Ўзбекистонда яна бир мажбурий меҳнат қурбони

Зуҳра Қобилова

Сурат манбаси, none

Сурат тагсўзи, Зуҳра Қобилова
Published

Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги ўрта мактабнинг 54 ёшли ходимаси Тошкент-Ўш автомобил йўлидаги автоҳалокатда нобуд бўлган.

Айтилишича, фожеа ўтган май ойи, Ангрендаги 24-мактабда техник хизматчи сифатида ишлаган Зуҳра Қобилова шаҳар кўчаларини тозалашга қаратилган ҳашарда иштирок этаётган пайти юз берган.

Мазкур хабар БМТ раҳбари Пан Ги Мун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни пахта далаларидаги мажбурий меҳнатга чек қўйишга ундаган бир пайтда тарқалди.

Ҳашар ва ё мажбурий меҳнатнинг яна бир кўриниши

Мажбурий меҳнат ҳолларини ўрганган Ангренлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дмитрий Тихоновнинг Би-би-сига айтишича, Зуҳра Қобилованинг ўлими жума куни, у шанбалик ё-да, ҳашарда эмас, балки мактабдаги иш жойида бўлиши керак бўлган пайти рўй берган.

"Аёл 15 май жума куни мажбурий меҳнатда иштирок этаётган пайти нобуд бўлган. Бизнинг шаҳарда бюджет ташкилотлари, ишлаб чиқариш соҳаси хизматчиларининг ободонлаштириш ишларига жалб қилиниши биринчи марта кузатилаётгани йўқ... Мажбурий меҳнатга сафарбарлик бугунда мунтазамлик касб этган. Одамлар иш вақтида ўз хизмат жойларидан олиниб, "шанбалик" ёки "ҳашар" деб аталадиган тадбирларга сафарбар қилинади... Ҳашар дегани ўзи нима? Бу ахир кўнгилли одамлар иштирок этиши лозим бўлган тадбир бўлиши керак", дейди Дмитрий Тихонов.

Фаолнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати бир қўли билан БМТнинг мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенциясини имзолайди, бошқаси билан мажбурий меҳнатдан фойдаланишни маъқуллайди.

Сурат манбаси, bbc

Дмитрий Тихонов Аппартак шаҳарчасида яшаган марҳуманинг яқинлари, ҳамкасблари билан учрашиб, ҳодиса тафсилотларини ўрганганини айтади. Унга кўра, Зуҳра Қобилова ишлаган мактаб ходимлари маҳаллий ҳокимият буйруғи асосида фожеа юз берган автойўлга олиб борилган.

"Мен қатор ҳужжатларни қўлга киритишга муваффақ бўлдим. Улар орасида мактаб директорининг тушунтириш хати ҳам бор. Унда Зуҳра Қобилова ўзи ҳаётдан кўз юмган йўлга Ангрен ҳокимияти фармойиши асосида жўнатилгани айтилган. Бу жуда қимматли ҳужжат. Бундай ҳужжатлар мажбурий меҳнат ҳукумат органлари ташаббуси билан ташкил қилинишини тасдиқлайди", дейди фаол.

Шунингдек, Дмитрий Тихонов мазкур ҳодиса бўйича расмий идоралар муносабатини ўрганиш мушкул қолаётганини айтади.

"Бу борада шаҳар ҳокими гапириши керак. Унинг қабулига кириш эса, мутлақ имконсиз. Нафақат мен учун, балки бошқа фуқаролар учун ҳам қийин. Ва ҳокимият бундай вазиятлар бўйича умуман изоҳ бермайди", дейди у.

Дмитрий Тихоновга кўра, Ўзбекистонда иш жойларида юз берадиган кўнгилсиз ҳодисалар кўпда ўрганилмайди ва ё жабрдийданинг яқинлари тавон пули ундириши ҳоллари жуда кам кузатилади.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоли Зуҳра Қобилованинг оиласи ўта ночор аҳволда яшаши, турмуш ўртоғи ногирон экани ва ўз ҳақлари, бундай фожеали ҳолатлар юзасидан қонунда нима дейилганидан бехабар эканига эътибор қаратади.

Зуҳра Қобилова ногирон турмуш ўртоғи ва қайнонаси (суратдаги) билан бирга яшаган

Сурат манбаси, bbc

Сурат тагсўзи, Зуҳра Қобилова ногирон турмуш ўртоғи ва қайнонаси (суратдаги) билан бирга яшаган

'Мажбурий меҳнатга чек қўйинг'

Ўзбекистонда давлат ишчиларининг ўз вазифалари қолиб қишлоқ хўжалик ва ободонлаштириш ишларига жалб қилиниши одатий ҳолга айланган. Мазкур ҳолат эса, Ғарб давлатлари ва кўплаб халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари томонидан танқид қилиб келинади.

Куни кеча Тошкентга борган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун ҳам Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий меҳнатга чек қўйишга ва маҳбусларга нисбатан муносабатни яхшилашга чақирган.

Мун жаноблари бу ҳақда мамлакат раҳбари Ислом Каримов билан учрашув ортидан гапирган.

"Президент Каримов қонун устиворлиги муҳимлигини таъкидлади. Аммо, китобдаги қонунлар одамлар ҳаётида ҳақиқатга айланиши керак", деб айтган БМТ Бош котиби.

"Ўзбекистон пахта секторида болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатиш йўлида муҳим илгарилашларга эришди. Энди ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқаларни пахта йиғим-теримига мажбурий сафарбарлиги ҳамда маҳбусларга нисбатан носоғлом муносабатга чек қўйиш кўпроқ иш қилиниши лозим", дея қўшимча қилган Пан Ги Мун.

Фаол Дмитрий Тихоновнинг айтишича, мажбурий меҳнатга чек қўйиш ҳақидаги халқаро Конвенция имзолангани билан Ўзбекистонда бу ишлар яширин кўринишда давом эттирилади.

Пан Ги Мун ҳам Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий меҳнатга чек қўйишга чақирди

Сурат манбаси, none

Сурат тагсўзи, Пан Ги Мун ҳам Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий меҳнатга чек қўйишга чақирди

"Ўзбекистонда бундай ишлар нафақат яширилади, балки бошқача номларни қўллаш билан ташкил қилинади. Бу жуда айёрлик билан, шунингдек, пухта ўйлаб ташкил қилинадиган ўйин. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон ўз ҳисоботларида "биз конвенцияни ратификация қилганмиз, миллий режа йўлга қўйилган" қабилидаги асосларни келтиради. Аслида эса, бу борада ҳеч қандай ўзгариш қилинаётгани йўқ", дейди у.

Суҳбатдошнинг айтишича, мажбурий меҳнат ҳақида гапирилар экан, бу Ўзбекистондан ташқарида ишлаётган меҳнат муҳожирлари фаолияти билан тушунтирилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio