Қуддус қадамжолари кимники бўлади ёки Исроил миллатчилари нима исташмоқда?

Сурат манбаси, Reuters
"Исроилнинг бутун тупроқлари Худонинг фарзандларига ваъда қилинган... ва биз айни шу ерда бутун инсоният келиб биргаликда ибодат қиладиган янги Маъбад қурамиз".
Бу ҳисларни алангалатувчи сўзларни менга Қуддусдаги ал-Ақсо масжиди мажмуасидан тушиб келаётган ўнг қанот миллатчи яҳудий сиёсатчи Моше Фейглин айтди. Мажмуада у яна 20 чоғли бошқа диндор яҳудийлар билан ибодат қилиб, диний қўшиқлар куйлаб келаётганди.
Фейглин ўз фикрини худди на баҳсли, на эътирозли бўлган, очиқ-ойдин ҳақиқатдек гапирди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бироқ унинг айтганлари ва қилган ишлари Ер юзидаги энг муқаддас ва ҳиссий жиҳатдан энг таъсирли жойлардан бирида тинчликни сақлашга қаратилган нозик келишувга мутлақо зид эди.
Моше Фейглин ва у кабилар учун бу масала оддий. Улар сўнгги 1400 йил давомида мусулмонларнинг энг муқаддас масканларидан бири бўлиб келган ал-Ақсо ҳудудида улкан янги яҳудий маъбадини қуришни истамоқда.
Мусулмонлар Ҳарам аш-Шариф, яҳудийлар эса Маъбад тоғи деб атайдиган ушбу мажмуа Яқин Шарқнинг энг машҳур ва гўзал обидаларидан бири ҳисобланади.
Олтин қопламали Қуббат ас-Сахро 35 акрлик ҳудудда қўр тўкиб турибди, уни километрлаб масофадан ҳам кўриш мумкин. Ал-Ақсо Қуръонда тилга олинган бўлиб, мусулмонлар Муҳаммад пайғамбар айнан шу ердан кўкка кўтарилганига ишонади. Шунингдек, бу жой хоссатан мусулмонлар ибодати учун ажратилган ҳисобланади. Аммо бу ҳолат ўзгариш арафасидами?

Сурат манбаси, Maarten Lernout/BBC
Бу ҳудуд яҳудийликда ҳам энг муқаддас жой саналади. Мажмуа этагида, унинг таянч қисми бўлган Ғарбий девор ёнида яҳудийлар қарийб икки минг йил муқаддам римликлар томонидан вайрон этилган Яҳудий маъбадини ёдга олиб, ибодат қилади ва мотам тутади.
"Status Quo" деб аталадиган, ўнлаб йиллардан буён амал қилиб келаётган келишувга кўра, ал-Ақсо мажмуаси учун васийлик Иордания бошқарадиган исломий муассаса – Вақф зиммасига юкланган.
Мусулмон бўлмаганларга ал-Ақсога киришга рухсат берилган, аммо улар у ерда ибодат қилиши ёки диний маросимлар ўтказиши мумкин эмас. Исроил Бош раввинлиги ва аксарият ультраортодокс раввинлар ҳам ҳалахикка (яҳудий диний ҳуқуқи) асосланиб, бу жойда яҳудийлар ибодат қилишига қарши.
Фейглин ва унинг маслакдошлари эса эндиликда айнан шу қоидалар ва қарорларни ошкора бузиб, уларга амал қилмаяпти.
"Кўп динли марказ"
Исроил ва АҚШ расмийлари "Status Quo"дан воз кечишни режалаштираётгани ҳақидаги сўнгги хабарлар ва даъволар кенг кўламли хавотирларга сабаб бўлди.
Бир нечта манба "Middle East Eye" нашрига маълум қилишича, Исроил ҳукумати ташкил этган янги тузилма ал-Ақсо мажмуасини "кўп динли марказ" деб эълон қилиши мумкин.
Яқинда Конгрессда бўлиб ўтган тингловда ушбу хабарлар ҳақида сўралганда, АҚШ давлат котиби Марко Рубио "бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини" айтди. Бироқ АҚШнинг Исроилдаги нуфузли элчиси Майк Ҳакаби яҳудийларнинг Қуддус ва ишғол остидаги Ғарбий соҳилдаги муқаддас жойларга боғлиқлиги ҳақида кўп бор очиқ гапирган.
Бошқа хабарларга кўра, бу ҳудудда кенг кўламли яҳудий ибодатига рухсат берилади ва уни бошқариш босқичма-босқич Исроил назоратига ўтиши мумкин. Исроил 1967 йилги Яқин Шарқ урушида Шарқий Қуддусни, жумладан, Эски шаҳар ва ундаги муқаддас жойларни, Ғарбий соҳилнинг қолган қисми билан бирга Иорданиядан тортиб олган ва кейинчалик аннексия қилган. Бу аннексияни дунё давлатларининг аксарияти тан олмайди.
Исроил Бош вазири идораси эса "Status quo"да ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини бир неча бор таъкидлаган.

