Ёқилғи инқирози: Марказий Осиё давлатлари қандай чора кўряпти?

Қозоғистондаги ёқилғи шоҳобчасида ишлаган йигит кўк кийимда, кўк бош кийимда ҳаворанг мотоциклга бензин қуймоқда.

Сурат манбаси, Bloomberg / Contributor/Getty Images

Сурат тагсўзи, Қозоғистондаги ёқилғи шоҳобчасида олинган сурат. Архив
    • Author, Санжар Эралиев
    • Role, bbc.com/uzbek
    • Reporting from, Бишкек
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россиядаги ёқилғи инқирози Марказий Осиёга ҳам таъсир қилмоқда. Қайси давлат қандай чора кўряпти? Ким янги таъминотчилар излаяпти, ким назоратни кучайтирмоқда, Ўзбекистонда эса захиралар қанча муддатга етади?

Россия ҳукумати мамлакатда май ойи охиридан буён давом этаётган ёқилғи инқирози фонида 8 июлдан 31 июлгача дизел ёқилғиси экспортини вақтинча тақиқлади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Александр Новак президент Владимир Путин иштирокидаги ҳукумат йиғилишида маълум қилди. Кейинроқ буни Россия ҳукумати матбуот хизмати ҳам тасдиқлади.

Россиядаги ёқилғи инқирозига Украинага қарши уруш давомида айрим нефтни қайта ишлаш заводларига қилинган дрон ҳужумлари ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Қирғизистон: янги таъминотчилар қидирилмоқда

Ёқилғининг 90–95 фоизини Россиядан импорт қиладиган Қирғизистон инқирозга кўпроқ юз тутмоқда. Расмийлар июл бошида мавжуд захиралар 30–40 кунга етишини маълум қилиб, фавқулодда муқобил таъминотчилар билан музокараларни бошлади.

Бишкек Хитой, Беларус, Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркманистон, Туркия ва Европа давлатлари билан ҳам музокаралар ўтказди. Натижада Хитойдан 3 минг тонна авиация ёқилғиси олиш бўйича биринчи шартнома тасдиқланди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Данияр Амангелдиев қўшимча 5 минг тонна дизел сотиб олиш бўйича музокаралар давом этаётганини таъкидлади. Беларус билан эса 3 минг тонна авиация ёқилғиси ва тахминан 10 минг тонна дизел етказиб бериш шартномалари имзоланди.

Ўзбекистон ҳам Қирғизистонга ёқилғи сотишга розилик берганини энергетика вазири Алтинбек Рисбеков 8 июлда журналистларга билдирди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ҳозирда Қозоғистон томонининг жавобини кутмоқда.

"Бу масала юзасидан Эрон ва Туркманистоннинг бу ердаги элчилари билан ҳам суҳбатлашдим. Бу борада барча зарур чораларни кўряпмиз", деган Рисбеков.

Қирғизстонда ёқилғи шахобчасида машиналар қатор туриб тирбандлик ҳозил бўлган тасвир.

Сурат манбаси, Pavel Mikheyev/Getty Images

Сурат тагсўзи, Иллюстратив сурат. Архив.

Ички бозорда нархларни барқарор сақлаш мақсадида ҳукумат май ойидан бошлаб ёқилғи ташувчи ва сотувчи компанияларга вақтинчалик субсидиялар ажратмоқда. Шунингдек, АИ-95 бензини давлат томонидан тартибга солинадиган товарлар рўйхатидан чиқарилди. Бу компанияларга таннарх ошган тақдирда сотув нархини кўтариш ҳуқуқини берди.

Ҳукумат ушбу қарорни "иқтисодий хавфсизликни, аҳолини ёқилғи билан узлуксиз таъминлаш ва миллий иқтисодиёт субъектларини қўллаб-қувватлаш" мақсади билан изоҳлади. АИ-92 бензини ва дизел ёқилғиси эса давлат назоратида қолмоқда.

Ҳозирда Қирғизистонда ёқилғи турига яраша 79 сомдан 94 сомгача (1 АҚШ центидан 1,7 долларгача) сотилади.

Тожикистон: давлат назорати кучайтирилмоқда

Тожикистон ҳам нефт маҳсулотлари ва суюлтирилган газнинг 70 фоиздан ортиғи Россиядан олади.

Маҳаллий нашрлар ҳукумат Эрондан импортни кўпайтириш имкониятларини кўриб чиқаётганини ёзмоқда.

