл кўча бўйлаб тобут ортилган отни етаклаб кетаётгани акс этган. Икки томондаги оқ-қора тасвирларда эса марҳумга ҳурмат бажо келтириш учун йўл четида турган аёллар кўринади.

Сурат манбаси, Getty Images/BBC

Сурат тагсўзи, Емвадаги ГУЛАГ лагерларида қанча одам ҳалок бўлгани аниқ эмас.

«Булар, шубҳасиз, ГУЛАГ қурбонлари. Чунки улар кийим-кечак ва пойабзалсиз, белкурак тиғи чуқурлигида дафн этилганлар», деб ёзганди тадқиқотчи Орест Романко ижтимоий тармоқда.

Россиядаги оммавий қатағонлар тарихи сиёсий жиҳатдан нозик мавзу бўлиб, оммавий қабрларни аниқлашга уринган одамлар жиноий таъқибга учрадилар.

Суд Россия ғарбидаги ГУЛАГ тарихи музейи директори Николай Аракчеевни бош суягини «рухсатсиз» қазиб олгани учун жаримага тортди.

«Мемориал» тарихий ташкилотининг Перм бўлими раҳбари Роберт Латипов ва беш нафар литвалик кўнгилли собиқ мажбурий кўчириш манзилига қарашли ташлаб кетилган қабристонни тозалаб, қабрлардан бирига хоч ўрнатганларидан сўнг, унга нисбатан жиноий тергов бошланди.

2019 йил Россия Инсон ҳуқуқлари кенгаши йиғилишида Президент Владимир Путинга бу ҳақда маълум қилинганидан бир кун ўтиб, жиноий иш ёпилган.

Аммо худди шу йиғилишда президент Совет архивларидан «чекловсиз фойдаланиш» таклифига қарши чиқди.

«Биз НКВД [Совет махфий полицияси] 1930-йилларда қандай ишлаганини биламиз ва аждодларига оид ҳужжатлар очилиши уларнинг қариндошлари учун ҳар доим ҳам ёқимли бўлмаслиги мумкин», деди Президент Путин.

Чўмилиш тақиқланади

2025 йили Россия давлат архиви сиёсий қатағон қурбонларига оид ҳужжатларни «фақат хизмат доирасида фойдаланиш учун» деб таснифлай бошлади.

Шу йил Комида сиёсий қатағонлар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, ўрганиш ва тарқатиш билан шуғулланган мустақил маданий ташкилот Revolt Centre экстремистик ташкилот деб эълон қилинди. Совет давридаги инсон ҳуқуқлари бузилишларини ўрганиш мақсадида ташкил этилган «Мемориал» ҳам экстремистик ташкилот деб топилиб, тақиқланди.

Москва расмийлари эса ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузди деган баҳонада икки йил давомида ёпиқ турган ва директори Роман Романов ишдан бўшатилган ГУЛАГ музейи ўрнига нацистлар босқини пайтида ҳалок бўлган Совет фуқаролари хотирасига бағишланган Хотира музейини ташкил этди.

2022 йил ёзида прокуратура Емва кўлида чўмилишни тақиқлади. Маҳаллий суд ҳокимиятга ҳудудни текшириш ва у ердаги жасад қолдиқларини йил охирига қадар қайта дафн этиш топшириғини қўйди.

Аммо Коми Олий суди бу қарорни бекор қилиб, ҳудуд ҳақиқатан ҳам «оммавий қатағон қурбонлари дафн этилган жой» эканини аниқлаш учун уни текшириш керак деган қарор чиқарди.

'Уятли мавзу'

Ўтган йил охирида расмийларни карьердаги жасад қолдиқларини текширишга мажбурлаш мақсадида ижро иши қўзғатилди, аммо у дарҳол тўхтатилди.

BBC News Russian Россия Бош прокуратураси, маҳаллий маъмурият ва судга мурожаат қилди, аммо ҳеч қандай жавоб олмади.

Мустақил минтақавий Komi Daily нашри Бош муҳаррири Лана Пилаева BBC Рус хизматига айтишича, Сталин замони қатағонлар ҳақида гапириш тақиқланган мавзу бўлиб қолмоқда.

«Бу жуда уятли мавзу, деди у. Қатағон қилинганларнинг авлодларига ҳам бу хос. Балки бунга "халқ душмани" деган тамға туфайли ҳали ҳам сақланиб қолганидир, одамлар онгига сингиб кетган уят ҳисси сабабдир. Жаллодларнинг авлодлари ҳам бу мавзуни ўрганишни хоҳламайдилар».

Жорий йил ёзида ҳукумат кўл соҳилига «чўмилиш тақиқланади» деган белгини ўрнатди. Аммо маҳаллий аҳолининг айтишича, одамлар у ерда ҳамон чўмилишда давом этмоқдалар.

Пилаева BBC Рус хизматига шундай деди: «Ажабланарлиси, одамлар суяклар орасида чўмилишдан ҳеч ҳам ийманмайдилар».

Мақолани тайёрлашда Олга Ившина ёрдам берган.