Эрон ва минтақадаги вазият: Сўнгги баёнотлар нима дейди?

Ушбу операцияларни қўллаб-қувватлаш учун 4 000 дан ортиқ денгиз пиёдалари

Сурат манбаси, EPA

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан Исроил ва АҚШ обектларига берилган ракета зарбалари Эроннинг ўз ичидаги можароларнинг кучайиши билан бир вақтга тўғри келди.

Ички вазият ва талафотлар

Полиция Исроил зарбаси натижасида вайрон бўлган автомобилни кўздан кечирмоқда. Ушбу машинада «Al Manar TV» мухбири Али Шуайб, «Al Mayadeen TV» мухбири Фотима Фетони ва видеожурналист Муҳаммад Фетони бўлган.

Сурат манбаси, Shutterstock

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги берган маълумотга кўра, айни пайтда Эрон уруш бошланганидан бери энг даҳшатли бомбардимонларни бошдан кечирмоқда. Биргина 28 март кунининг ўзида мамлакат бўйлаб 701 та ҳужум қайд этилган бўлиб, уларнинг 74 фоизи пойтахт Теҳрон ҳиссасига тўғри келган. Ушбу тўқнашувлар оқибатида ҳозиргача 1 551 нафар тинч аҳоли, жумладан, 236 нафар бола ҳалок бўлган.

Ғолибоф: "Бизни таслим қила олмайсиз"

Эрон Парламенти сўзчиси Муҳаммад Боғир Ғолибоф

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Эрон Парламенти сўзчиси Муҳаммад Боғир Ғолибоф

Уруш бошланганига 30 кун тўлиши муносабати билан Эрон Парламенти сўзчиси Муҳаммад Боғир Ғолибоф кескин баёнот билан чиқди. ИРНА агентлиги тарқатган ушбу хабарда Ғолибоф шундай дейди:

"Душман омма олдида музокара ҳақида гапираётган бўлса-да, пинҳона равишда қуруқликдан ҳужум қилишни режалаштирмоқда.

АҚШ 15 банддан иборат талаблар рўйхати орқали урушда эриша олмаган ниятларини амалга оширмоқчи."

Ғолибоф, шунингдек, Эрон кучлари "Америка аскарларининг қуруқликка қадам қўйишини кутаётгани ва уларни оловли ёмғир билан кутиб олиши"ни таъкидлади.

Таслим бўлиш масаласида эса араб тилида: "Эроннинг жавоби аниқ - биз асло таҳқирланишни қабул қилмаймиз", дея қўшимча қилди.

АҚШнинг қуруқлик амалиётига тайёрланиши

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио

Эрон Парламенти спикери Муҳаммад Боғир Ғолибоф Эрон кучлари Америка қуруқликдаги қўшинларини "кутаётганини" таъкидлаган бир пайтда, Вашингтондан келаётган хабарлар турличадир.

Washington Post Пентагоннинг Эронда бир неча ҳафталик қуруқликдаги операцияларга тайёргарлик кўраётганини ёзган бўлса-да, президент Доналд Трамп бу режаларни тасдиқлаши ҳали аниқ эмас.

АҚШ маъмурияти ушбу вазият бўйича қуйидаги фикрларни билдирди:

Доналд Трамп: Шу ой бошида журналистларга "Мен ҳеч қаерга қўшин жойлаштирмоқчи эмасман", деди-ю, аммо дарҳол қўшимча қилди: "Агар шундай қилганимда ҳам, буни сизга айтиб ўтирмасдим".

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио : Жума куни АҚШ ўз мақсадларига "ҳеч қандай қуруқликдаги қўшинларсиз" эриша олишини айтди. У сўнгги ҳарбий ҳаракатларни Трампга танлов имкониятини бериш деб тушунтирди: "Биз президентга ҳар қандай фавқулодда вазиятларга мослашиш учун максимал имкониятларни яратиб беришга доим тайёрмиз".

АҚШ Марказий қўмондонлиги: Шанба куни USS Tripoli ҳарбий кемаси минтақага етиб келганини маълум қилди. Ушбу кема тахминан 3 500 нафар денгизчи ва денгиз пиёдаларидан иборат бўлинмага бошчилик қилади.