Asiaplus нашри маълум қилишича, дизел танқислиги ва нархлар ошиши манзарасида Душанбе давлат назоратини кучайтириш йўлини танлаган. Ҳукумат ёқилғи ва суюлтирилган газнинг чакана нархларини қатъийроқ назорат қилиш, сунъий нарх ошириш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда доимий мониторинг тизимини жорий этишга қарор қилган.

Бундан ташқари, мамлакат биринчи марта маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводларида қайта ишлаш учун нефт импорт қилиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Бу келажакда импортга қарамликни қисман камайтириши мумкинлиги таҳмин қилинади.

Қозоғистон: эҳтиёткор позиция

Минтақадаги энг йирик нефт ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Қозоғистон ҳам қўшни давлатлардан келаётган мурожаатларни эҳтиёткорлик билан баҳоламоқда.

Остона Қирғизистоннинг бензин етказиб бериш ҳақидаги расмий мурожаатини қабул қилганини тасдиқлади. Бироқ ҳукумат ҳар қандай экспорт қарори мамлакат ички бозоридаги захиралар ва нархлар барқарорлиги ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинишини билдирди.

"Илтимосни қондириш мамлакат ичида нархлар ошишига олиб келмайди", деган 7 июл куни энергетика вазири ўринбосари Қайирхон Тутқишбаев.

Pavel Mikheyev/Getty Images
Yoqilg‘ining 90–95 foizini Rossiyadan import qiladigan Qirg‘iziston inqirozga ko‘proq yuz tutmoqda.
Batafsil BBC.COM/UZBEK da o‘qing

Унинг сўзларига кўра, мамлакатдан ёқилғини ноқонуний олиб чиқишнинг олдини олиш чоралари кучайтирилган. Чегарадош давлатлардан келадиган енгил ва юк автомобиллари Қозоғистон ҳудудига кунига фақат бир марта кириши мумкин бўлади. Бу тартиб доимий ёки вақтинчалик эканига аниқлик киритилмаган.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва чегара идоралари қўшимча ёқилғи баклари орқали бензин ва дизелни яширинча олиб чиқишга қарши назоратни кучайтирган. Тутқишбаевнинг таъкидлашича, бу чоралар ноқонуний экспорт схемаларининг олдини олишга қаратилган.

Қозоғистондаги ёқилғи қуйиш шоҳобчасида ишлаган кўк кийим кийган эркак оқ машинага бензин қуймоқда.

Сурат манбаси, Bloomberg / Contributor / Getty Images

Сурат тагсўзи, Қозоғистондаги ёқилғи қуйиш шоҳобчасида олинган сурат. Архив.

Ўзбекистон: нефт захираси 2–3 ойга етади

Энергетика соҳасидаги вазият фонида 6 июл куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нефт-газ тармоғининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Тақдимотда жорий йилнинг декабр–январ ойлари учун 120 минг тонна бензин захирасини яратиш режалаштирилгани маълум қилинди.

Йиғилишдан сўнг "Ўзбекистон 24" телеканалига интервю берган энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов мамлакатдаги нефт маҳсулотлари захираси яқин икки-уч ой учун етарли эканини билдирди.

"Ҳозир геосиёсий вазиятда бошқа давлатларда энергетика хавфсизлигига ҳам таҳдид қилинганини кўриб турибмиз. Шунинг учун нефт маҳсулотларининг фақатгина захирасини яратиш эмас, бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш объектларини ривожлантириш жуда муҳим. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 млн тоннадан ошган. Бундан ташқари, хусусий тадбиркорлар яна 600−700 минг тонна маҳсулот импорт қилмоқда. Шу ҳисобдан нефт маҳсулотларига бўлган барча эҳтиёжимиз қопланади", деди у.

Метан гази шоҳобчасида одамлар машиналарига газ тўлдиришяпти.

Сурат манбаси, Diy13/Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда автомобилларнинг катта қисми метан газида юради.

BBC мухбири Тошкентдаги ҳайдовчилар билан суҳбатлашганда, уларнинг аксарияти ёқилғи инқирозини ҳозирча сезмаганини айтган. Суҳбатдошлар буни мамлакатда автомобилларнинг катта қисми метан газида ҳаракатланиши билан изоҳлаган.

2022 йилги расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда енгил автомобилларнинг 65 фоизи метан (сиқилган табиий газ) билан ҳаракатланади. Бу ҳозирча давлат томонидан эълон қилинган энг сўнгги умуммиллий кўрсаткич ҳисобланади.