Янгиланди: Эрон ҳарбийлари: АҚШ "ўзи билан ўзи музокара қилмоқда"

Трамп

Сурат манбаси, EPA

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Доналд Трамп "Теҳрон келишувни қаттиқ истаяпти", деганидан сўнг Эрон ҳарбийлари АҚШ "ўзи билан ўзи музокара" олиб бораётганини айтди. Трампнинг 15 бандли тинчлик режасида нималар бор?

Эроннинг асосий ҳарбий қўмондонлиги — Хотам ал-Анбиё марказий штаби матбуот котиби (АҚШ ва Трамп номини тилга олмасдан) "ўзини дунёдаги суперкуч деб эълон қилган давлат" ҳақида гапирди. У "мағлубиятингизни келишув деб атаманг" деди.

Иброҳим Зулфиқорий Эрон ОАВларида эълон қилинган видео мурожаатида шундай дейди:

"Ички зиддиятларингиз шунчалик кучайиб, ўзингиз билан ўзингиз музокара қилаётган даражага етдими?"

"То минтақада барқарорлик қуролли кучларимизнинг қудратли қўли билан таъминланишини тушуниб етмагунингизгача, бу ердаги сармояларингизни ҳам, энергия ва нефтнинг аввалги нархларини ҳам қайтиб кўрмайсиз. Барқарорлик куч орқали келади," деди Зулфиқорий.

У, шунингдек: "Биз кабилар сизларга ўхшаганлар билан ҳеч қачон келишмайди. Ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам", деди.

Трампнинг 15 бандли тинчлик режасида нималар бор?

Президент Трамп Эронга юборганини айтган 15 бандли режа ҳали расман эълон қилинмаган. Унинг мазмуни ҳақида ҳозирча расмий тасдиқ йўқ. Бироқ айрим тафсилотлар Исроил ва АҚШ ОАВларида пайдо бўлмоқда.

Исроилнинг Channel 12 телеканали хабар беришича, режада қуйидаги талаблар бор:

  • Натанз, Исфаҳон ва Фордовдаги ядровий иншоотлар ишдан чиқарилиб, йўқ қилинади
  • Эрондаги фаолият устидан Халқаро атом энергияси агентлиги (IAEA) томонидан тўлиқ шаффофлик ва назорат ўрнатилади
  • Эрон минтақадаги қуролланган прокси кучлардан воз кечади, уларни молиялаш ва қуроллантиришни тўхтатади
  • Аллақачон қўлга киритилган ядровий салоҳият бутунлай тугатилади
  • Ядровий қуролга эришмаслик бўйича мажбурият олинади
  • Эрон ҳудудида уран бойитиш тўхтатилади, барча бойитилган материаллар IAEAга топширилади
  • Ҳормуз бўғози очиқ қолади ва "эркин денгиз ҳудуди" сифатида сақланади
  • Эрон ракеталари бўйича қарор кейинчалик қабул қилинади, аммо уларнинг сони ва парвоз масофаси чекланади ва фақат мудофаа мақсадида қўлланилади

Режа доирасида Эронга нима таклиф этилмоқда:

  • Бушеҳрда электр энергияси ишлаб чиқариш учун фуқаровий ядровий лойиҳа ривожи бўйича АҚШ ёрдами
  • Барча санкцияларни бекор қилиш
  • Санкцияларни қайта жорий этиш таҳдидини бартараф этиш

Шунингдек, музокаралар давомида бир ойлик эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш ҳақида ҳам хабарлар бор. Бироқ бу маълумотлар ҳозирча тасдиқланмаган ва Оқ уй томонидан батафсил изоҳ берилмаган.

24 март: Эрон Ташқи Ишлар вазири: "Эрон тўла қонли оташкесимни истайди, муваққат эмас". АҚШ Эрон билан музокаралар ўтказадими?

Теҳронга ҳужум оқибатлари.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Музокаралар эҳтимоли мавҳум қолар экан Эронга ҳужумлар давом этмоқда.

Хитой Ташқи ишлар вазири Ванг Йи эронлик ҳамкасби Аббос Ароқчи билан сўзлашганини маълум қилган.

Хитой матбуотида берилган хабарга кўра, жаноб Ароқчи "Эрон муваққат эмас, тўла қонли оташкесимни исташини" айтган.

Жаноб Ароқчи шунингдек, Ҳўрмуз бўғози ҳамма учун очиқ экани ва кемалар хавфсиз у ердан ўтишлари мумкинлиги, аммо ҳозирда уруш вазиятида бўлган мамлакатлар бундан истисно" эканлигини айтган.

Хитой матбуоти Ташқи ишлар вазирининг "уришишдан кўра, сўзлашиш яхшироқ" экани ҳақидаги сўзларини чоп қилган.

Жанб Йи тинчлик учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш ва тинчлик жараёнини иложи борича тезроқ бошлашга даъват қилган.

АҚШ Эрон билан музокаралар ўтказадими?

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан "ўта жиддий музокаралар" ўтказилиши ҳақида айтар экан, аслида бу каби эҳтимол ўта мавҳумлигича қолмоқда.

Эрон томонидан АҚШга нисбатан шубҳа ҳануз жуда кучли.

Ўтган йили феврал ва июн ойларида ўтказилган 2 музокара ортидан Исроил АҚШ қўлловида ҳаво ҳужумларини бошлаб юборганди.

Эрон Ташқи Ишлар вазири Аббос Ароқчи ва АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтгани ҳақида хабарлар бор. Аммо бу мулоқот ҳали тўла қонли музокара эмаслиги ҳам айтилмоқда.

Покистон, Туркия ва Миср дохил қатор давлатлар тангликни юмшатиш йўлида ҳаракатлар қилишмоқда.

Бу давлатлар раҳбарларининг жаноб Трамп билан яқин алоқалари бор ва Араб давлатлари раҳбарлари билан ҳам жорий можаро мобайнида фаол алоқада бўлиб келишган.

Эрон кўпроқ ишонадиган Уммон ҳам анча фаол.

Келажак бир неча кунда нималар бўлиши номаълум, аммо Эрон расмийси Муҳаммад Боғир Ғолибоф тез орада АҚШ вице-президенти Ж.Д Ванс билан учрашиши мумкинлиги айтилмоқда.

АҚШ президенти Трампнинг охирги кунларда Эрон билан боғлиқ изҳоротлари оҳанги бир томондан дипломатик, бошқа томондан чалғитувчи эди.

Жума куни жаноб Трамп Эрон билан уруш "ниҳоялаб бормоқда", деб айтганди.

Шанба куни АҚШ президенти Эронга Ҳўрмуз бўғозини очиш учун 48 соат муҳлат берди. Акс ҳолда Эрон энергия инфратузилмаси йўқ қилиниши ҳақида пўписа қилди.

Душанба куни эрталаб у "Эронликлар конструктив музокараларга киришишди", деб айтди. Эронга қақшатқич ҳужумлар 5 кунга кечиктирилиши айтилди.

Таҳлилчиларга кўра, жаноб Трамп ултиматумлари билан ўзини бир қадар чорасиз вазиятга қўйган ва вақтни чўзиш учун имкон қидираётган бўлиши мумкин.

Музокаралар бошланмаган бўлса ҳам, бу каби эҳтимол ҳақида хабарлар чиқиши билан жаҳон бозорларида нефт нархи туша бошлади ва АҚШ молия бозорларида ҳиссалар нархи ошди.

Эронга ҳужумлар давом этмоқда

Душанба куни Исроил Теҳрондаги "режим инфраструктурасига кенг кўламли ҳаво ҳужумлари" амалга оширилганлигини маълум қилди.

Шу билан бирга АҚШ Қуролли кучлари Бош штаби "Эрон ҳарбий нишонларига ҳаводан аниқ ҳужумлар давом этаётганлиги"ни маълум қилган.

Эрон Қизил Хоч ташкилоти маълумотларига биноан, уруш бошланганидан бери ҳаво ҳужумларида 82 минг 417 фуқаровий объект вайрон қилинган.

Ташкилот раҳбарига кўра, 281 шифохона, поликлиника ва дорихона ҳам нишонга олинган.