28 - Март. Ҳусийлар можарога қўшилди, Исроилга ракета отди: Урушда янги фронт очиладими?
Isroil osmoni

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images

Ямандаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳусийлар гуруҳи бир ойдан бери давом этаётган уруш манзарасида илк бор Исроилга ракета отди. Янги жабҳа минтақада урушнинг кенгайиб, глобал савдо ва нефт етказиб бериш занжирларига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкиндиги айтилмоқда.

Исроил ҳарбийлари ракета мамлакат ҳудудига етмасдан тутилганини маълум қилди. Ҳусийлар эса бир кун аввал Эронга қарши ҳужумлар давом этса, можарога аралашишини огоҳлантирган эди.

Ҳусийлар — Ямандаги шиаларнинг зайдий йўналишига мансуб қуролли сиёсий-диний гуруҳ бўлиб, 2014 йилдан буён пойтахт Санони ҳам ўз ичига олган шимоли-ғарбий ҳудудларни назорат қилиб келади.

Минтақада кескинлик кучаймоқда

BBC манбаларига кўра, Эрон пойтахти Теҳронда тун давомида кучли зарбалар қайд этилган. Шу билан бирга, мамлакатда интернет чекловлари тўртинчи ҳафтага кирган.

Жанубий Ливанда бир неча аҳоли пунктлари Исроил зарбаларига учраган, Саудия Арабистони эса Ар-Риёд томон йўналган баллистик ракетани тутганини билдирган. Қувайтда эса дрон ҳужуми оқибатида халқаро аэропортга чекланган зарар етгани хабар қилинмоқда.

Иқтисодий таъсирлар ҳам сезилмоқда: АҚШнинг учта асосий фонд индекси яна пасайиб, уруш бошланганидан бери тўртинчи ҳафта кетма-кет йўқотишлар қайд этилди.

Янги фронт очилиши мумкинми?

Tehron osmoni

Сурат манбаси, Getty Images

BBCнинг Қуддусдаги Яқин Шарқ бюроси раҳбари Жо Флотонинг таъкидлашича, ҳусийлар аралашуви Арабистон ярим оролида янги жабҳа очилиши эҳтимолини оширмоқда.

Ҳусийлар ҳаракати сўнгги ҳафталарда Эронни очиқ қўллаб-қувватлаб келаётган эди. Гуруҳнинг ҳарбий вакили Яҳё Сариъ телевизион мурожаатида "тўғридан-тўғри ҳарбий аралашувга тайёр" эканини билдирган.

Исроил маълумотига кўра, ракета Ямандан учирилгани аниқланган ва жанубий шаҳар Беэр-Шева атрофида ҳаво ҳужуми сиреналари янграган.

Таҳлилчилар фикрича, энг катта хавф — Қизил денгиздаги кема қатновига таҳдиддир. Ҳусийлар аввал ҳам бу йўналишда ҳужумлар уюштирган.

2025 йилда Доналд Трамп маъмурияти (Буюк Британия билан бирга) айнан шу таҳдидларни тўхтатиш мақсадида ҳусийларга қарши ҳаво зарбалари кампаниясини бошлаган эди. Бир неча ҳафта давом этган амалиёт минглаб нишонларни йўқ қилган, бироқ охир-оқибат ўт очишни тўхтатиш келишуви билан якунланган.

"Қаршилик ўқи"даги ўрни

BBC халқаро таҳлилчиси Лайс Дусетнинг фикрича, ҳусийлар ўзларини Эрон ва унинг иттифоқчилари шакллантирган "қаршилик ўқи"нинг муҳим қисми деб билади.

Уларнинг Эрон билан алоқалари Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" даражасида чуқур эмас, аммо сўнгги йилларда Теҳрон томонидан қуроллантирилган ва тайёрланган гуруҳ сифатида ҳусийлар иттифоқчисига ёрдам беришдан бош тортмаслиги мумкин.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Шу пайтгача ҳусийлар ўзларининг энг кучли таъсир воситаси — Боб ал-Мандаб бўғози орқали халқаро савдо йўлларини издан чиқариш имкониятини тўлиқ ишга солмаган.

Бироқ бу фронтнинг очилиши нафақат минтақадаги урушни кенгайтириши, балки глобал савдо ва нефт етказиб бериш занжирларига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.