"Бир яҳудий ҳаёти миллион фаластинлик ҳаётига тенг"
Буюк Британия ҳукуматининг Яқин Шарқ бўйича вазири Исроил келгиндилари томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларга қарши уюштирилган ҳужумларни «даҳшатли» деб атади.
У Исроил ҳукуматини у йердаги фаластинликларни ҳимоя қилишга ҳамда келгиндилар зўравонлигининг олдини олиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш учун амалий чоралар кўришга чақирди.
Бу июл ойи охирида исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида рўй берган ўлим билан якунланган тўқнашувдан кейин Наблус яқинидаги Фаластин қишлоқларига қарши содир этилган бир қатор ҳужумлар ортидан янгради. Бу ҳужумлар ўша тўқнашув учун қасос сифатида амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.
Ўша тўқнашувда тўрт нафар фаластинлик ва икки нафар исроиллик ҳалок бўлган, улар орасида яқин атрофдаги Ҳават Гилад келгиндилар манзилгоҳининг исроиллик қоровули ҳам бор эди.
Ғарбий Соҳилдаги исроиллик келгиндилар манзилгоҳлари ҳам Исроил қонунчилиги, ҳам халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ноқонуний ҳисобланади.
BBCнинг Яқин Шарқ бўйича мухбири Люси Уиллиамсон зўравонликлар ҳақида у ерда яшовчилардан бири билан суҳбатлашиш учун Ҳават Гилад манзилгоҳига камдан-кам ҳолларда бериладиган рухсат билан ташриф буюрди.