Сурат манбаси, Maarten Lernout/BBC
"Бундай бўлмайди", дея огоҳлантиради Исломий Вақф кенгаши раиси ўринбосари доктор Мустафо Абу Сувай.
Эски шаҳардаги кузатув нуқталаридан бирида у ал-Ақсо устидан назорат масаласи жуда нозик эканини ва бу борада Исроил тарафдорлари ўзларини анча дадил ҳис қилаётганини тан олади.
У, шунингдек, тарихий тажрибадан келиб чиқиб, "Status Quo"нинг расман ўзгариши яҳудийлар ва мусулмонлар ўртасидаги кескинлик яна портлашига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.
"Ал-Ақсо масжидини тинч қўймасдан туриб тинчликка эришиш – бу шунчаки Пандора қутисини очиш демакдир. Бу минтақадаги тинчликни хавф остида қолдиради ва ҳаммани ҳаммага қарши қўяди", дейди исломшунослик ва минтақа тарихи бўйича нуфузли фаластинлик мутахассис Абу Сувай.
Халқаро хавотирлар
Иордания, Форс кўрфази мамлакатлари ва Миср сўнгги пайтларда ал-Ақсода исломий бошқарув ваколатлари сусайиб бораётганидан хавотир ва ташвиш билдирган. Британия ҳукумати ҳам "Қуддусдаги муқаддас жойларнинг тарихий "Status Quo" тартиб-қоидалари ҳурмат қилиниши шарт", дея таъкидлаган.
Бироқ Исроилдаги баъзи ашаддий ва дангалчи миллатчилар ташаббус ўз қўлларида эканига ишонади.
"Маъбад тоғи бизники. У бизнинг қўлимизда!" дея ҳайқирди Исроилнинг ўта ўнгчи Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ўтган ойги Қуддус куни муносабати билан ўтказилган юришда тарқалган видеода. У Исроил байроқларини кўтарган миллатчилар гуруҳини Шарқий Қуддус, жумладан, Эски шаҳарнинг мусулмонлар маҳалласи орқали бошлаб ўтиб, ал-Ақсо мажмуасига олиб чиққан эди.

Сурат манбаси, Reuters
Биньямин Нетаньяҳу коалицион ҳукуматининг жуда баҳсли аъзоси бўлган Бен-Гвир ал-Ақсога мунтазам боради.
Видеода у қўшиқлар куйлайди ва "Status Quo" талабларини очиқ бузган ҳолда Исроил байроғини ёяди.
Бироқ вазир лавозимидан фойдаланиб мажмуанинг айрим қисмларида яҳудийларнинг ибодат қилиши ва диний қўшиқлар куйлашига аллақачон рухсат бергани Бен-Гвир учун бу ушбу ҳудуд устидан яҳудийлар ва Исроил назоратини кучайтиришнинг бошланиши, холос.
Бундан 25 йилдан ортиқ вақт аввал, 2000 йил сентябрида, ўнг қанот миллатчи исроиллик сиёсатчи Ариэл Шарон ўша пайтда тасаввур қилиб бўлмайдиган ишни қилганди. Ўшанда мухолифатдаги "Ликуд" партияси етакчиси юзлаб қуролланган исроиллик полициячилар ҳамроҳлигида Эски шаҳар орқали ал-Ақсо мажмуасига чиққанди.
Бу ҳаракат атай қилинган ғоят провокатив ва вазиятни кескинлаштирувчи қадам сифатида баҳоланди ҳамда иккинчи Фаластин интифадаси, ёки ал-Ақсо интифадаси деб ҳам аталган қўзғолонга туртки бўлган омиллардан бири бўлди. Кейинги беш йил ичида Исроил, босиб олинган Ғарбий соҳил ва Ғазо секторидаги зўравонликларда 4 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.
Бугун дунёдаги сиёсий жиҳатдан мақоми энг нозик ҳудудлардан бири саналган мазкур жойнинг бошқаруви ва эгалик тартибини тубдан ўзгартиришга қаратилган босимлар шу каби фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тахмин қилиш қийин эмас.
