Урушнинг эронлик қурбонлари

Парасте Даҳагиён (чапда) ва Бериван Мавлоний (ўнгда)

Сурат манбаси, Supplied

Сурат тагсўзи, Парасте Даҳагиён (чапда) ва Бериван Мавлоний (ўнгда) Эронда ҳалок бўлган инсонлардан атиги 2 нафари.

Фармаколог Парасте Даҳагиён иш жойида бўлган вақти ҳужум оқибатида ҳалок бўлди.

Бериван Мавлоний ҳали уйқуда бўлган вақти бошига ракета парчаси келиб урилди.

Уч ҳафта мобайнида АҚШ ва Исроил Эрондаги минглаб нишонларга ҳужум қилган экан, Теҳрон ва бошқа шаҳарлар аҳолиси узра бомбалар ёғилмоқда.

Ҳалок бўлганлар орасида ёш болалар ҳам бор. 3 ёшли Элима Билки бомба ҳужумида жароҳат олганидан 1 кун ўтиб вафот этди.

Тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортмоқда.

Эрондан ахборот олиш ўта мушкул бўлса ҳам ҳалок бўлганларнинг кичик бир қисми ҳақида маълумотлар сизиб чиқмоқда.

Парасте Даҳагиён Теҳрондаги ракета ҳужумига тутилган Технология маркази яқинидаги дорихонада ишларди.

Интернетда унинг дафн маросимида олинган видео чоп қилинган.

Акасининг ёзишича, синглиси ўз ишини бажараётган вақти ҳалок этилган.

Эйлима Билки

Сурат манбаси, Hengaw

Сурат тагсўзи, 3 ёшли Эйлима Билки ҳужум оқибатида ҳалок бўлган.

3 ёшли Эйлима Билкининг суратини ВВС га Курд Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш гуруҳи Hengaw тақдим қилган. Уларга кўра, Елима март ойи бошидаги ҳужумларда жароҳат олиб, вафот этган.

26 ёшли Бериван Мавлоний онлайн орқали кийим бош савдоси билан шуғулланарди. Ҳужумлар бошланганидан сўнг дастлаб мамлакат шимолига чиқиб кетган Бериван уйини соғингани учун Теҳронга қайтганди.

Яқинларининг айтишларича, улар Эрон Жосуслик хизмати раҳбари Исмоил Хатиб уларнинг рўпарасидаги уйда яшашидан умуман хабарлари бўлмаган. Бу ҳақда Инстаграмда унинг дугонаси ёзган.

Эрон Қизил Хоч ташкилоти Бериван уйи вайроналари остидан онасини олиб чиқишга уринаётган вақти «Қизим қаерда, тирикми?» дея айтаётган сўзлари туширилган видони чоп қилган.

Оғир жароҳатланган Бериванни ҳам вайроналар остидан олиб чиқишди. Аммо у тез орада оламдан кўз юмди.

Бериван дугонасининг ёзишича, ушбу ҳужум оқибатида Бериваннинг яна қатор қўшнилари ҳам ҳалок бўлишган.

АҚШда жойлашган Эрон Инсон ҳақлари фаоллари хабар агентлиги HRANA маълумотларига кўра, шу вақтгача Эронда 1 400 инсон ҳалок бўлган. Улардан 15 фоизи ёш болалар.

Энг қонли ҳужумлардан бири Миноб шаҳридаги бошланғич мактабга бўлган.

Хабарларда ҳужум учун АҚШ масъул эканлигига ишора қилинмоқда. Аммо АҚШ ҳарбийлари ҳужумда масъулиятни расман тан олишмаган ва ҳодиса юзасидан текширувлар давом этаётганлигини билдиришган.

Hengaw курд инсон ҳақлари ташкилоти ушбу ҳужумда 48 нафар ёш бола дохил 58 инсон ҳалок бўлганлигини аниқлашга қодир бўлган.

Эрон расмийлари қурбонлар ҳақида расмий маълумот беришмаган. Аммо HRANA камида 1167 нафар ҳарбий ўлдирилганлигини айтмоқда.